Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) «Ўзбекистон – нол даражали чиқиндилар сари: чиқиндиларнинг макроиқтисодий баҳоси ва саноатни декарбонлаштириш истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Тадбирда IDDRI, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) SIPA лойиҳаси, халқаро ташкилотлар, шунингдек, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати Марказ ва IDDRI ҳамкорлик дастури, ИҲТТнинг SIPA лойиҳаси доирасидаги таркибий қисми сифатида ташкил этилди. Унинг доирасида Марказ Ўзбекистон иқтисодиётининг углерод салоҳиятини комплекс таҳлил қилди, замонавий баҳолаш моделларини қўллади ва халқаро тажрибаларни ўрганди.
Глобал ва минтақавий контекст
2023 йилда дунёдаги чиқиндилар ҳажми 53 миллиард тоннага етди, бу эса 2010 йилга нисбатан 15,6% кўпдир. Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг киши бошига тўғри келадиган ўсиш суръатини 1–2 фоиз бандга пасайтиб келмоқда.
Сўнгги 20 йил ичида минтақада ўртача ҳарорат 1,5 даражага кўтарилди, Амударёда сув сатҳи 30% га, Сирдарёда эса 10% га камайди. Табиий хавфлар ва иқлимий ҳодисалар сони ўн йил ичида 140 баробарга кўпайди ва улар 10 миллиондан ортиқ аҳолига таъсир кўрсатиб, умумий ҳисобда 10 миллиард долларлик зарар келтирди.
Жаҳон банки прогнозларига кўра, мослашиш чоралари кўрилмаса, 2050 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиёти 10% га қисқариши мумкин. Бу эса аҳоли бандлиги ва даромадларига сезиларли таъсир кўрсатади.
Миллий тенденциялар ва чиқиндилар тузилмаси
Ўзбекистонда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш йўлида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Мамлакатдаги асосий чиқинди манбалари энергетика сектори (76%), қишлоқ хўжалиги (18%), саноат (5%) ва чиқиндилар (1%) ҳисобланади. Улар ичида энг катта улуш нефть ва газдан чиқадиган метан (35%), электр ва иссиқлик энергетикасига оид CO₂ (21%), саноат ва қурилиш (16%), чорвачилик (15%) ҳамда уй-жой сектори (13%) ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилгача давр учун катта мақсадларни белгилаган. Хусусан, иқтисодиётнинг углерод интенсивлигини 2010 йилга нисбатан 35% га қисқартириш, ЯИМнинг энергия сарфини икки бараварга камайтириш, энергия балансда қайта тикланадиган манбалар улушини 40% га етказиш ва 5 йил мобайнида ҳар йили 200 миллион дарахт экиш кўзда тутилган. Шунингдек, давлат корхоналарида корпоратив масъулиятни кучайтириш мақсадида ESG ва CSR ҳисоботларини тайёрлаш ва чиқиндиларни мониторинг қилиш тизимларини жорий этиш йўлга қўйилмоқда.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон углерод интенсивлигини камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришда сезиларли ютуқларга эришди. Бу эса кам углеродли ўсиш моделига ўтиш учун мустаҳкам асос яратади. Муттахассислар баҳолашича, 2030 йилга келиб мамлакатда электр энергиясига талаб 120 миллиард кВт/соатга етади. Айнан қайта тикланадиган манбаларни жадал жорий этиш орқали энергия тизимига тушадиган юкни камайтириш ва чиқиндилар ўсишини чеклаш мумкин бўлади.
Янги таҳлилий йўналишлар
Олиб борилган таҳлиллар асосида Ўзбекистоннинг энергетика, транспорт, қурилиш ва саноат ишлаб чиқариши каби соҳаларда углерод чиқиндиларини камайтириш режалари кўриб чиқилди. Тавсия сифатида бу жараённи тезлаштириши мумкин бўлган энг самарали технологиялар ва усуллар таклиф этилди.
Бундай тадқиқотлар мамлакатдаги кам сонли ишланмалардан бири ҳисобланади ва ушбу илмий-таҳлилий йўналиш Ўзбекистон учун мутлақо янги ҳисобланади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш