2025 йил 9-10 октябрь кунлари Душанбе шаҳрида «Марказий Осиё — Россия» иккинчи саммити бўлиб ўтади. Унда олти давлат раҳбарлари савдо ва инвестициялар, саноат ҳамда илмий-технологик кооперация, транспорт ва логистика, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш ва барқарор молиялаштиришга оид ҳамкорлик масалаларини муҳокама қиладилар.
Бошланғич нуқта сифатида 2022 йилда Остона шаҳрида ўтган биринчи саммитдаги келишувлар хизмат қилади. Ўшандаги қўшма баёнотда саноат кооперацияси, қўшма инвестициялар ва янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш устувор йўналишлар сифатида белгилаб берилган, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги ва санитария-эпидемиологик назорат соҳасидаги вазифалар қайд этилган эди. Ўтган давр мобайнида амалий ҳамкорлик мустаҳкамланди, «Марказий Осиё ва Россия» формати доирасида логистика йўналишлари кенгайди.
Марказий Осиё мамлакатларининг Россия билан ташқи савдоси
2017–2024 йиллар давомида Марказий Осиё мамлакатларининг Россия билан товар айланмаси 24 млрд доллардан 47 млрд долларгача ошди. Экспорт ҳажми 7 млрд доллардан 14,8 млрд долларга, импорт эса 16,9 млрд доллардан 32,3 млрд долларга етди.
Минтақа мамлакатлари ўзаро савдо ҳажмларини ўртача 2–3 баробарга оширган. Жумладан, Қозоғистон — 1,7 баробарга, Қирғизистон — 2,6 баробарга, Тожикистон — 2,1 баробарга, Туркманистон — 3,3 баробарга, Ўзбекистон эса 2,5 баробарга ўсишга эришган.
Россиянинг Марказий Осиё минтақаси билан умумий савдодаги ўрни юқори даражада сақланиб қолмоқда. 2024 йилда унинг минтақанинг ташқи товар айланмасидаги улуши 18,6%ни ташкил этди. Экспортдаги улуш 9,7%дан 11,4%гача ошган бўлса, импортда 30,6%дан 26,3%гача пасайган. Бу ҳолат етказиб бериш манбаларининг диверсификацияланаётганини кўрсатади.
Марказий Осиёнинг Россия ташқи савдосидаги аҳамияти ортиб бормоқда. Минтақанинг Россия товар айланмасидаги улуши 4,1%дан 6,4%гача, экспортда — 4,8%дан 7,5%гача, импортда эса 3,0%дан 4,9%гача ошди. Энг катта ҳиссани Қозоғистон 3,8% ва Ўзбекистон 1,6%, кейин Қирғизистон 0,5%, Тожикистон 0,3%, Туркманистон 0,2% таъминлайди.
Икки томонлама муносабатлар сезиларли даражада мустаҳкамланди. Шу билан бирга, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва кооперация занжирларини кенгайтириш учун ҳали ҳам катта имконият мавжуд. Марказий Осиё мамлакатлари импортида Россия улушининг 26,3%гача пасайиши таъминот манбаларининг диверсификацияланаётганини тасдиқлайди, Россия экспортида Марказий Осиё улушининг 7,5%гача ўсиши эса минтақавий талаб салоҳияти ортиб бораётганидан далолат беради.
Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ташқи савдоси
2024 йилда Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ташқи савдо ҳажми 8,1%га ўсиб, 43,5 млрд доллардан 47,0 млрд долларга етди. Энг катта ҳисса Ўзбекистон 14,5% (+1,5 млрд доллар) ва Қозоғистон 4,0% (+1,1 млрд доллар) ҳиссасига тўғри келди. Қирғизистон савдоси 25,3% (+785 млн доллар)га, Тожикистон савдоси 15,6% (+266,8 млн доллар)га ошган бўлса, Туркманистон билан савдо ҳажми 6,7% (−100 млн доллар)га камайган.
Савдо айланмаси таркибида Қозоғистоннинг улуши тахминан учдан бир қисмни (59,8%) ташкил этади, Ўзбекистоннинг улуши тахминан тўртдан бир қисмга тенг (24,7%). Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг улушлари мос равишда 8,3%, 4,2% ва 3,0% ни ташкил қилади.
Россия бозорига экспорт йўналиши мамлакатлар бўйича фарқ қилади. Қозоғистон ўз экспорт ҳажмининг 11,7%ини, Ўзбекистон 13,7%ини, Қирғизистон — 22,4%ини, Тожикистон 4,9%ини, Туркманистон эса 2,0%ини Россия бозорига йўналтиради. Импортда ҳам Россиянинг роли юқори даражада сақланиб қолмоқда: Қозоғистон умумий импортида Россия улуши 30,8%, Ўзбекистон 20,4%, Қирғизистон 21,9%, Тожикистон 26,9%, Туркманистон 28,3%ни ташкил этади.
Россиядан импорт асосан саноат ва энергия талаб қиладиган маҳсулотлар етказиб бериш ҳамда шаклланган логистика занжирлари ҳисобига изоҳланади. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ўсиш суръатлари ҳамда Қозоғистоннинг барқарор улуши юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар етказиб беришни кенгайтириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини чуқурлаштириш учун катта имконият яратмоқда.
Россиянинг умумий ташқи савдо таркибида Марказий Осиё улуши ҳали ҳам нисбатан кичик бўлиб, тахминан 6,4%ни ташкил этади.
Марказий Осиё ва Россия: саноат кооперациясидаги янги имкониятлар
Россия Марказий Осиё мамлакатлари учун тайёр маҳсулотлар экспорти ва зарур товарлар — озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари, металллар, ёғоч хомашёси ҳамда бошқа йўналишлар бўйича асосий савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, икки томоннинг товар таркиби ҳали ҳам қайта ишлаш даражаси паст бўлган хомашёга йўналтирилган. «Марказий Осиё ва Россия» иккинчи саммити доирасида стандартлар, логистика ва қўшма инвестициялар бўйича амалий келишувларни илгари суриш кутилмоқда. Бу эса ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш учун янги имкониятлар очади.
Марказий Осиё мамлакатлари учун Россия билан ҳамкорликда саноат кооперациясини кенгайтириш, қўшма ишлаб чиқариш қувватлари ва етказиб бериш занжирларини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Бу орқали Россия, Марказий Осиё ҳамда учинчи мамлакатлар бозорларида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш имконияти яратилади. Сўз тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари, транспорт воситалари ва бутловчи қисмлар, фармацевтика ҳамда бошқа тармоқлар ҳақида кетмоқда — бу тармоқларда ресурслар ва технологиялар самарали интеграция лойиҳаларни кенг миқёсли ва барқарор қилиш имконини беради.
Ҳозирги ҳолат ва Ўзбекистон–Россия савдо ҳамкорлиги истиқболлари ҳақида батафсил маълумотлар Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг шарҳи ва инфографикаларида келтирилган.
Изоҳ қолдириш