Яқин йилларда мамлакат иқтисодиётни чуқур янгилашнинг янги босқичига ўтади. Бу босқич тармоқларни комплекс янгилаш, инвестицияларни кенг жалб этиш ва замонавий технологияларни тезкор жорий этишни назарда тутади.
Таъкидланишича, ўзгаришларнинг асосий драйвери яқин беш йилга мўлжалланган йирик инвестиция дастури бўлади. Унга кўра, 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб этилади. Ушбу маблағлар минглаб саноат ва инфратузилма объектларини қуришга, юқори даромадли иш ўринларини яратишга ва аҳоли турмуш сифатига ижобий таъсир кўрсатишга йўналтирилади.
«Янги Ўзбекистон» массивлари ва мамлакатнинг бошқа вилоятларида 800 мингдан ортиқ энергия самарадорлиги юқори бўлган замонавий кўп қаватли уй-жойлар курилади. Бу эса қулай яшаш учун шарт-шароитларни сезиларли равишда яхшилайди ва шаҳар муҳитининг сифати ошади.
Шу билан бир вақтда мамлакатда технологик секторнинг тезкор ўсиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Ай-Ти, сунъий интеллект ва “буюмлар интернети” каби янги йўналишлардаги компанияларга жозибадор муҳит яратиш учун замонавий супер-компьютер кластери ва дата-марказлар сони кўпайтирилади.
Жумладан, Саудия Арабистонининг «Дата-вольт» компанияси томонидан 3 миллиард долларлик инвестиция асосида қуввати 500 мегаватт бўлган Марказий Осиёдаги энг йирик дата-марказлардан бири барпо этилмоқда. Ўхшаш лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатда электр энергиясига бўлган талабни камида бир ярим бараварга оширади. Шу туфайли энергетика базасини ўз вақтида кенгайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу муносабат билан яқин йилларга мўлжалланган устувор мақсадлар белгиланди.
Биринчи навбатда, 2030 йилгача ошиб бораётган эҳтиёжни қоплаш учун 17 минг мегаваттдан ортиқ қайта тикланадиган энергия қувватлари ишга туширилади. Бу «яшил» энергия улушини умумий генерацияда 54 фоизга етказиш ва мамлакат энергетика балансининг тузилмасини сифат жиҳатдан ўзгартириш имконини беради. Ҳозирнинг ўзида Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида умумий қиймати 3,3 миллиард доллар ва қуввати 3,5 минг мегаватт бўлган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ушбу станцияларни ягона миллий электр тармоғига улаш учун 6 минг километр юқори кучланишли электр узатиш линиялари барпо этилади, шундан 1 минг километр келаси йилнинг ўзида фойдаланишга топширилади. Шунингдек, қўшимча 6 минг мегаватт қўшимча қувват яратилади.
Бундан ташқари, 2035 йилга бориб ҳавога чиқадиган зарарли гаҳлар эмиссияси 50 фоизга камайтирилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш