Адлия вазирлиги томонидан Европа экспертлари тавсиялари ҳамда Корея, Россия, Литва, Черногория, Украина, Қозоғистон каби хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда қонун ҳужжатлари ва лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби янги таҳрирда ишлаб чиқилди.
Хусусан, вазирлик томонидан ишлаб чиқилган лойиҳада қуйидаги бир қанча янгилик ва ўзгаришларни жорий этиш назарда тутилмоқда:
биринчидан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан чеклист тўлдириш орқали коррупциявий омилларни аниқлашни назарда тутувчи мутлақо янги тартиб жорий этилмоқда;
иккинчидан, ҳуқуқни қўлловчилар ва фуқароларга коррупциявий омилларнинг маъноси аниқ, лўнда ва батафсил мисоллар билан ёритилган методика асосида тушунтириб берилади;
учинчидан, қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказишга жамоатчилик кенг жалб қилиниши белгиланмоқда.
Эндиликда жамоатчилик ҳам regulation.gov.uz порталида чеклист тўлдириш орқали қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириши мумкин бўлади;
тўртинчидан, амалдаги қонун ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизаси ҳозирги кунда самарали йўлга қўйилган ҳуқуқий мониторинг тизими доирасида ўтказилиши ва бошқа бир қанча янгиликлар жорий этилиши таклиф этилмоқда.
Адлия вазирлиги фуқаролар, тадбиркорлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларини қуйидаги ҳавола орқали юқорида айтиб ўтилган лойиҳанинг муҳокамасида фаол қатнашиш ва ўз таклифларни билдиришга чақиради.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги икки йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида республика бўйича 371 млрд. сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 2.477 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, Transparency International коррупцияга қарши курашиш халқаро нодавлат ташкилоти коррупцияни қабул қилиш индексининг 2020 йил рейтингини ишлаб чиқди. Рейтингга кўра, Ўзбекистон ўз ўрнини 7 поғонага ўзгартириб, 180 та давлат орасида 146-ўринни эгаллади (2019 йилда 153 ўрин).
Изоҳ қолдириш