2021 йил якунлари бўйича Қашқадарё вилоятида хизмат кўрсатиш соҳаси кўрсаткичлари

2021 йил якунлари бўйича Қашқадарё вилоятида хизмат кўрсатиш соҳаси кўрсаткичлари

Вилоятда 2021 йилда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 13 2624,4 млрд. сўмни ташкил қилган ҳолда, 2020 йилга нисбатан 118,4%га ошган.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, 2021 йилда вилоятда хизматлар соҳаси бўйича эришилган ўсиш кўрсаткичи 2014 йилдан кейинги давр учун энг максимум қийматини қайд этган. Хизматлар ҳажмининг республика кўрсаткичидаги улуши 4,7%ни ташкил қилган ҳолда, ҳудудлар орасида 6-ўринни эгаллаган.

2021 йилда вилоятда жами яратилган ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) таркибида хизматлар кўрсатиш соҳасининг улуши 34,4%ни (2020 йилга нисбатан 0,1 пункт паст) ташкил қилган.

Қашқадарё вилояти ЯҲМ таркида хизматлар кўрсатиш соҳасининг улуши динамикаси

2021 йилда жами хизматлар таркибида савдо (31,9%), транспорт (22,1%) ва молия хизматларининг (16,2%) улуши юқори бўлган бўлса, меъморчилик, муҳандислик ва техник (1,1%), соғлиқни сақлаш (1,3%), кўчмас мулк (2,5%), ижара ва лизинг (2,6%), яшаш ва овқатланиш хизматларининг (2,7%) улуши паст бўлган. Шунингдек, 2021 йилда вилоятда барча хизмат турлари бўйича ўсишга эришилган. Энг юқори ўсиш суръати таълим (143,9%), соғлиқни сақлаш (127,7%), молия (127,1%) ва транспорт (122,8%) соҳаларида кузатилган.

Вилоят бўйича кўрсатилган хизматлар ҳажмида Қарши шаҳрининг (35,4%) улуши энг юқори бўлган. Шунингдек, Шаҳрисабз (6,4%), Китоб, Косон,Чироқчи (5,8%дан) туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрининг (4,9%) улуши юқори бўлган бўлса, Нишон (3,7%), Касби (3,4%), Деҳқонобод (3,2%, Миришкор (3,2%) туманларининг вилоят жами хизматлардаги улуши паст бўлган.

2021 йилда Қашқадарё вилояти хизмат кўрсатиш соҳасида туман (шаҳар)лар улуши

2021 йилда вилоятнинг барча ҳудудларида хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича ўсиш кўрсаткичларига эришилган. Энг юқори ўсиш суръатлари Шаҳрисабз шаҳри (129,0%), Касби (127,4%), Шаҳрисабз (125,8%), Ғузор (122,3%), Қарши ва Яккабоғ (122,1%дан) туманларида кузатилган.

2021 йилда хизматлар соҳаси бўйича барча туман (шаҳар)ларда ўсиш суръатлари таъминланганига қарамасдан, жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми бўйича Республика ҳудудларида орасида вилоят кўрсаткичи ҳамон пастлигича қолмоқда. Хусусан, вилоятда жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 3 933,2 минг сўм (2020 йилга нисбатан 116,2% ўсиш)ни ташкил этган ҳолда Республика ҳудудлари орасида 13-ўринни эгаллаган.

Вилоятда жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми республика кўрсаткичидан 2,1 баробарга паст бўлган. Жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми бўйича вилоят ҳудулари орасида фақатгина Қарши шаҳрининг кўрсаткичи республика кўрсаткичидан юқоридир (2,1 баробарга).

4-расм. 2021 йилда Қашқадарё вилояти туман (шаҳар)ларида жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми

Жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми бўйича Қарши шаҳри (16,7 млн сўм), Муборак тумани (6,1 млн сўм) ва Шаҳрисабз шаҳрининг(4,6 млн сўм) кўрсаткичлари вилоят ўртача кўрсаткичидан юқоридир. Яккабоғ (вилоят кўрсаткичидан 39,0%га паст), Касби (44,0%га паст), Қамаши (вилоят кўрсаткичидан қарийиб 2 баробар, республика кўрсаткичидан 4,1 баробарга паст), Чироқчи (вилоят кўрсаткичидан 2,2 баробар, республика кўрсаткичидан 4,5 баробарга паст) туманларида жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми нисбатан анча пастдир.

Вилоятда демографик ўсишнинг юқорилиги (ҳар йили ўртача қарийиб 100,0 минг нафар туғилиш) кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини ва кўламини кенгайтириш бўйича бир қатор вазифаларни амалга оширишни талаб этади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-104 сонли қарорида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор амалий чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этади. Ушбу қарорга мувофиқ:

- вилоятнинг Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши туманларида меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун махсус солиқ режими жорий этилади;

- вилоят туман (шаҳар)ларидаги 18 та марказий кўчалари махсус хизмат кўрсатиш кўчаларига айлантирилади;

- Косон туманидаги “Дўстлик МФЙ” ва Яккабоғ туманидаги “Айғиркўл МФЙ” даги "Янги Ўзбекистон" массивларида 101 та янги хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этилади;

- Қарши шаҳридаги “Қарлиқхона МФЙ” (1,1 га ер майдони) ва Қарши тумани “Равот МФЙ” ҳудудида йирик савдо комплекслари ва ҳудудий савдо-логистика марказлари ташкил этилади;

- Ғузор, Китоб ва Муборак туманларидан ўтган халқаро йўллар бўйида хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади;

- Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида нодавлат умумтаълим муассасаларини қуриш учун жами 4 га, Косон, Чироқчи, Қарши, Ғузор туманлари ва Қарши шаҳрида жами 5 га ер майдони нодавлат мактабгача таълим муассасаларини қуриш учун е-аукционга чиқарилади;

- 2022 йилда хизматлар соҳасини ривожлантириш учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида вилоят учун 40,0 млрд. сўм маблағ ажратилади.

Ушбу вазифаларни бажариш орқали 2022 йилда вилоятда хизмат кўрсатиш хажми 20 268,9 млрд сўмга етади ва соҳада 150% ўсиш кўрсаткичи қайд этилади. Янгидан ташкил этилиши кўзда тутилаётган 10 032 та хизмат кўрсатиш объектлари орқали 56 минг нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланади.

Элдор Зайниддинов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Қашқадарё филиали бош илмий ходими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар