Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳудудларнинг бюджет параметрлари бўйича таҳлил ўтказди (+инфографика)

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳудудларнинг бюджет параметрлари бўйича таҳлил ўтказди (+инфографика)

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Самақанд филиали экспертлари томонидан 2022 йил учун вилоятнинг маҳаллий бюджет даромадалари ва уларнинг манбалари, харажатлари ва уларнинг йўналиш соҳалари шунингдек, ҳудудларга ажаратилган трансфертлар холатлари ўрганилди.

Самарқанд вилоятининг 2022 йил бюджети ва ундаги ўзгаришлар

2022 йил учун вилоят маҳаллий бюджети даромадлари 3 955,8 млрд. сўм, харажатлари 4 963,8 млрд. сўм прогноз қилинган ҳамда республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 1 008, млрд. сўм миқдорида тасдиқланган.

Вилоят бюджетининг даромадлар қисми қисман юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи (жами даромад нисбатан 15,9%) ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиқлари (48,1%), шунингдек, қолган якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилишдаги акциз солиғи (4,1%), юридик шахсларнинг мол-мулки (2,3%) ва ер солиқлари (3,3%), давлат божлари (11,0%), давлат ташкилотларининг фойда солиғи (1,3%), жарималар, Давлат мулки объектларини сотишдан олинган даромадлар (1,4%), жарималар (6,0%), йиғимлар (6,3%), Давлат фойдасига мусодара қилинган мол-мулкни сотишдан тушган тушумларнинг (0,2%) тегишли равишда ўтказиб бериладиган қисми ҳисобидан шаклланади.

Солиқлар ва мажбурий тўловларнинг қолган қисми ва корхоналарнинг айланмасидан олинадиган солиқ, Давлат мулки бўйича ижара тўловлари тўлиқлигича туман ва шаҳарларнинг маҳаллий бюджетларини даромадлари бўлиб қолади.

2022 йилда Самарқанд вилоятининг вилоят бюджетидан ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар (ташкилот ва муассалар) га тақсимланган маблағлар миқдори 2 809,1 млрд. сўмни ташкил қилади.

Энг кўп маблағ олувчи ташкилотлар, Соғлиқни сақлаш бошқармаси (21,5%); Халқ таълими бошқармаси (12,2%); Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялар ва энергитика бошқармаси (5,4 %); Мактабгача таълим бошқармаси (3,6%); вилоят ҳокимлигини сақлаш харажатлари (4,7%); Маданият бошқармасига (2,1%); Туризмни ривожлантириш бошқармаси (1,2%) ва бошқалар.

2022 йилда ўзгаришлардан бири харажатларни амалга оширишда Республикадан молиялаштириладиган айрим турдаги харажатлар, яъни умумтаълим муассасаларини, мактабгача таълим ташкилотларини, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга оид тадбирлар доирасида объектлардаги таъмирлаш-тиклаш ишларига доир харажатларни; кўп квартирали уй-жой фондига туташ ҳудудларни таъмирлаш харажатлари ва иссиқлик таъминоти ташкилотларининг иссиқлик тармоқлари ва қозонхона ускуналарини капитал таъмирлаш харажатлари; Аҳолининг кам таъминланган ва муҳтож қатламларига кўрсатиладиган бепул адвокатлик хизматлари харажатларини молиялаштириш маҳаллий бюджетларга ўтказилди. Шунингдек, республиканинг барча туман ва шаҳарларининг тегишли бюджетлари умумий харажатларнинг 5 фоизини ҳамда туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Юридик ва жисмоний шахслардан тўланадиган солиқлар ва мажбурий тўловлар, яъни: корхоналар айланмасидан солиқ ва давлат мулки бўйича ижара тўловлари тўлиқ (100%) туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларига қолади, юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари (Самарқанд ш., Жомбой т., Самарқанд т. – 10%дан), якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилишдаги акциз солиғи (Самарқанд ш. ва Самарқанд т. - 10%дан Тайлоқ т. – 20%), йиғимлар (Самарқанд ш., Оқдарё т. ва Самарқанд т. - 10%дан Каттақўрғон т. – 50%) ва бошқа солиқлар ажратмалар сифатида тақсимланган ҳолда вилоят ва туманлар маҳаллий бюджетларини даромадаларини шакллантиради.

2022 йилда юқори бюджетдан туман (шаҳар) бюджетларига 1 171 млрд. сўм трансферт ажратилиши режалаштирилган. Энг кўп трансферт оладиган туманлар Ургут (137,4 млрд. сўм), Пайариқ (133,6 млрд. сўм) ва Пастдарғом (89,5 млрд. сўм) туманлари ҳисобланади.

Наманган вилоятининг 2022 йил бюджети ва ундаги ўзгаришлар

Марказнинг Наманган филиали эксперти Шоира Нуриддинова вилоятнинг бюджетидан соҳаларга кўра ажратилган маблағлар миқдори, энг юқори харажатга эга ҳудудлар ва энг кам бюджет трансфери ажратилган ҳудудлар бўйича маълумотни тақдим этди.

2022 йил учун прогноз қилинган вилоят маҳаллий бюджети даромадлари 3 268,9 млрд. сўм ва харажатлари 4 607,9 млрд. сўмни ташкил этади. Республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдори 1 704,7 млрд. сўмниташкил этади.

2022 йил учун прогноз кўрсаткичларига кўра, Наманган шаҳри (1 239 млрд. сўм), Тўрақўрғон (336 млрд. сўм), Поп (283 млрд. сўм), Уйчи (209 млрд. сўм), Чуст (195 млрд. сўм) туманлари даромади энг юқори бўлган ҳудудлар ҳисобланади.

Вилоят бюджетининг даромад қисми юридик шахслардан олинадиган даромад солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (қисман), давлат божлари, жарималар, йиғимлар, мобил алоқа хизмати, алкогол ва тамаки маҳсулотлари акциз солиғидан тегишли равишда ўтказиб бериладиган даромадлар ҳисобидан шаклланади.

Жорий йил учун маҳаллий бюджет шаҳар ва туманлар кесимида таҳлил қилинганда, Наманган шаҳри (517 млрд. сўм), Чуст (259 млрд. сўм), Тўрақўрғон (236 млрд. сўм) ва Поп (233,9 млрд. сўм) туманлари энг юқори харажатларга эга ҳудудлар ҳисобланади.

2022 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга харажатлар маҳаллий бюджетнинг асосий (65,3%) қисмини ташкил этади. Мазкур харажатлар соғлиқни сақлаш (32,5%), ижтимоий ҳимоя (17,3%), маориф (12,7%) ҳамда маданият ва спорт (2,6%) соҳаларига ажратилиши назарда тутилган.

Шунингдек, маҳаллий бюджетнинг харажатлари қуйидаги соҳаларга ажратилган:

  • иқтисодиётга харажатлар (15,9%)
  • марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштиришга харажатлар (7,8%)
  • давлат бошқарув органларини сақлаш (5,0%)
  • фуқаролар ташаббуси жамғармаси (2,9%)
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш (1,7%).

Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг жами 1 499 млрд. сўмлик қисми соғлиқни сақлаш ва тиббий-ижтимоий хизматлар учун ажратилган бўлса, кўп болали ва кам таъминланган оилаларга нафақалар ва компенсациялар учун 797 млрд. сўм маблағ ажратилган. Маориф соҳасида асосий харажатлар умумий таълимга ажратилган, шунингдек, мактабгача таълим соҳасига 583 млрд. сўм ва кадрлар тайёрлаш учун 2,5 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Иқтисодиётга харажатлар таркибида cув хўжалиги вазирлиги (64%), ободонлаштириш (22,8%) ташкилотлари энг кўп улушга эга эканлиги қайд этилган. Маҳаллий бюджетларда ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида тахминан 21 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Маҳаллий бюджетдан опен (open) бюджет учун ажратилган маблағ миқдори 132 млрд. сўмни ташкил этади.

2022 йилда юқори бюджетдан ажратиладиган трансфертларнинг 82,8 млрд. сўми (жами трансфертларнинг 4,9%и) вилоят бюджетига, қолган қисми туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетига ажратилган.

Вилоятнинг Наманган шаҳри (жами ажратилган транфертларнинг 9,3%), Чуст (9,2%), Тўрақўрғон (9,2%), Косонсой (8,4%) ва Янгиқўрғон (8,3%) туманлари энг кўп бюджет трансфери ажратилган ҳудудлар ҳисобланади. Норин (7,5%), Поп (7,4%), Наманган (6,6%) ва Мингбулоқ (5,6%) туманларига эса бюджет трансферининг нисбатан кам қисми ажратилиши белгиланган.

Таҳлил тўлдирилмоқда. Бошқа вилоятларнинг маҳаллий бюджети бўйича шу ерда бериб борамиз.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар