2021 йил 30 март куни Жаҳон Банки “Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) минтақаси бўйича иқтисодий шарҳлар”нинг навбатдаги сонини эълон қилди.
Ҳисоботда айтилишича, бу йил минтақадаги ривожланаётган иқтисодиётларнинг 3,6 фоизга ўсиши кутилмоқда, чунки экспортнинг тикланиши ва саноат товарларига нархларнинг барқарорлашуви 2020 йил охирида бошланган пандемиянинг навбатдаги тўлқини ва яқинда янги коронавирус ҳолатлари кўпайганлигининг таъсирини юмшатади.
2020 йилда COVID-19 пандемияси оқибатлари сабабли кузатилган 2 фоизлик иқтисодий пасайиш ортидан 2021 йилда мўътадил ўсиш прогноз қилинмоқда. Минтақадаги энг йирик икки иқтисодиёт ҳисобланган Туркиядаги иқтисодий тикланиш прогноздан кўра кучлироқ бўлганлиги ва Россия иқтисодиётининг барқарорлиги туфайли пасайиш кутилганидан кўра камроқ бўлди. Ушбу натижага эришишда саноат ишлаб чиқариши ўсишининг тикланиши, экспортга талабнинг ошиши, хомашё нархларининг ўсиши, шунингдек, солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсати чоралари ёрдам берди. Иқтисодиёти сервис ва туризм соҳаларига жуда боғлиқ бўлган мамлакатлар энг кўп зарар кўрди, чунки ижтимоий масофани сақлаш чоралари ва саёҳатларни чеклаш ушбу мамлакатларда иқтисодий фаолликнинг узоқ вақтга пасайишига олиб келди.
Пандемия таъсири аста-секин сусайиб, минтақада савдо ва сармоялар динамикаси яхшиланаётганлиги сабабли 2022 йилда иқтисодий ўсиш 3,8 фоизгача етиши кутилмоқда. Лекин, прогноз жуда ноаниқ бўлиб қолмоқда ва агар пандемия кўпроққа чўзилса, аҳолини эмлаш кечиктирилса, жаҳон фоиз ставкаларининг ошиши туфайли ташқи молия бозорларидаги шароит ёмонлашса, инвесторларнинг кайфияти ёмонлашса ёки геосиёсий зиддиятлар кўпайса, ўсиш суръатлари пастроқ бўлиши мумкин.
Прогнозларга кўра, пандемия минтақадаги қатор мамлакатларда аҳоли жон бошига даромадлар ҳажмининг сўнгги беш йил ичидаги ўсиш суръатларини йўққа чиқаради ва асосан, иш жойларининг қисқариши ҳисобига, камбағал одамлар сонининг кўпайишига олиб келади. Умуман олганда, ўсиш суръатларининг тикланганига қарамасдан, ЕМО минтақасида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг тикланиш суръатлари паст бўлиб қолмоқда ва пандемия бошланишидан олдинги даражасига қайтгани йўқ.
"Пандемия Европа ва Марказий Осиёдаги иқтисодий фаолиятга салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Бироқ, ҳукуматлар инқирознинг соғлиқни сақлаш, таълим ва иқтисодиётга қисқа муддатли таъсирини енгишга уриниб, маҳсулдорликни ошириш, янада динамик хусусий секторни яратиш, давлат институтлари фаолиятини такомиллаштириш ва кам углеродли, экологик барқарор ва инклюзив иқтисодиётга ўтиш каби узоқ муддатли вазифаларни ҳал қилиш имкониятини бой бермасликлари керак", - деди Aнна Берде, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти.
Ушбу узоқ муддатли мақсадларга эришиш учун самарали давлат бошқаруви муҳим аҳамиятга эга. Пандемия даврида бутун дунё бўйлаб ҳукуматлар пандемиянинг соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага таъсирини юмшатишда муҳим рол ўйнаганлигини ҳисобга олиб, бунинг зарурлиги яна бир марта ўз исботини топди. Қабул қилинган чора-тадбирлар орасида инфекция тарқалишини тўхтатиш учун саёҳатларга чекловлар жорий этиш, аҳолини эмлаш дастурлари, фуқаролар ва корхоналарни пандемиянинг салбий иқтисодий таъсиридан ҳимоя қилиш учун инқирозга қарши чоралар ва миллионлаб мактаб ўқувчилари учун масофавий таълим каби ечимлар бор эди.
Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) минтақасида ҳукуматларнинг иқтисодиётни шакллантиришдаги анъанавий муҳим ролини ҳисобга олган ҳолда, самарали давлат бошқаруви янада муҳимроқ аҳамиятга эга. Ушбу минтақада давлат харажатлари ЯИМнинг қарийб 40 фоизини ташкил қилади, давлат секторида эса энг ўқимишли ва самарали ишчиларнинг тўртдан биридан кўпроғи ишлайди, бунда барча давлат сектори ишчиларининг 57 фоизини аёллар ташкил этади.
Яқин келажакда ЕМО минтақасидаги мамлакатларда ҳукуматларнинг роли янада ошиши мумкин. Бу асосан кексайиб қолган аҳолига хизмат кўрсатиш учун узоқ муддатли парваришлаш ва соғлиқни сақлаш тизимларини ҳамда пандемия шароитида ҳукуматнинг тенгсизлик масалаларини ҳал қилиш ва соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган фаолиятига оид чора-тадбирларни кенгайтириш зарурати билан боғлиқ.
Марказий Осиё давлатларидаги иқтисодий вазият
Европа ва Марказий Осиё минтақасининг бошқа қисми билан таққослаганда, COVID-19 билан касалланганлар сони Марказий Осиё суб-минтақасиuа нисбатан пастроқ бўлиб қолмоқда. Бироқ, 2021 йилнинг бошида ушбу кўрсаткичларнинг ўсиши сабабли, баъзи давлатларнинг ҳукуматлари соғлиқни сақлаш тизимига босимни камайтириш учун турли чекловларни кенгайтиришга мажбур бўлди.
Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш 2021 йилда 3,7 фоизга ва 2022 йилда 4,1 фоизгача тикланиши кутилмоқда. Бу тарихий ўртача кўрсаткичлардан анча паст. Шу билан бирга, 2022 йилга келиб аҳоли жон бошига даромад ҳажми пандемиядан олдин эълон қилинган прогнозлардан 6,4 фоизга паст бўлиши кутилмоқда.
Хомашё товарлари нархларининг мўътадил ўсиши, ОПЕК+ га аъзо давлатлар (Қозоғистон) томонидан нефт қазиб олиш ҳажмини қисқартиришнинг камайиши ҳамда суб-минтақа мамлакатлари орасида ва суб-минтақанинг бутун дунё билан иқтисодий интеграциясининг чуқурлашуви шароитида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг кўпайиши иқтисодиётни қўллаб-қувватлайди.
Пандемиянинг оғир ижтимоий-иқтисодий оқибатларига қарамасдан, 2020 йилда амалга оширилишда давом этган ислоҳотлар дастури туфайли Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш мустаҳкамланиб боради.
Бироқ, суб-минтақанинг кўтарилиши Марказий Осиёда, айниқса, Қирғизистон Республикасида сиёсий кескинликлар ва ижтимоий нотинчликлар сабабли кучайиб бораётган сиёсий ноаниқлик оқибатида чекланиб қолмоқда. Инфляцион босимлар суб-минтақадаги айрим мамлакатларда кўпроқ чекловчи пул-кредит сиёсатини келтириб чиқарди, Қирғизистон ва Тожикистон эса асосий фоиз ставкаларини оширдилар.
Изоҳ қолдириш