Республика бўйича 830 та истеъмолчи ҳуқуқи бузилди, зарар умумий миқдори 5 млрд сўмдан ортиқни ташкил этди

Республика бўйича 830 та истеъмолчи ҳуқуқи бузилди, зарар умумий миқдори 5 млрд сўмдан ортиқни ташкил этди

Афсуски, айнан шунча миқдордаги истеъмолчилар автомобиль воситаларини кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш ёки лизинг бўйича хизматларни амалга ошириш орқали ноқонуний даромад олиш билан шуғулланган айрим тадбиркорлар фаолиятидан норози бўлиб мурожаат қолдиришган.

Нима сабабдан шартномада истеъмолчи ҳуқуқлари ҳисобга олинмаган? Автомобиль воситаси ҳам, унга тўланган маблағ ҳам йуқ: одамларни алдашнинг схемаси қандай? Алданган истеъмолчилар кимга мурожаат қилишлари керак?

ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ҲУҚУҚИ НЕГА ҲИСОБГА ОЛИНМАДИ?

Шартномани тузишда шартнома турига (кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олишми ёки лизинг) эътибор қаратиш лозим, чунки, шунга боғлиқ ҳолда томонларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги ҳам турлича бўлади. Компания истеъмолчига ўзининг рўйхатдан ўтганлиги ҳамда фаолият йўналиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши зарур. Агар истеъмолчининг илтимосига биноан шартнома нотариал тасдиқланмаган бўлса, унда биз ишонч билан айтишимиз мумкинки, тузилаётган шартнома лизинг эмас.

Шартномани имзолашда айниқса томонларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлигига алоҳида эътибор қаратиш керак. Амалиётнинг кўрсатишича, инсофсиз компаниялар автомобиль воситаларини сотиб олиш шартномасини тузишда жавобгарликни истеъмолчининг зиммасига тушишига ҳаракат қилишади, бу ўз навбатида истеъмолчининг якунда зарар кўришига ва ҳаттоки автомобиль воситасидан айрилишига олиб келиши мумкин.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан “Umid Avto Lizing” компаниялар гуруҳининг аванс тўловларни амалга ошириш ҳамда автотранспорт воситасини кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш тўғрисидаги шартномаларни ўрганиш давомида бир қатор бандлар бўйича “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунинг талабларига номувофиқлик аниқланди, хусусан:

  1. Аванс тўловлари тўғрисидаги шартномаларда транспорт воситалари тўлиқ қиймати кўрсатилмаган, яъни аванс тўлови ҳисобланган автомобиль воситасининг қиймати келтирилмаган. Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг
    4-моддасига мувофиқ, истеъмолчилар товар (иш, хизмат) тўғрисида тўлиқ ва ишончли маълумот олишга ҳақлидирлар;
  2. Аванс тўловлари тўғрисидаги шартномада ижарага олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни йиғиш, тайёрлаш ва расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплашга истеъмолчидан фоиз (шартнома суммасидан) ундириш кўзда тутилган. Шунингдек, йўл фонди, нотариал харажатлар, объектни суғурталаш, автомобиль техник паспорти, ҳисоб маълумотномаси, банк харажатлари, ДАН (сақлаш) каби ҳаражатларни қоплаш учун ҳам бандлар мавжуд. Мазкур ҳаражатлар аксарият ҳолларда такрорланиши, юқоридаги Қонуннинг 21-моддаси талабларига зид бўлиб, унга кўра сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
  3. Ташкилотнинг ўз мажбуриятларини номувофиқ ёки ўз вақтида бажармаганлиги учун неустойка миқдори шартномада кўрсатилмаган. Юқорида қайд этилган қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, нуқсонлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган, шунингдек, иш бажаришни (хизмат кўрсатишни) бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда, ижрочи истеъмолчи ҳар бир кечиктирилган кун, соат (агар муддат соатларда белгиланган бўлса) учун иш (хизмат) қийматининг ёки буюртма қийматини (агар унинг қиймати алоҳида белгиланмаган бўлса) бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлаши белгиланган.
  4. Шартнома шартлари шундайки, улар истеъмолчиларни ўзига тобе қилади, баъзан ҳатто ижарага машинани тақдим этадиган компания раҳбарининг кайфиятига ҳам таъсир қилади. Бир неча ой давомида адолатга эриша олмаган, алданган истеъмолчилар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилишди. Виждонсиз ташкилотлар томонидан тез-тез ишлатиладиган истеъмолчиларни алдаш учун яна бир хийла-найранг – бу битта компания билан аванс тўлови тўғрисида битим тузиш ва бошқа компания билан кейинги тўлови билан автомобилни ижарага олиш.

Қизиғи шундаки,ушбу фирибгарликнинг биринчиси ҳам, бошқаси фирмалар ҳам бир асосчига тегишли. Бу нафақат қонунни қўпол равишда бузиш, балки Агентлик томонидан ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини тиклаш жараёнини ҳам анча мураккаблаштирган.

АВТОМОБИЛЬ ҚАНИ?

Агентликка юқоридаги жамият томонидан автомобиль воситалари ўз вақтида етказиб берилмаётганлиги ёки бошқа транспорт воситаси, истеъмолчи тўлаган маблағ қайта ҳисобланмаган ҳолда, камайтирилган нархларда тақдим этилаётганлиги хақида шикоятлар келиб тушди. Юқоридаги муаммолардан ташқари, бошланғич тўловни амалга ошириб, бир неча ойлаб (шартнома бўйича 120 иш куни) автомобиль воситасини кутаётган истеъмолчига, жамият томонидан 3 турдаги, шартномада кўрсатилмаган, нархи қимматроқ бўлган бошқа русумдаги автомобиль воситаси таклиф этилаётган ҳолатлар ҳам мавжуд. Бу қанчалик қонуний?

Агар мазкур жамият ноқонуний ҳаракатларидан жабр кўрган истеъмолчилардан илк мурожаат ўтган йилнинг январь ойида келиб тушган бўлса, бугунга келиб, инсофсиз тадбиркорлик субъектлари фаолиятидан норози бўлган шикоятлар сони 830 тани ташкил этмоқда. Агентлик 585 та истеъмолчини ҳуқуқини ҳимоя қилишга муваффақ бўлди ва 5,5 млрд сўм миқдоридаги зарар истеъмолчиларга қайтарилди.

ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ МУҲИМ!

Ижара шартномасида кўрсатилган фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ўрнатилган қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлиши мумкин эмас (жорий йилнинг февраль ойи ҳолатига кўра йиллик 14%). Чунки бу тадбиркор мутлақо фойдасиздир.

Шартнома тузишдан олдин у билан яқиндан танишиб чиқинг ва бетараф бўлган ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашинг. Шартномани сизга яхши тушунарли бўлган тилда тузилишини талаб қилинг.

Транспорт воситасининг тўлиқ қиймати шартномада кўрсатилган бўлиши шарт.

Агар ижара муддати 1 ойдан зиёдни ташкил этса, транспорт воситаси ижара шартномасини нотариал расмийлаштирилишини талаб қилинг, боз устига ушбу харажатлар транспорт воситасини тақдим қилаётган компания томонидан қопланиши лозимлигини ҳисобга олинг.

Шартнома тузмоқчи бўлган компания мижозларининг фикрлари ва баҳоси билан танишинг.

Шартнома тузишдан олдин ва кейин юзага келадиган масалалар бўйича Агентликка мурожаат қилинг. Мутахассислар зарурий тушунтиришлар ва маслаҳатларни беришади.

Шахсий омонатларингиз, вақтингиз ва асабингиз билан таваккал қилманг, тўғри танловни амалга оширинг.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар