Аҳолига 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йилга ипотека кредитлари берилади

Аҳолига 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йилга ипотека кредитлари берилади

Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасида селектор йиғилиши ўтказмоқда. Йиғилишда аҳолини уй-жой билан таъминлашда кредит шартлари енгиллаштириш ва субсидия бериш тўғрисида сўз юритилди.

Жумладан:

- ипотека кредити 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йилга ажратилади, шаҳарларда дастлабки бадал 20 фоиздан 15 фоизга туширилади;

- паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи (учдан икки қисми) субсидия сифатида тўлаб берилади (Бу – уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлаш кифоя, дегани);

- кредит фоизининг Тошкент шаҳрида 12 фоиздан, бошқа ҳудудларда 10 фоиздан ошган қисми учун биринчи беш йилда субсидия беришни ҳам давом эттирилади.

Мазкур имтиёзлар ҳисобига аҳоли учун дастлабки бадал миқдори 2 баробарга камаяди.

Ушбу механизм ҳозирда хусусий сектор томонидан қуриб битказилаётган 8 мингта квартирани ўз эгаларига топширишда ҳам қўлланилади.

Бунинг учун мазкур уйлар хатловдан ўтказилиб, битганлари ҳақидаги маълумотни оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига етказилади ва харидорлар рўйхати шаффоф тарзда шакллантирилади.

Банклар томонидан йил якунигача шаҳарларда 17 минг 350 та, қишлоқларда 9 минг 260 та квартира учун кредит ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиеев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасида ўтказилаётган селекторда "Бу йил ипотека кредити бўйича етишмовчилик ва чеклов бўлмайди" , дея таъкидлаган эди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар