Йўллардаги автобус бекатлари умумий техник талабларга қанчалик жавоб беради?

Йўллардаги автобус бекатлари умумий техник талабларга қанчалик жавоб беради?

Автобус бекатлари муаммоси нафақат пойтахт аҳолиси, балки республика ҳудудлари аҳолиси учун ҳам энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Буни республикадаги 850 дан ортиқ жамоат транспорти бекатларининг ҳолати бўйича жойига чиққан ҳолда олиб борилган ўрганиш натижалари кўрсатиб берди.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги жамоат транспорти бекатларининг ҳозирги ҳолатини ўрганиб чиқди.

Ўрганиш натижаларига кўра, бекатларнинг 91 фоизида, яъни 711 та бекатда автобусларнинг йўналиш маршрутлари схемаси ва жамоат транспортининг ҳаракатланиш жадвали мавжуд эмаслиги аниқланди.

Шунингдек, умумий техник талабларга мувофиқлиги ўрганилган 850 та автобус бекатининг 62,9 фоизида чиқиндилар учун қутилар ва 37,2 фоизида кутиш зали мавжуд эмас. 36,5% бекатларда йўловчилар учун ўриндиқлар етарли эмас, 31,6% бекатда йўловчилар ўриндиғи умуман йўқ, 245 та ҳолатда (28,9 фоиз) эса кутиш хоналари белгиланган санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди.

Автомобиль йўллари тоифасига қараб, автобус бекатларида қуйидаги элементлар: чиқиш майдончаси, тушиш майдончаси, кутиш жойи, ўтиш чизиқлари, автобуслар тўхташи учун йўлнинг махсус кенгайтирилган қисми, ажратувчи чизиқ, тротуар ва пиёдалар юриш йўлакчалари, пиёдалар ўтиш жойи, автопавильон, ўриндиқлар, чиқинди учун қутилар ва ёритиш ускуналари бўлиши лозим.

Давлат стандартига кўра, автопавильон автобус келишини кутаётган йўловчиларни ноқулай об-ҳаво ва иқлим омиллари таъсиридан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган. Автопавильон ёпиқ ёки очиқ турдаги соябон шаклида бўлиши мумкин. Автопавильоннинг ўлчами автобус бекатида, тиғиз пайтда, бир вақтнинг ўзида йўловчилар сони ҳисобга олинган ҳолда, 4 киши 1 м2 ҳисобида аниқланади.

Бироқ, ўрганишларнинг кўрсатишича, аксарият автобус бекатлари даромад олиш шохобчаларига айлантирилган. Бекатларнинг ҳажми кичиклиги ва уларнинг майдонларини дўконлар, фаст-фуд, кафелар эгаллаганлиги сабабли истеъмолчилар автобусларни асосан қуёш ёки ёмғир остида кутишларига тўғри келмоқда. Бу ҳақида истеъмолчилар бот-бот ижтимоий тармоқларда ўз норозиликларини билдиришмоқда.

Замонавий автобус бекатларининг яна бир муҳим муаммолардан бири – ногиронлар аравачаси учун пандусларнинг мавжуд эмаслиги.

“Автомобиль йўлларидан автобус бекатлари” стандарт талабларида автобус кутиш бекатида чиқинди қутилари ўрнатилиши кераклиги аниқ кўрсатиб ўтилган. Улардан бири ташқарида, иккинчиси эса кутиш майдонига жойлаштирилиши лозим.

Ҳақиқатда, автобус бекатларидаги ўриндиқларнинг етишмаслиги билан бир қаторда, оддий тозаликка риоя этиш ҳанузгача муаммо бўлиб қолмоқда. Юқоридаги ҳужжатга асосан, автобус бекатлари ўриндиқлар билан, бири – павильонда, иккинчиси кутиш жойида, 10 м2 майдонга 1 та ўриндиқ ҳисобида жиҳозланган бўлиши керак. Пойтахт маркази ва унга яқин атрофдаги ҳудудларда вазият озми-кўпми яхши бўлса, марказдан узоқроқ жойлашган ҳудудларда бекатларнинг ҳолати талаб даражасида эмас. Агентлик ўтказган ўрганиш натижалари буни исботлади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар