Инсон ва машина. Сунъий идрок инсонни меҳнат бозоридан сиқиб чиқарадими?

Инсон ва машина. Сунъий идрок инсонни меҳнат бозоридан сиқиб чиқарадими?

Инсон ўз ҳаётини гаджетларсиз тасаввур қила олмай қолди. У асрлар давомида машаққат билан бажарган ишларни бугун машиналар қилмоқда. Башарият ҳаётига технологиялар ва машиналар тобора чуқур кириб боргани сари инсон меҳнат бозорида кераксиз бўлиб қолмайдими?

«Инсон+машина. Сунъий идрок даврида ишлашнинг янги тамойиллари» китобида шу ҳақда сўз боради.

Accenture компанияси етакчилари Пол Доэрти ва Жеймс Уилсон ўз фаолиятида сунъий идрок имкониятларини татбиқ этган 450та компаниянинг ишини таҳлил қилган ҳолда, келажакда инсон ва машиналар дунёда бирга мавжуд бўла оладими, деган саволга жавоб излашади.

Муаллифларнинг фикрича, инсон ва машина рақобатда эмас, ҳамкорликда мавжуд бўлиши лозим. Темир бўлаги ва датчиклардан иборат машиналар қон ва суякдан таркиб топган инсонларни кўплаб масалаларда ортда қолдираётгани чин. Аммо одам меҳнат бозоридан бутунлай чиқиб кетмайди. Машиналар ривожлангани сари инсон учун янги касблар пайдо бўлади.

Роботлар инсонга нима беради?

Технологиялар инсон фаолиятининг барча соҳаларига чуқур кириб борган бўлса-да, инсонлар ва машиналар ҳалигача тенг ҳамкорлик асосида ўзаро алоқага киришгани йўқ.

Автозаводда робот ва ишчи бир сафда турибди. Яъни битта ишни робот ҳам, инсон ҳам бажармоқда. Меҳнатнинг бундай тақсимоти инсон ва машина уйғунлигида эришиш мумкин бўлган салоҳиятни анча чегаралаб қўяди. Дунё инсон ва машина якдил технология сифатида ишлайдиган даврга қараб кетмоқда.

Сунъий идрок – маълумотни қабул қилиб, уни қайта ишлаган ҳолда муайян функцияни бажарувчи тизим. Сунъий идрок инсоннинг ўрнини эгаллаш, унинг вазифаларини батамом тортиб олишни мақсад қилмайди. Балки инсон имкониятларининг чегарасини кенгайтиришга хизмат қилади.

Сунъий идрок устида ишловчи новатор компаниялар инсон ва машинанинг ўзаро алоқасини кучайтирган ҳолда оригинал симбиозга эришишга интилишмоқда. Мазкур симбиоз қуйидаги вазифаларни бажариши мумкин.

Имкониятларни кучайтириш. Сунъий идрокнинг асосий мақсади – инсоннинг табиат томонидан берилган имкониятларини янада кенгайтириш ва кучайтиришдир. Бу суперкучга эга киборгни эслатади.

Дейлик, станок бузилиб қолган тақдирда завод ишчиси уни тузатиш учун машаққат чекиши, станокнинг ички механизмини ҳижжалаб ўрганиб, шунга қараб иш тутиши керак. Сунъий идрок эса қоғоз йўриқноманинг ўрнини босиши мумкин.

Мисол учун, ақлли кўзойнакларни тақиб станокнинг ички проекциясини кўриш ва носозликни дарҳол бартараф этса бўлади.

Мулоқот. Сунъий идрок нафақат инсонлар ўртасидаги мулоқотни таъминлайди, балки бора-бора ўзи ҳам алоҳида шахс сифатида намоён бўлиб, инсонлар ёки гуруҳлар номидан иш кўриши мумкин.

Бунинг қандай бўлишини тушуниш учун Siri'нинг ишлашини эсланг. У сизга «мендан нима ёрдам?» деб сўраганда Apple компанияси номидан мижозга хизмат кўрсатаётган бўлади.

Яна бир мисол. Швециянинг йирик банклар тармоғи SEB ўзининг виртуал ёрдамчиси Aida орқали миллионлаб мижозларга хизмат кўрсатади. У банк операцияларини бажаради, муаммоларни ечишга ёрдам беради. Мураккаб муаммоларни эса SEB ходимларига тематикадан келиб чиққан ҳолда йўналтиради.

Маконлар узра чегарасизлик. Замонавий технологиялар роботлардан масофавий тарзда фойдаланиш имконини беради. Худди «Аватар» фильмидагидек. Машиналар инсон вазифаларини бажара бошлайди.

Мисол. «Чегарасиз шифокорлар» халқаро гуманитар ташкилоти чеккароқ давлатдаги эпидемияда ёрдам кўрсатиши керак. Аммо ўз ходимларининг ҳаётини таваккал билан хавф остига қўя олмайди. Шу боис аҳолидан турли таҳлилларни йиға олувчи квадрокоптер ёки дрондан фойдаланади.

Илгари саломатликнинг ёмонлашуви ёки кексалик касбий фаолиятни давом эттиришда тўсқинлик қиларди. Аммо сунъий идрок технологиялари шарафи билан инсон иш жараёнида жисмонан иштирок этиши керак бўлмай қолди. Шу тахлитда, машиналар инсонга табиий чегараланган имкониятлар доирасидан чиқиш, илгари имконсиздек бўлган натижаларни кўрсатишга кўмаклашади.

Сунъий идрок қўшини

Сунъий идрок – кўплаб аскарлардан иборат катта қўшин. Китоб муаллифлари инсон ва машина симбиозидан муваффақиятли фойдаланаётган ташкилотлар фаолиятини таҳлил қилган ҳолда, бу қўшиннинг аскарлари кимлар эканини санаб ўтишади.

Катта маълумотлар. Сунъий идрок тартибга солинган ва тартибга солинмаган улкан ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлайди. Ўз навбатида, бу маълумотлар сунъий идрок учун гўёки ёнилғи вазифасини ўтайди. У қанчалик кўп маълумотни таҳлил қилса, шунчалик «ақллилаша» боради.

Хусусан, сунъий идрок бир хил маромда, такрорийлик асосида кечувчи вазифаларни яхши уддалайди. Бу каби ишлар инсонга зерикарли туюлиши мумкин. Алоҳида ёндашув ва ҳиссий кўникмалар талаб этилмайдиган бундай «зомби» вазифаларни инсон ўрнига сунъий идрок бажара бошласа, инсонларнинг ижодий ишлар, қизиқарли машғулотлар билан шуғулланиши учун кўпроқ вақт қолади.

Сенсорлар. Ўзгаришлар ва атроф ҳақида маълумотлар жамлаш учун турли ускуналарга датчиклар ўрнатилади. Сенсор инсон фаолиятининг кўплаб соҳаларида қўлланилса ҳам, улар йиғадиган катта ҳажмдаги маълумотларни сунъий идрокнинг ўзигина қайта ишлай олади. Улар «ақлли фабрикалар» ва робототехникада қўлланилади.

Робототехника. Mercedes заводида ишчилар автомобилни йиғиш учун робоқўллардан фойдаланишади. Масофадан турган ҳолда пульт ва монитор орқали аппаратнинг ҳаракатларини бошқаришади. Робоқўл гўё ишчининг ўз қўлидек, фақатгина у эпчилроқ ва оғир юкларни ҳам бемалол кўтаради. Бу эса миллисониялар ичида маълумотни қабул қилиб, қайта ишлаб узатувчи сенсорлар орқали амалга ошади.

«Ақлли фабрикалар». Таъминот тизимини автоматлаштириш билан шуғулланувчи Symbotic компанияси омборларни «ақлли» қилмоқда. Мисол учун, Symbotic роботлари махсус датчиклар ёрдамида машинавий кўриш билан таъминланган. Унинг ёрдами билан робот деформацияга учраган товарни фарқлай олади ва шундан келиб чиққан ҳолда иш кўради.

Кенгайган реаллик. Илгари машиналар ва инсонлар турли дунёларда яшашарди, сунъий идрок эса кенгайган реаллик орқали уларни бирлаштирди. Кенгайган реаллик виртуал ва қўшимча шаклда намоён бўлади.

Виртуал реаллик – реал дунёнинг ёки нореал шароитнинг компьютерда яратилган нусхаси. Мисол: General Electric сунъий идрок ёрдамида ўз заводининг 3D виртуал нусхасини яратган. Бу – завод ишида турли янгиликларни тест қилиб кўриш, ишни оптимизациялаш бўйича тасаввурга эга бўлишга ёрдам беради.

Қўшимча реаллик – бир вақтнинг ўзида ҳам реал, ҳам виртуал дунё элементларини кўриш имконини беради. Бунга юқорида айтилган «ақлли кўзойнак»лар намуна бўла олади. Улар масофавий шаклда техник кўрикларни амалга оширишга имкон яратади. Яқин келажакда носозлик учун автомобилни автосервисга олиб боришга ҳожат қолмайди, механик масофадан турган ҳолда автомобилни кўрикдан ўтказиб, муаммони аниқлай олади.

Табиий тилни қайта ишлаш. Яқин орада сунъий идрок маълумотни пассив қабул қилиш билан чекланиб қолмайди. Балки диалогга киришиши, маслаҳат бериши, савол сўраши, эмпатия билдириши мумкин. Аммо унинг бу фаолиятида камчиликлар кузатилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Масалан, анча мукаммал ишланган Siri боши оғриётганга ҳам, юраги хуруж қилганга ҳам шифокорга боришни тавсия қилиши мумкин. Яъни у вазиятни тўғри баҳолай олмайди.

Демак, сунъий идрок инсоннинг турли вазифаларини тобора кўпроқ бажара боради. Табиий савол туғилади: ақлли машиналар даврида инсонлар нима билан шуғулланади?

Резюмеда янги қисм

Рободунёда янгидан янги касблар пайдо бўла бошлайди. Хусусан, машина билан ўзаро алоқага киришган ҳолда бир жамоада ишлай олиш муҳим кўникмага айланади. Ҳозир ҳам резюменинг шахсий кўникмалар деган қисмида компьютер дастурлари, ижтимоий тармоқлар билан ишлаш деб ёзиш сезиларли устунлик бера бошлаган. Инсон сунъий идрок учун мураббий, шарҳловчи ва чидамлилик бўйича эксперт вазифасини ўтай бошлайди.

Мураббийлар

Конвейерлар ва электрон ҳисоблаш машиналари пайдо бўлгач, одамлар уларни такомиллаштириш устида ишлашган – қўшимча функциялар қўшилган, чидамлилиги оширилган.

Бироқ сунъий идрокнинг ўзи инсонга мослашади – у инсонлар ҳақидаги маълумотларни тўплайди, унинг нутқига, атворига тақлид қилади. У талабга яхшироқ жавоб бериши учун эса инсон унга мураббий бўлиши керак бўлади.

Мураббийнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

Машинанинг эмпатиясини ошириш. 2016 йилда Microsoft Тэй номли виртуал суҳбатдошни синовдан ўтказди. У твиттер фойдаланувчиларининг бир-бири билан қандай ёзишишини таҳлил қилган ҳолда, улар билан мулоқотга киришиши керак эди. Аммо бир неча соатдан кейин Тэй қўпол, камситувчи ва ҳақоратли жумлаларни ёза бошлади. Демак, виртуал суҳбатдош эмпатияга эга бўлиш борасида махсус мураббийлар тайёргарлигидан ўтиши керак бўлган.

Машинада шахсиятни шакллантириш. Microsoft яратаётган Cortana виртуал ёрдамчиси меҳрибон, ўзига ишонган. Чунки унинг шахсияти шаклланишида шоир, драматург, ёзувчиларгача бўлган мураббий экспертлар гуруҳи ишламоқда.

Маълумотлар тозалигини таъминлаш. Deep Mind сунъий идрок компанияси машинани мева териш ва овчиликка ўргатган. Аммо биринчи ўқувдан сўнг машина ўзини жуда қўпол ва беўхшов тутган. Иккинчи ўқувдан кейин анча «юмшаб, муросага кела бошлаган». Демак, сунъий идрок қайта ишловчи маълумотлар яхши ёки ёмон бўлиши мумкин. Машина бунинг фарқига ҳозирча бормайди, шу боис маълумотларни сара ва ёмонга ажратишда одам кўмагига таянади.

Шарҳловчилар

Келгусида одамлар ва технологияларнинг ўзаро алоқаси чуқурлашишда давом этади. Табиийки, машинанинг олдида янги вазифалар қўйила бошлайди. Ҳамкорлик кучая боргани сари сунъий идрок фаолиятининг шаффофлигини ошириш талаб этилади.

Бунинг учун сунъий идрокнинг ишлаш жараёнини, унинг қарорлар қабул қилишда қандай мантиққа таянишини тушунувчи экспертлар керак бўлади. Шарҳловчилар қуйидаги вазифаларни бажаришади:

Алгоритмлар бўйича эксперт. Ҳамма сунъий идрок хизматларидан фойдаланади, аммо ҳеч ким унинг қандай ишлашини тушунмайди. У хатога йўл қўйса, нима қилиш керак? Хатолик боис сунъий идрок оддий фуқарони террорчи деб қабул қилса-чи? Алгоритм бўйича эксперт бундай вазиятларда носозлик сабабини топиб, ҳал қилади.

Шаффофлик бўйича мутахассис. Айрим машина ва алгоритмларнинг ишлаш тамойили сир тутилади. Улар фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини, давлат аҳамиятидаги сирларни сақлаши мумкин. Мутахассис шу маълумотларни идрок нотўғри интерпретация қилишига йўл қўймайди.

Тушунарлилик бўйича стратег. Сунъий идрок қандай функцияни бажаришидан келиб чиққан ҳолда унинг фойдаланувчи учун қулай ва тушунарли бўлиши устида ишлайди. Дейлик, поликлиника ва мактабларда сунъий идрок технологиясидан фойдаланиш қулай ва осон бўлиши керак. Халқаро ташувларни амалга оширувчи технология эса кенг аудиторияга тушунарли бўлиши шарт эмас. У тезкор бўлса кифоя.

Чидамлилик бўйича эксперт

Роботларнинг ишончли ва хавфсиз эканини инсоният бирданига тушуниб етмайди ва уларга мослашиб қолмайди. Бунда чидамлилик бўйича экспертлар ўртага чиқишади. Улар қуйидаги вазифаларни бажаришади:

Контекст дизайнер. General Motors ва япон компанияси Fanuc автоцехда ишчилар билан бирга меҳнат қилувчи робоқўл дизайни устида анча ишлашди. Аппарат учун ранг танлаш қийин кечди – сабзиранг хавфни эслатади, сариқ ранг сергак торттиради. Шу боис контекст дизайнерлар лайм рангига тўхталишди.

Контекст дизайнерлар роботнинг дизайни инсонда дўстона кайфият уйғотиши, унинг ўз вазифаларини бажаришига халал бермаслиги устида ишлашади.

Хавфсизлик техникаси бўйича мутахассис. Улар машина ва инсон ҳамкорликда амалга оширувчи жараёнларнинг хавфсиз кечиши, ундан инсонга ҳеч қандай кўринишда зарар етмаслиги масаласини кўриб чиқади.

2015 йилда Volkswagen заводида робот ишчини тутиб, деворга улоқтирган. Бунда ким айбдор: машина ёки уни ишлаб чиққан одам?

Машина этикаси бўйича мутахассис. Инсонларда роботлар уларнинг ишини тортиб олиб қўйиши ёки барча роботлар бирлашиб исён қилиши ҳақида қўрқинчли тасаввурлар бор. Машина этикаси мутахассиси инсон фаолияти автоматлашувида эҳтимолий салбий ҳолатларни бартараф этади.

Машиналарни ёлловчи менежер (роботлар учун HR). Роботлар тўлақонли ишчиларга айлангач, уларни доимий аттестациядан ўтказадиган мутахассисга эҳтиёж пайдо бўлади. Менежер роботларнинг самадорлигини назорат қилади, яхши ишлайдиганларига мураккаброқ ва нозикроқ топшириқлар беради, ўз вазифасини уддалай олмаётганларни эса утилизацияга юборади.

Китобнинг асосий ғояси: Инсонлар сунъий идрок даврида ишсиз қолишдан, роботлар томонидан сиқиб чиқарилишдан қўрқмасликлари лозим. Иш ҳаммага етади. Фақат янги касблар пайдо бўлади ва инсонлардан бунга мослашувчанлик талаб этилади. Сунъий идрок тараққий этган сари ҳам ўқувчи ролида қолади, инсон эса унга мураббийлик қилади.

Манба: Kun.uz нашри

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар