Мамлакатда электр энергиясини узатиш тизимини ислоҳ қилишнинг янги босқичи бошланмоқда. Давлат-хусусий шериклик асосида йирик генерация объектларини амалга ошириш тажрибаси тармоқ инфратузилмасини бошқаришга хусусий секторни кенгроқ жалб этиш имконини бермоқда.
Шу доирада Самарқанд электр тармоқларини “Aksa Elektrik” компаниясига операцион бошқарувга бериш бўйича келишувга эришилди. Инвестор тармоқни модернизация қилишга маблағ йўналтиради ҳамда босқичма-босқич электр энергияси йўқотишларини икки бараварга қисқартиради. Бу ҳар йили тахминан 20 миллион доллар миқдорида иқтисодий тежамкорликка эришиш имконини беради.
Шунингдек, шундай ҳамкорлик моделлари келгуси йили Жиззах ва Сирдарё вилоятлари, 2027 йилда эса Наманган ва Тошкент вилоятлари электр тармоқларига таклиф этилади.
Аҳолини альтернатив энергия манбаларига ўтишда қўллаб-қувватлаш ҳам энг муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Хитой тажрибаси асосида келгуси йили 300 та маҳаллада умумий қуввати 107 мегаватт бўлган қуёш станциялари ўрнатилади. Бу ёндашув орқали 30 минг кам таъминланган оила “яшил” энергия билан таъминланади, улар ортиқча энергияни тармоққа сотиб, барқарор қўшимча даромад манбаи яратиши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, кичик гидроэнергетика ҳам ривожланиб бормоқда. Жорий йилда 40 мегаватт қувватга эга кичик ва микро ГЭСлар барпо этилди, улар томонидан 120 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва тадбиркорлар учун янги даромад манбаи шаклланди. Келгуси йилда яна 65 мегаватт қувватга эга кичик ГЭСлар фойдаланишга топширилади, бу эса 80 минг оиланинг электр таъминотини сезиларли даражада яхшилайди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш