Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи: Тарафдорлар ва қаршилар нима дейди?

Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи: Тарафдорлар ва қаршилар нима дейди?

Парламент юқори палатаси тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги масаласи кўриб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган маълумотлар ва ҳисоб-китоблар Сенат қўмиталари ва махсус ишчи гуруҳи йиғишларида етакчи эксперт ва мутахассисларнинг иштирокида чуқур таҳлиллар асосида муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ҳам муҳокама қилинди.

Ялпи мажлисда ҳам ушбу масала қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

ЕОИИ доирасида ҳамкорликни йўлга қўйиш тарафдорларининг фикрига кўра, ушбу ташкилот билан ҳамкорлик ташқи савдо ҳажмининг ўсиши, мамлакатимизда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро алоқаларни ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ЕОИИга аъзо давлатларга божхона расмийлаштирувини амалга оширмасдан экспорт қилиш имконияти яратилади.

Яна бир эътиборли томони шундаки, ЕОИИ билан ҳамкорлик транспорт-коммуникация ва юклар транзити соҳасидаги манфаатларига ижобий таъсир қилади. ЕОИИга аъзо давлатларда ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимизга кенг имконият яратади.

Ўзбекистоннинг ЕОИИда “кузатувчи давлат” сифатида иштирок этиши мазкур ташкилот доирасида олиб борилаётган ишлардан хабардор бўлиши ва натижада таҳлиллар асосида тўғри хулоса қилиш имконини беради.

Қарши овоз берган сенаторлар иқтисодиётимизнинг қатор тармоқларида ишлаб чиқариш суръатларининг пасайиши, муайян даражада иш ўринларининг йўқотилиши, инвестиция фаолияти ва саноат модернизация жараёнларининг сустлашишига олиб келиши мумкинлигини билдиришди.

Шунингдек, муайян даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари нархларининг ошиши, уларнинг рақобатбардошлигига салбий таъсир қилиши ҳамда ички бозорда импорт маҳсулотлари ҳажми кўпайишини ҳам таъкидлашди. Бундан ташқари, республиканинг савдо сальдоси ва тўлов баланси ҳолати ёмонлашиши хавфи борлиги қайд этилди. Мамлакатимиз манфаатлари учун Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласи долзарброқ эканлиги ҳам айтиб ўтилди.

Қизғин ва очиқ мунозара якунида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг ЕОИИда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиш таклифини маъқуллашди.

Мазкур масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар