Келишув доирасида хорижий инвестор ўз маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 2,1 миллион АҚШ долларидан ортиқароқ бўлган, сунъий интеллект жорий этилган ва бугунги кунда энг илғор таълим-техник ечимлардан бири ҳисобланган IT-лаборатория платформасини МИСИС филиали негизида яратиб берди.
Ушбу платформа ер ости конларини режалаштириш учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, муҳандисларга барча техник ва геологик омилларни инобатга олган ҳолда реал ва амалий режаларни ишлаб чиқиш имконини беради. “Micromine” технологиялари, шу жумладан махсус сунъий интеллект воситалари мураккаб ер ости шароитларини юқори аниқликда моделлаштириш ва конни режалаштиришда фундаментал ёндашувни қўллаш имконини яратади.
Яратилган имкониятлар талабаларга замонавий касбий дастурий таъминот билан амалиёт ўташга шароит яратади, кончилик соҳасида ахборот технологиялари бўйича тайёргарлик сифатини оширади, шунингдек, битирувчиларнинг меҳнат бозорида ва саноат тармоқларида рақобатбардошлигини кескин кучайтиради.
Хорижий инвестор вакиллари олий таълим муассасасининг илмий-таълим инфратузилмасини янада ривожлантириш, рақамли ечимларни кенгайтириш ва тоғ-кон саноатида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича сармоявий қўллаб-қувватлашни давом эттиришларини билдирдилар.
Маълумот учун: “Micromine” компанияси 1986 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда геология-қидирув ишларидан тортиб конларни режалаштиришгача бўлган соҳалар учун дастурий таъминот етказиб берувчи дунёдаги йирик компаниялардан биридир. Компания 90 дан ортиқ давлатда фаолият юритади, 50 дан зиёд конлар ва 3 мингдан ортиқ лойиҳаларни амалга оширган. Унинг мижозлари Европа Иттифоқи, Америка, Африка, Марказий Осиё, Австралия, Канада, Буюк Британия, АҚШ ва қатор бошқа мамлакатларни қамраб олади.
Эслатиб ўтамиз, МИСИСнинг Олмалиқ филиали 2018 йилда Ўзбекистон ва Россия президентлари ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3153-сон ва 2018 йил 11 майдаги ПҚ-3714-сон қарорлари билан тасдиқланган.
Изоҳ қолдириш