Ўзбекистон учун ягона биллинг

Ўзбекистон учун ягона биллинг

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Ҳасанжон Мажидов ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассиси Илҳом Хўжақулов Ўзбекистонда коммунал хизматларнинг ягона биллинг тизимини яратиш йўлидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича жаҳон тажрибасини тақдим этди.

Мақолани тўлиқ кўринишда «Экономическое обозрение» журналининг 4 сонида ўқинг.

Бугунги кунга қадар, коммунал хизматлар истеъмолчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 июлдаги 726-сон қарори билан бир қатор вазирлик ва идораларга 2018 йил 1 августга қадар ягона биллинг тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, шунингдек, унга электр таъминоти ва газ таъминоти ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини 2019 йил 1 январгача; ичимлик суви таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти базаларини эса - 2021 йил 1 январгача улаш топширилган.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 январдаги 5-сон қарори билан Тошкент шаҳрида коммунал хизматларнинг алоҳида ягона биллинг тизимини 2019 йил 1 апрелга қадар ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб қўйилган.

Aммо, мамлакатимизда коммунал хизматларнинг ягона биллинг тизими ҳали ҳануз яратилмай келинмоқда.Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда истеъмолчи ва коммунал хизматлар орасидаги муносабатларнинг ўта мураккаб тизими амалда бўлиб, унга кўра истеъмолчиҳар бир коммунал корхона билан алоҳида ҳисоб-китоб олиб боришига ва мос равишда алоҳида тўлов амалга оширишига тўғри келади.

Aйнан шунинг учун коммунал хизматларнинг ягона биллинг тизимини яратиш жараёнини ўрганиш ва бунга тўсқинлик қилаётган аниқ муаммоларни бартараф этиш ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Акселератори (Акселератор) ишининг энг долзарб йўналишларидан бирига айланди. Шу боис, акселераторнинг 100 кунлик иш даври мобайнида коммунал тўловлар учун ҳисоб-китобларнинг ягона биллинг тизимини яратиш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.

Биллинг тизими - бу электр энергияси, умуман олганда коммунал хизматларнинг ҳисобини юритиш, маълумотларни қайта ишлаш ва истеъмолчиларнинг коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари ва ҳисоб-китоб марказлари билан ўзаро ҳисоб-китобларини таъминлаш тизим ҳисобланади.

Ўзбекистонда биллинг тимини жорий этишни жадаллаштириш

Жаҳон тажрибаси коммунал корхоналар фаолиятини оптимизация қилиш ҳамда истеъмолчиларнинг хизматлар сифатидан қониқишини ошириш мақсадида “истеъмолчи – коммунал хизматлар бўйича ягона тизим” тамойилига ўтиш лозим эканлигини кўрсатади. Хизматларнинг ягона биллинг тизими - бу Республикада тўлов билан боғлиқ жараёнларнинг ягона биллинг тизимини яратишни назарда тутади.

Шу муносабати билан абонентларнинг ягона идентификаторини яратиш ва уни "Ҳудудий электр тармоқлари" AЖ, "Ҳудудгазтаъминот" AЖ, "Ўзсувтаъминот" AЖ, "Тошиссиққуввати" ДУК ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (чиқиндиларни тозалаш учун) мавжуд биллинг тизимларига киритиш 100 кун ичида ҳал қилиниши лозим бўлган вазифа сифатида белгиланди.

Акселераторнинг 10 дан ортиқ вазирлик ва идоралар вакилларидан (шу қаторда Дубай электр ва сув бошқармаси мутасаддилари) иборат ишчи гуруҳи томонидан тадқиқот ишлари олиб борилди ва ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор муаммолар аниқланди.

Бугунги кунда мамлакатда истеъмолчи ва коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар орасидаги муносабат “истеъмолчи – алоҳида коммунал хизмат” принципига асосланган бўлиб, уй-жой коммунал хизматларининг мавжуд биллинг тизимларини интеграциялашда қуйидаги муаммолар юзага келади:

- аксарият биллинг тизимлари замонавий талабларга тўлиқ жавоб бермайди;

- уй-жой коммунал хизматларининг мавжуд биллинг тизимларида истеъмолчиларнинг ягона идентификаторининг йўқлиги маълумотларнинг номутаносиблиги юзага келтиради ва мавжуд маълумотлар базаларини бирлаштиришда тўсқинлик қилади. (Мисол учун, «Ҳудудийэлектртармоқлари» АЖнинг биллинг тизимидаги Ахмедов Бекзод «Ҳудудгазтаъминот» АЖ базасида Бегзод Аҳмедов сифатида қайд қилинган);

- коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг биллинг тизимлари турли платформалар асосига шакллантирилган;

- биллинг тизимларида такрорий маълумотлар мавжуд;

- коммунал корхоналарнинг мавжуд маълумотлар базалари ва тегишли вазирлик ва идоралар тизимлари ўртасида электрон маълумотлар алмашинуви тўлиқ йўлга қўйилмаган;

- таҳлил ва прогнозлаш имконияти мавжуд эмас.

Коммунал хизматларнинг ягона биллинг тизимини яратиш йўлидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишчи гуруҳ ягона тизимни ташкил қилувчи асосий вазифаларни шакллантирди:

- истеъмолчиларнинг ягона маълумотлар базасини яратиш;

- истеъмолчиларга коммунал хизмат кўрсатувчиларнинг амалдаги тарифларига мувофиқ ҳисобварақлардаги маблағларни назорат қилиш имкониятини яратиш;

- коммунал хизматларнинг истеъмол ҳолатини таҳлил қилиш, тизимли ва шаффоф мониторингни йўлга қўйиш;

- давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида интерактив хизматлар кўрсатиш, шу жумладан электрон тўлов тизимларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

- Ўзбекистон Республикаси бўйлаб коммунал соҳадаги барча иштирокчиларни ягона ахборот маконига бирлаштириш;

- истеъмол режимини оптималлаштириш учун кўп таърифли бухгалтерия ҳисобини юритиш;

- коммунал тўловлардан ташқари, солиқ, жарима ва бошқа турдаги тўловлар ижроси бўйича кредит маълумотлар тизимини юритиш орқали истеъмолчиларнинг тўлов қобилиятини комплекс таҳлил қилиш.

Лойиҳанинг дастлабки 50 кунида ишчи гуруҳ жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ва бинонинг кадастр рақамини истеъмолчи идентификаторлари сифатида белгилаш бўйича дастлабки техник ишларни якунлади ва маълумотларни киритиш ишларини бошлади.

Кейинги 50 кун ичида маълумотлар киритиш тугалланди ва кадастр маълумотларининг долзарблиги текширилди.

Умуман олганда, қуйидаги ишлар амалга оширилди:

- Коммунал хизматларнинг маълумотлар базасидаги 20 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг маълумотлари қайта ишланди;

- Барча коммунал хизматларнинг ҳисоб-китоб тизимларида маълумотларни тозалаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, ЖШШИР ягона идентификатор сифатида 5 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг шахсий ҳисоб рақамларига боғланди.

- Фойдаланувчиларнинг кадастр маълумотларини коммунал хизматларнинг талабларига биноан тақдим этиш амалиёти жорий қилинди. Кадастр рақамларининг абонентларнинг шахсий ҳисоб рақамларига улаш коммунал хизматларнинг техник имкониятларидан келиб чиқиб, доимий равишда амалга оширилиши келишилди.

- Биллинг тизимлари бошқарувчилари маълумотларни мунтазам равишда тозалаш, шунингдек маълумотлар базаларини янгилаш ва истеъмолчилар маълумотларини ягона идентификаторга етказиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилинди.

Шуни таъкидлаш керакки, фойдаланувчиларнинг маълумотларини ЖШШИР ва кадастр рақамлари билан боғлаш мавжуд маълумотларни йўқотмасдан, ягона биллинг тизимига ўтишга ёрдам беради.

Хулоса

Коммунал тўловларнинг ягона биллинг тизимини жорий этиш коммунал хизматлар истеъмолчиларига шахсий ҳисоб-китоблар ҳолати бўйича ишончли маълумот олиш, шунингдек, ЖШШИРни Payme, Apelsin, Click каби тўлов тизимларига киритиш орқали маълумотларни олиш имконини беради. Бу ҳар бир коммунал корхонага қўшимча маълумотлар тақдим этиш заруриятини бартараф этади ва коммунал тўловларни тўлаш вақтини қисқартиради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.03.2021 йилдаги фармонига мувофиқ барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда ЖШШИРнинг фуқаролар шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор сифатида белгиланиши бу йўналишдаги ҳаракатларнинг долзарблигини янада оширади.

Ҳасанжон Мажидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази,

Илҳом Хўжақулов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

Мақолани тўлик кўринишда «Экономическое обозрение» журналининг 4 сонида ўқинг.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар