Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Ёрқин ҳаёт” МФЙ)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Ёрқин ҳаёт” МФЙ)

– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, 2022 йил 1 январдан ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилган. Мен ушбу лавозимга олий маълумотли иқтисодчи сифатида, аввало, ўз ишимни пухта ўрганиш ва маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга ёрдамлашиш учун келганман. Бундан аввал таълим соҳасида – мактабда ўқитувчи, сўнгра директор ўринбосари бўлиб ишлаганман, шунингдек, суғурта фаолияти билан ҳам шуғулланганман. Суғурта соҳасида ишлаш менга молия ва таҳлил қилиш қобилиятларини ривожлантиришга ёрдам берган бўлса, ўқитувчилик касби одамлар билан ишлашда, сабр-тоқатли бўлишда ва назарий билимларимни амалиётга татбиқ этишда қўл келди. Ўқитувчилик ва суғурта фаолиятидаги тажриба ҳоким ёрдамчиси лавозимида менга стратегик иқтисодий фикрлаш, ишларни тизимли бошқариш ҳамда одамлар билан фаол мулоқот қилиш каби кўникмаларни ўзлаштиришимга ёрдам бермоқда.

– Маҳаллангизнинг жойлашуви, у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари (йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари), аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз?

Янгиҳаёт тумани 2021 йилда Тошкент шаҳар ҳудудида янги туман сифатида ташкил топган. Шундан бери маҳаллий инфратузилма ва иқтисодиётни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш бўйича бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Ўзим ҳам 2021 йилда шу туманнинг Хушнуд маҳалласига кўчиб келганман ва ўзимга ёндош бўлган маҳаллага ишга кирганман. Мен ишлаб турган маҳалла — Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги “Ёрқин ҳаёт” маҳалласидир.

“Ёрқин ҳаёт” маҳалласи, асосан, кўп қаватли уйлардан ташкил топган бўлиб, унда 5876 нафар аҳоли, 2050 та хонадон, 2522 та оила истиқомат қилади. Маҳалламиз транспорт ва савдо нуқталарига яқин жойда жойлашган. Маҳаллада 1 та 285-сонли умумий ўрта таълим мактаби ва 566-сонли мактабгача таълим муассасаси мавжуд, улар таълим ва тарбия соҳасида аҳолини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади. Маҳаллада саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари саноқли, аммо маҳалланинг асосий драйвери ҳисобланган 100 дан ортиқ кичик бизнес ва тадбиркорлик субъекти аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Аҳолини иш билан таъминлашда асосан хизмат кўрсатиш соҳаси ва кичик бизнес субъектлари муҳим роль ўйнамоқда.

Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 2022-2023 йилларда “Ташаббусли бюджет” дастурига лойиҳа киритганман. Аҳоли билан фаол ҳаракат қилиб, кўча чироқларини таъмирлаш учун 100 млн ва кузатув камералари ўрнатиш учун 170 млн сўмлик лойиҳалар ютиб олинган. 2023 йилда маҳалламиздаги Йўлдош-16 мавзеси кўчаларига асфальт йўллар ётқизилди, бироқ Йўлдош-17 мавзесининг баъзи кўчалари ҳали ҳам таъмирталаб. Шу сабабли 2025 йил февраль ойида “Ташаббусли бюджет”га асфальтлаштириш ишларини ҳам лойиҳа сифатида киритишга аҳоли билан келишиб олдик.

– Ўтказилган сўровлар давомида аниқланган маълумотларга кўра, маҳаллангиз ривожининг асосий драйвери ва устувор вазифалари нималардан иборат эди?

Ёрқин ҳаёт” маҳалласи ривожининг асосий драйверлари хизмат кўрсатиш ҳисобланади. Сўровлар натижасида, аҳоли ўртасида кўпчиликнинг иқтисодий фаолиятни амалга оширишга қизиқиши ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга эҳтиёжи борлиги аниқланди. Маҳалла ривожидаги устувор вазифалардан бири — янги иш ўринларини яратиш ва тадбиркорликни рағбатлантириш бўлиб, бу аҳолининг даромадини оширишга ёрдам беради.

– 2024 йилдаги фаолиятингиз натижалари, унинг йўналишлари – ишсизларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, тадбиркорликни, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича қандай ютуқларга эришилгани ҳақида батафсил гапириб берсангиз. Ўтган йил маҳалла ва ўзингиз учун қилган қайси ишни энг муҳими деб биласиз?

2024 йилда “Ёрқин ҳаёт” маҳалласини ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим қадамлар ташланган. Ишсизликни камайтириш ва аҳолини иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилган дастурлар натижасида маҳаллада янги иш ўринлари яратилди. Маҳаллани ободонлаштириш ишлари кучайтирилди, хусусан, маҳалла ҳудудига раис бошчилигида 300 туп мевали ва манзарали кўчат экилди. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, йил давомида 180 нафар аҳолига ҳомийлар кўмаги остида озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдамлар ажратилди.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун кичик ва ўрта бизнесни рағбатлантиришга йўналтирилган дастурлар амалга оширилди. 2024 йилдаги энг катта ютуқлардан бири – оилавий кредитлар дастури доирасида имтиёзли кредит олиб ўзини ўзи банд этган бир қатор фуқароларимиз фаолиятларини кенгайтириб, ЯТТ ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакилларига айланишгани бўлди. Ҳозирда маҳалладаги 5 нафардан 20 нафаргача ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлашган. Имтиёзли кредитларни ўз вақтида тўлаб самарали ишлаётган тадбиркорларимизнинг 5 нафарига фаолиятларини янада кенгайтириш учун Бизнесни ривожлантириш банки орқали гаровсиз 100 млнлик кредитлар ажратишга эришилди.

Шунингдек, аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, маҳалламиз ҳудудида 2 та соғломлаштириш клиникаси ва битта ўқув маркази очилди.

– Жорий йилда маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланди? Бу йўналишда яна қандай режаларингиз бор? Ҳозиргача нимага эришилди ва келгусида нималар қилиш керак?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 17 январдаги ПҚ-12 Қарорига асосан, 2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича янги ёндашувлар асосида дастур яратилиб, иш олиб борилади.

Жумладан, маҳаллаларда камбағалликни камайтириш ва фаровонликка эришиш учун қуйидаги бир қатор муҳим вазифалар белгиланган:

  1. Ишсизликни камайтириш;
  2. Тадбиркорликни ривожлантириш;
  3. Маҳаллада ижтимоий дастурларни кучайтириш;
  4. Таълим ва касбга ўқитиш;
  5. Инфратузилмани ривожлантириш;
  6. Меҳнат миграцияси ва хорижда ишлаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, 2025 йилда хатлов асосида маҳалламизда 47 нафар ишсиз фуқаро мавжудлиги аниқланиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий портфели яратилди ва маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда базага киритилди. Айни пайтда улардан малакаси йўқларини таълим ва касбга ўқитиш, норасмийларини ўзини ўзи банд этиш ва расмий даромадли ишларга жойлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Меҳнат миграциясидан қайтган 5 нафар фуқаронинг 1 нафари маҳалла ҳудудидаги 566-боғчага тарбиячиликка, 1 нафари vacant.argos.uz сайти орқали расмий ишга жойлаштирилди, 3 нафарининг норасмий даромад олаётганлиги аниқланиб, фаолият олиб бораётган туридан келиб чиққан ҳолда ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтказилди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш камбағалликни камайтириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун катта аҳамиятга эга. Бунда маҳалланинг барча аъзолари ва давлат органлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим роль ўйнамоқда.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима ишлар қилиш керак?

Маҳалламизда ҳозирда камбағаллик реестрида турувчи 66 та оила мавжуд. Ижтимоий ходим ва ҳоким ёрдамчиси сўровномаси орқали аниқланган камбағал оилалар ва фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш йўллари белгиланиб, хизматлар бириктирилди. Булар – оилавий ёрдам, субсидиялар, тиббий хизматлар, таълим ва бошқа ижтимоий хизматларни ўз ичига олади. Маълум бир вақт оралиғида берилган молиявий кўмаклар ортидан даромади ошган оилалар еттилик далолатномалари орқали камбағаллик реестридан чиқарилади.

Маҳалладаги камбағалликнинг асосий сабабларидан бири – ишсизлик ва ижтимоий ёрдамнинг етишмаслиги. Аҳолининг айрим қисмининг малакасизлиги ва зарур касбларга эга бўлмаслиги ҳам камбағалликка олиб келади. Шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришда халқаро тажрибалардан фойдаланиш ва янги иш ўринлари яратиш иқтисодий фаолиятни оширишга катта ёрдам беради.

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, бу борада бизга илғор хорижий тажриба ҳам қўл келиши мумкин. Давлат хизматчиси сифатида 2023 йилда Хитой Халқ Республикасида бўлиб, “Seminar on Government Effectiveness and Efficiency for Developing Countries” (“Ривожланаётган мамлакатларда давлат бошқаруви самарадорлиги”) мавзусидаги семинарда иштирок этдим. Бу менга Хитой тажрибаси асосида камбағалликни қисқартириш дастурларини амалга оширишда ёрдам беради. Чунки Хитойнинг иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни камайтириш борасидаги тажрибаси жаҳонга танилган. Хитой бу масалаларда муҳим натижаларга эришган ва уларнинг тажрибаси бошқа давлатлар учун қимматли ўрнак бўла олади. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан “Хитой 32 модели” китобининг электрон нусхалари барча маҳаллаларга тарқатилган бўлиб, мазкур китобда камбағалликка қарши кураш доирасида Хитойда ҳукумат марказий ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан амалга оширилаётган механизмлар ва воситалар тақдим этилган. Китоб Хитойда камбағалликни бартараф этиш бўйича қўлланиладиган 32 та моделни ўз ичига олган ва ҳар бир ҳоким ёрдамчиси ўз маҳаллий драйверидан келиб чиққан ҳолда ўзига мос йўналишни танлаб, маҳалласига татбиқ этиши ва камбағалликни қисқартиришда Хитой тажрибаларини қўллаши фойдали бўлади деб ўйлайман.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди? Қандай қўллаб-қувватлаш чоралари ва инновацион усуллар қўлланилди? Муваффақиятли тадбиркорлик ташаббусларига мисоллар келтирсангиз.

– “Ёрқин ҳаёт” маҳалласидаги фаолиятим натижасида жуда муҳим ютуқларга эришилди. Масалан, вақтинча ишсиз бўлган 451 нафар ишсиз фуқарони доимий ишга жойлаштиришга муваффақ бўлдик. Шунингдек, ҳуқуқий тушунтиришлар орқали 330 нафар фуқаронинг ўзини ўзи бандлигини таъминлашга ёрдам берилди. Мутахассисликка эга бўлмаган 74 нафар фуқарони касб-ҳунарга йўналтириб, уларни ўз мутахассислиги бўйича махсус сертификатга эга бўлишларига эришилди.

Маҳаллада оилавий тадбиркорликни бошламоқчи бўлган 43 нафар фуқарога имтиёзли кредитлар ажратиш учун тавсияномалар берилди, уларга жами 916,0 млн сўмлик кредит маблағлари тақдим этилди. Бундан ташқари, ёшлар ва аёллар дафтарида рўйхатда турган фуқароларга субсидия маблағлари ҳисобидан асбоб-ускуналар ажратилди. Шунингдек, маҳаллада 13 нафар ҳунарманд шаклланиб, улар “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиш учун субсидиялар олди. Бу каби тадбирлар маҳаллада ишсизликни камайтириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга катта таъсир кўрсатди.

– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни Ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар бўйича маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Хорижга ишлашга кетган 65 нафар фуқаро билан ижтимоий тармоқлар орқали боғланиб, уларнинг хориждаги иш ўринлари, даромад топиш манбалари ва ватанга қайтиб ишлаш истаги бор-йўқлиги ўрганилмоқда. Хорижда даромад топишга қийналаётганларга бу ерда биз олиб бораётган дастурлар ва субсидиялар, бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар беряпмиз. Ватанга қайтган фуқароларга иш бошлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қўллаб-қувватлаш хизматлари ва тренинглар ташкил этилган. Жорий йилдан Маҳаллага бириктирилган маҳалла банкирлари томонидан уларга кредитлар тақдим этилиб, бизнес фаолиятига йўналиш берилмоқда.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?

– Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини такомиллаштириш учун бир неча таклифим бор. Биринчидан, рақамлаштириш ва автоматизация жараёнларини еттилик орқали ишлашнинг самарадорлигини ошириш учун ягона платформадан фойдаланиш муҳим. Масалан, еттилик аъзоларининг ҳар бирига алоҳида платформа ажратилгани боис фуқароларнинг маълумотлари тўлиқ акс этмаётганлиги аҳолининг мурожаатларини тез ва самарали ҳал қилишда бирмунча ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

Иккинчидан, миллий захирага киритилган ҳоким ёрдамчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги томонидан махсус тайёргарлик ва ўқитиш дастурлари йўлга қўйилади. Ўз шахсий ривожланиш режалари устида ишлаб, мунтазам касбий компетенцияларини ошириб борадилар. Улар раҳбарлик ва бошқарув соҳасидаги замонавий билимлар ва кўникмаларга эга. Шу сабаб захирага киритилган ҳоким ёрдамчиларига юқори лавозимларга тайинловда ҳам захирада турмайдиган давлат хизматчиларига нисбатан устуворликни бериш керак. Бу, ўз навбатида, иш фаолиятнинг янада самарали бўлишига ёрдам беради.

– Ҳам ҳоким ёрдамчиси вазифасини бажариш, ҳам аёл киши бўлиб уй ишларини эплаш осон эмас! Бирданига икки масъулиятли вазифа қийинчилик туғдирмаяптими?

Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритиш шарафли бўлиш билан бир қаторда жуда масъулиятли ва оғир вазифа. Бу вазифа нафақат ваколатлар доирасида иш олиб бориш, балки одамлар билан ишлашда уларнинг дардини тинглаш, муаммоларига ечим топиш, кайфиятини кўтариш, маҳалла осойишталигини таъминлашни талаб қилади.

Оила бекаси сифатида уй ишлари ва оилавий масъулиятларимни ҳам эътиборга оламан. Бунда оилавий ёки шахсий ишларнинг барчасини мувофиқлаштириш учун аниқ ва самарали вақт бошқаруви муҳим. Оилавий қўллаб-қувватлаш – бу менинг уй ишларини бажаришимга ёрдам берадиган асосий омиллардан бири. Оилада ҳар бир кишининг ўз роли бор, шунинг учун оила аъзоларим билан ҳамжиҳатликда, вазифаларни ўзаро тақсимлаш уй ишларини осонлаштиради. Масалан, оила аъзоларим овқат тайёрлаш, хонадонни тозалаш ва болаларга қарашда менга ёрдам беришади.

Қанча қийинчилик бўлмасин, оилам ва ишдаги ҳамкасбларим билан биргаликда барча вазифаларни муваффақиятли бажаришни мақсад қилганман. Иш ва оила ҳаётининг орасида тўғри балансни топиш – менинг асосий мақсадларимдан биридир.

– Маҳаллангиз аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қанчалик ўзгарди? Яқин келажакда ўз олдингизга қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз?

Маҳалла аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати ўзгарди, чунки улар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасини ўз ҳаётида сезишмоқда. Таълим, иш билан таъминлаш ва инфратузилмани яхшилаш каби соҳалардаги ислоҳотлар аҳоли учун қулайликлар яратмоқда.

Мақсадим – маҳалламиз аҳолисининг ҳаётини яхшилаш, уларга янги имкониятлар яратиш ва йил охирида маҳалламни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш!

Жамолиддин Турдимов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

"Иқтисодий шарҳ" журнали №1/2025

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар