Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказилади.
Президент фармонига асосан, 2020 йил 1 декабрдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказилади.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс томонидан МЖТКнинг тегишли моддаси санкциясида назарда тутилган жаримани суд ва ваколатли идораларда иш кўрилгунга қадар ихтиёрий тўлашни рағбатлантириш тизими жорий этилади.
Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилади.
Президент қарорига биноан Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида давлат тиббий суғурта тизимини йўлга қўйиш белгиланди. Ушбу тизим доирасида Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилади.
Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш, бошқариш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;
- аҳолининг барча қатламларини кафолатланган пакет доирасида сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этиш;
- тажриба-синов лойиҳаси доирасида Давлат бюджетидан кафолатланган пакетни молиялаштириш мақсадида ажратиладиган маблағларни жамлаш, бошқариш, уларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини ташкил этиш;
- тажриба-синов лойиҳасининг натижаларига кўра, давлат тиббий суғуртаси тизимини республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.
- Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчихонасида савдо ва иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилади.
«Афғонистон Ислом Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Афғонистон Ислом Республикасидаги элчихонаси штатлар жадвалига меҳнатга ҳақ тўлаш фондига тегишли ўзгартиришлар киритган ҳолда савдо ва иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозими киритилади.
Жисмоний тарбия ва спорт университети томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат ташкилотлари ҳамда уюшмалар устидан ўқув ва илмий-услубий раҳбарлик йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси президентининг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети республикадаги барча жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат ташкилотлари ҳамда спорт федерациялари (уюшмалари) фаолияти устидан ўқув ва илмий-услубий раҳбарликни амалга оширади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси хизмат итлари билан таъминланади.
«Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига кўра, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Инспекция эҳтиёжларидан келиб чиқиб, йилига 5 тадан ўсимликлар карантини соҳасидаги ўзига хос «детектор»лар – хизмат итлари ҳамда 5 нафардан кинологлар тайёрлаб берилишини таъминлайди.
Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими жорий этилади.
Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолаш бўйича тест синовларини ўтказиш ва сертификатлаш қуйидаги муддатларда жорий этилади:
- 2020 йил 1 декабрда она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) ҳамда математика фанлари бўйича;
- 2021 йил 1 февралда кимё ва биология фанлари бўйича;
- 2022 — 2024 йилларда физика, география ва тарих фанлари бўйича.
Маълумот учун, ҳукумат қарорида 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл бериш тартиби жорий этилиши белгиланган.
Атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган, мўлжалланаётган ва режалаштирилаётган айрим фаолият турлари бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилади
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган I ва II тоифаларга мансуб бўлган мўлжалланаётган ва режалаштирилаётган фаолият турлари бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилади.
Изоҳ қолдириш