Ойлик нархлар шарҳи: картошка нархи 18 фоизга камайди

Ойлик нархлар шарҳи: картошка нархи 18 фоизга камайди

Картошка эътибор марказида

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, республикада бир килограмм картошканинг ойлик ўртача нархи 18,3% га камайиб 3 337 сўмни ташкил этган. Ўртача нархлар диапазони Сурхондарё вилоятида бир килограмм учун 1 600 сўмдан Тошкент шаҳрида 5000 сўмгача бўлган оралиқни ташкил қилган.

Картошка нархларининг пасайиши ички бозордаги вазиятнинг барқарорлашувидан далолат беради.

12 та вилоятда картошка нархларининг пасайиши кузатилган бўлиб, энг юқориси Хоразм (25,8% га), Фарғона (25,6% га), Сурхондарё (24,6% га) ва Наманган (23,8% га) вилоятларида қайд этилган.

Туманлар кесимида картошканинг 1 килограмми учун нархи энг катта пасайиш 5 та туманда, яъни Янгийўл (5 000 сўм/кг), Мирзо-Улуғбек (4 913 сўм/кг), Чилонзор (4 848 сўм/кг), Юнусобод (4 720 сўм/кг) ва Қибрай (4 586 сўм/кг) туманларида кузатилган.

Қуйида кўриб чиқилаётган давр учун мол гўшти, сут, тухум, ўсимлик ёғи, гуруч, буғдой уни, шакар нархларнинг ўзгариши келтирилган.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида республикада ўртача нархларнинг ўсиши мол гўшти (+1,0% ёки 61 867 сўм/кг), сут (+1,2%, 6 160 сўм/литр), ва шакар (+1,0%, 8 492 сўм/кг) нархларида акс эттирилган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори нарх ўсиши:

- мол гўшти Хоразм (+5,0%), Қашқадарё (+1,7%) вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (+1,7%) ва Тошкент шаҳрида (+1,8%);

- сут Андижон (+5,4%), Самарқанд (+3,3%) вилоятларида;

- шакар Сурхондарё (+4,1%), Бухоро (+3,2%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (+2,4%);

Республикада ой давомида ўртача нархларнинг пасайиши тухум (-7,8% ёки 9 834 сўм/10 донаси), картошка (-18,3% ёки 3 337 сўм/кг), гуруч (-0,3% ёки 10 123 сўм/кг), ўсимлик ёғи (-0,9% ёки 18 804 сўм/литр) ва буғдой уни (-0,1% ёки 4 873 сўм/кг) каби маҳсулотлар нархида қайд этилган .

Ҳудудлар кесимида нархларнинг энг катта пасайиши қуйидагилар учун кузатилган:

- мол гўшти Навоий (-3,0%) вилоятида;

- сут Сирдарё (-3,2%) ва Хоразм (-2,1%) вилоятларида;

- тухум Сурхондарё (-17,3%), Жиззах (-11,5%), Наманган (-10,7%) вилоятларида;

- картошка Хоразм (-25,8%), Фарғона (-25,6%), Сурхондарё (-24,6%), Наманган (-23,8%) вилоятларида;

- гуруч Андижон (-2,6%), Самарқанд (-1,3%), Қашқадарё (-0,8%) вилоятларида;

- буғдой уни Наманган (-4,8%), Навоий (-1,6%) вилоятларида;

- шакар Хоразм (-2,1%), Сирдарё (-1,5%) вилоятларида;

Ўзбекистонда кўриб чиқилган давр мобайнида асосий истеъмол товарлари учун нарх муҳити нисбатан паст даражада ўзгарувчанлиги билан фарқланади. Аввалги ойга нисбатан тухум, картошка, гуруч, ўсимлик ёғи ва буғдой унининг нархи пасайиб, мол гўшти, сут ва шакар учун нархларининг ўсиш динамикаси сезиларли даражада секинлашган.

Малика Жуманиезова, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар