Наманганда «Камбағалликдан фаровонлик сари» III халқаро форуми ўтказилди. Унда 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар, жумладан, Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, БМТ тузилмалари, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Халқаро меҳнат ташкилоти раҳбарлари ҳамда бир қатор давлатлар делегациялари иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев форум очилишида иштирок этиб, нутқ сўзлади ва халқаро ҳамкорлар ҳамда нуфузли меҳмонларга самимий миннатдорлик билдирди. Тадбирнинг асосий мақсади — камбағалликни қисқартириш, барқарор иш ўринларини яратиш, инсон капиталини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалалари бўйича самарали халқаро мулоқот майдонини яратишдан иборат.
Форум доирасида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов “Ўзбекистон24” телеканалининг “Таҳлилнома” кўрсатувига интервью берди. Унинг таъкидлашича:
“Бутун дунё 2030 йилгача абсалют камбағалликни қисқартирамиз деган катта мақсад қўйган. Бу борада Барқарор ривожланиш мақсадлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг энг биринчиси – абсалют камбағалликни бутунлай бартараф этишдир. Ўзбекистон ҳам ушбу ҳаракатга қўшилган. Агар бу мақсадлар 2015 йилда тасдиқланган бўлса, мамлакатимиз 2018 йилда янги ислоҳотлар жараёнида ўз олдига БРМ бўйича мажбуриятларни белгилаб олди. Шу асосда 2030 йилгача камбағалликни икки баробарга қисқартиришни мақсад қилган эдик.”
Бу фикрлар Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан бир сафда ҳаракат қилаётганини ва миллий ислоҳотлар глобал мақсадлар билан уйғун эканини кўрсатади.
“Бироқ, 2020 йилда йирик камбағаллик дастурини бошлаганимизда, ҳатто миллий мезон ҳам мавжуд эмас эди. Шу боис Жаҳон банки билан ҳамкорликда миллий камбағаллик мезони ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2020 йилда аҳолининг 23 фоизи камбағаллик чизиғидан пастда яшарди. Бугунги кунга келиб, бу кўрсаткич 2024 йил якунида 8,9 фоизга, 2025 йилнинг ярим йиллигида эса 6,8 фоизга тушди. Демак, Ўзбекистон 2030 йилгача белгиланган мажбуриятни олдиндан бажарди. Энди эса 2030 йилгача абсалют камбағалликни бутунлай бартараф этиш бўйича янги мақсад қўйдик.”
Бу жараён мамлакатда нафақат амалий ислоҳотлар, балки самарали ҳисобот тизими йўлга қўйилганини кўрсатади. Ўзбекистон халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда камбағалликни ўлчашнинг аниқ миллий мезонларини жорий этди ва қисқа вақт ичида катта натижаларга эришди.
“Шунингдек, иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига тўхталсак, 2017 йилда ялпи ички маҳсулотимиз аҳоли жон бошига 1600 доллар бўлган бўлса, бугун 3100 долларга етди. 2026 йилда 100 миллиард доллар ЯИМга эришиш мақсад қилинган эди, аммо бу натижага аллақачон – 2024 йилда эришилди. Ҳозирги кўрсаткич 115 миллиард долларга етди.”
Бу рақамлар иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги ва ислоҳотларнинг самарадорлигини яққол намоён этади. Ўзбекистон белгиланган мақсадларни муддатидан олдин бажараётгани мамлакат тараққиётининг тез суръатларда кетишига далилдир.
Форум иштирокчилари таъкидлаганидек, 2030 йилга қадар дунё миқёсида белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда халқаро ҳамкорлик ва тизимли чоралар муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон эса ўзининг амалий ислоҳотлари ва иқтисодий ўсиш суръатлари билан ушбу мақсадларга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш