Аҳоли даромадининг кредитга йўналтирадиган қисмини солиқдан озод қилиш чегараси оширилади – Президент иштирокида ўтган йиғилишдан асосийлари

Аҳоли даромадининг кредитга йўналтирадиган қисмини солиқдан озод қилиш чегараси оширилади – Президент иштирокида ўтган йиғилишдан асосийлари

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 июль куни озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, дунёда озиқ-овқат танқислиги кучайиб бормоқда. Экспортга қўйилаётган чекловлар ва транспорт-логистикадаги узилишлар муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Таҳлилларга кўра, жорий йилда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.

Мамлакатимизда аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқатга сарфланади. Шу боис бундай маҳсулотларни кўпайтириб, нарх-навонинг аҳоли рўзғорига таъсирини юмшатиш чоралари кўрилмоқда.

“Юқоридаги хавф-хатарларнинг аҳолимизга таъсирини юмшатиш бўйича ҳар бир маҳалла, туман, вилоят даражасида аниқ ҳисоб-китоб ва чора-тадбирлар қилиш керак. Бунинг учун барча имкониятларни яратиб берганмиз”, деди давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида.

Хусусан, йил бошида 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳоли учун ажратилди. Одамларга уруғ, кўчат ва ўғитдан ёрдамлашиш бўйича 3 мингдан зиёд “Томорқа хизмати” йўлга қўйилди. Томорқаларда маҳсулот етиштириш учун жорий йилнинг ўзида 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилди.

Бундай имкониятлар натижасида маҳсулот кўпайиб, нархлар тартибга тушмоқда. Сўнгги бир ойда ички бозорда помидор нархи ўртача 3 бараварга, бодринг 10 фоизга, картошка 30 фоизга, сабзи 15 фоизга арзонлади. Бундан ташқари, 6 ойда 821 минг тонна ёки ўтган йилгига нисбатан 102 минг тонна кўп мева-сабзавот экспорт қилинди. Яна бир муҳим томони, ҳозирга қадар ажратилган 64 минг гектар ерларда 785 минг аҳолининг бандлиги таъминланди.

Йиғилишда туман ва маҳаллалардаги ижобий тажрибалар билан бирга камчиликлар ҳам очиқча муҳокама қилинди.

Жумладан, 80 минг гектар ердан 16 минг гектари аҳолидан узоқ ва суғориш қийин жойда бўлгани сабабли эгасини топмагани айтилди. Шу боис ҳокимларга бундай ерларни аҳоли учун қулай майдонларга алмаштириш топширилди.

Хўжаобод, Мўйноқ, Ҳазорасп, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Нурота ва Сариосиё каби ўнлаб туманларда ҳам яратилган иш ўринлари кўрсаткичи қониқарли.

Президент Ҳазорасп тумани аҳолисига бу ислоҳот қандай имкониятлар яратгани ҳақида “Шовот” маҳалласи раиси Сора Ражабованинг фикрларини сўради. Унинг фикрларини эшитиб, барча маҳалла раисларига мурожаат қилди.

"Ҳар бир маҳалладаги хонадон ва кўча бўйларидаги ер майдонларига тажрибали деҳқонларни жалб қилиб, маҳаллангизда озиқ-овқат таъминоти бўйича ўз тажрибангизни яратсангиз, биласизларми қандай катта ўзгариш бўлади!”, деди Президент.

Давлатимиз раҳбари аҳоли таклифлари асосида янги имкониятларни белгилаб берди. Йил якунигача яна 20 минг гектар, келгуси йилда 100 минг гектар экин майдони аҳоли учун ажратилиши таъкидланди. Шунда жами 200 минг гектар бўлади.

"Бу жуда катта имконият. Бу орқали қўшимча 1 миллион 200 минг аҳолини банд қилиш учун шароит яратилмоқда. Энг асосийси, агар туман ҳокими, ҳоким ёрдамчиси бу масалага ҳисоб-китоб билан ёндашса, озиқ-овқат ва ишсизлар масаласини бемалол ҳал қилса бўлади", деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддилар, вилоят ва туман ҳокимларига бир ой муддатда:

- камида 1 мингта маҳаллада кичик ҳажмли музлаткичлар ўрнатиш;

- 3 минг гектарда парник усулида эртаки маҳсулотлар етиштириш дастурини бошлаш топширилди.

Бунга жорий йилда 50 миллион доллар, келгуси йилда яна 100 миллион доллар йўналтирилади.

Шунингдек, “дафтарлар”даги аҳолига ер берилганда, барча имтиёз ва тўловлар 1 йилгача сақланиб қолади. Бундан ташқари, танловда 1 нафар талабгор иштирок этганда ҳам танлов ўтказилган ҳисобланади.

Маҳаллаларга ҳосилдор уруғ, кўчат етказиш ва маҳсулотини сотиб олиш учун 150 миллиард сўм йўналтирилади.

Бугунги кунда 64 та туманда аҳоли ўз томорқасида 3 марта ҳосил олмоқда. Ҳосил яхши бўлса, битта оила 60-100 миллион сўмгача даромад қилиши мумкин. Давлатимиз раҳбари бундай ишларни бошқа туманларда ҳам рағбатлантириш кераклигини таъкидлади.

Бу борада Бекобод тумани “Маллабой” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси йўлга қўйган ижобий тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.

“Мана, Бекободдай оғир туманда ҳоким ёрдамчиси қилаётган ишларни эшитдик. Ҳамма ҳоким ёрдамчиларига топшириғим бор. Ажратилаётган экин ерларида ишсиз аҳолини деҳқончиликка ўргатиш орқали даромадли қилиш – сизларнинг энг устувор вазифангиздир.

Ҳар бир гектарда 10-15 ишсизларни банд қилиб, 3 марта ҳосил олиш, уруғ, ўғит, ёқилғи ва маҳсулот сотиб олишни йўлга қўйсангиз, биласизларми, эл-юрт олдида қандай ҳурмат-эътибор топасизлар!”, деди Президент.

Йил якуни бўйича республикадаги 200 нафар намунали тажриба яратган маҳалла раисларини рағбатлантиришга топшириқ берилди.

Шу билан бирга, республика бўйича 16 минг гектар майдон эгасини топмаган. Чунки бу ерлар аҳоли яшайдиган жойдан узоқ, суви оғир, мелиоратив ҳолати ёмон, лалми ва яйлов майдонлардан танлангани учун уларга деҳқонларда қизиқиш йўқ.

Қорақалпоғистонлик ва Қашқадарёлик томорқа эгалари таклифларидан келиб чиқиб, сув таъминоти оғир маҳаллаларда катта қудуқ қазиш харажатлари учун ажратиладиган субсидия миқдори оширилади.

Хусусан, сув таъминоти оғир маҳаллаларда катта қудуқ қазиш харажатлари учун ажратиладиган субсидия миқдори 150 миллион сўмгача оширилиши белгиланди. Кичик қудуқлар учун Қорақалпоғистонда 5 метрдан, қолган ҳудудларда 10 метрдан ортиқ чуқурликнинг ҳар бир метрига 100 минг сўмдан субсидия берилади.

Қудуқ қазишга гидрогеологик хулосалар 2025 йилга қадар бепул берилади. Сув тежовчи технологиялар жорий этиш бўйича бериладиган субсидиялар деҳқон хўжаликлари учун ҳам татбиқ этилади. Бунга, жорий йилда қўшимча 65 миллиард сўм йўналтирилади.

Ушбу имкониятлардан фойдаланиб, йил якунигача 400 та маҳаллада қудуқларни ишга тушириш ва 19 минг оила томорқасида сув таъминотини яхшилаш топширилди. Умуман, бугунги вазифаларни ташкил этиш орқали 2 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш ҳисоб-китоб қилингани таъкидланди.

Бундан ташқари, хўжаликларга халал бераётган яна бир муаммо шундаки, юртимизда 2 миллион 600 мингта хонадоннинг (4 минг 300 гектар майдон) кадастр ҳужжатлари берилмаган, яъни уларда ҳали эгалик ҳуқуқи йўқ.

Шу боис Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Кадастр агентлигига бир ҳафта муддатда ишчи гуруҳларини шакллантириб, ишларни бошлаш топширилди. Ишчи гуруҳлари:

- 1 октябрга қадар маҳаллабай кадастр ҳужжати бўлмаган хонадонларнинг электрон рўйхатини шакллантиради;

- уй-жойга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларни тўплайди ва электрон базага киритади.

Мутасаддиларга республиканинг барча ҳудудларида кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага киритиш вазифаси қўйилди.

Янги қонун қабул қилингунига қадар бу уй-жой эгаларига уч карра оширилган солиқ қўллаш тўхтатиб туришга қарор қилинди.

Уларнинг эгалари томорқа учун кредит, субсидия ҳамда уйини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмаётгани ҳақида Халқ қабулхоналарига кўплаб мурожаатлар тушмоқда. Қолаверса, кадастри бўлмагани учун ер солиғи 3 карра миқдорда ҳисобланмоқда.

Адлия вазирлигига кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилди. Янги қонун қабул қилингунига қадар, бу уйларга уч карра оширилган солиқ қўллаш тўхтатиб турилади.

Мутасаддиларга ва вилоят ҳокимларига танловда эгаси аниқланмаган ерларни аҳоли учун қулай майдонларга алмаштириш, ер эгаларига кадастр ҳужжатини расмийлаштириб бериш топширилди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Ҳокимликларга июль ойи якунигача 820 минг гектар майдонда такрорий экинларни жойлаштириб, 11 миллион тонна маҳсулот етиштириш, келгуси йилгача етарли захира яратиш вазифаси қўйилди.

Маълумки, бу йилдан ғаллани етиштириш ва харид қилишни молиялаштириш бўйича янги тизим йўлга қўйилди. Фермерларга жозибадор нархлар таклиф этилгани ўз натижасини берди. Июлда биржага 88 минг тонна буғдой чиқарилгани ҳисобига, 1 тонна буғдойнинг ўртача нархи 30 фоизга арзонлашди.

Давлат ресурсига 1 миллион 842 минг тонна дон харид қилинди. Фермер ва кластерлар томонидан дон корхоналарига 574 минг тонна ғалла сақлаш учун қўйилди.

Мутасаддиларга бу ғаллани биржага мунтазам чиқариб бориш ҳамда 1 октябргача фермер ва кластерлар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президентимиз давлат идораларининг самарадорлиги ва ижро масъулиятини ошириш ҳақида гапирди.

"Самарқанд вилоятидаги ўрганишлар кўп камчиликларимизни кўрсатди. Олдимизда ҳали энг қийин ва оғир ислоҳотлар турибди. Ҳамма ўзгариши, иш услубини ҳам ўзгартириши керак", деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз аҳолини қийнаётган уй-жой билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтди.

Уч йил аввал аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича бозор тамойилларига асосланган янги ипотека тизими жорий этилди. Натижада, ўтган беш ойда ипотека кредитлари ҳажми 2,5 бараварга ошиб, 310 мингдан зиёд оила шахсий уй-жойга эга бўлди. Уй-жой қурилиш ҳажми ҳам 3 баравар ошди.

Шу ўринда, жорий йилда асосий ставка ошганига қарамай, ипотека кредитлари бўйича банкларга ажратиладиган ресурс ставкалари ўзгаришсиз қолдирилди. Натижада, шу йилнинг беш ойида 30 минг нафар ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 бараварга кўп фуқароларга имтиёзли ипотека кредити ажратилди.

Лекин, ипотека кредитларининг чекланган ҳажми ва субсидия ажратишда бюрократия бўйича аҳоли томонидан кўплаб эътирозлар билдирилмоқда.

Шунинг учун, мутасаддиларга 1 сентябрдан бошлаб:

- аҳоли даромадининг кредитга йўналтирадиган қисмини солиқдан озод қилиш чегарасини ошириш;

- ипотека кредитини ажратишда аҳоли даромадлари бўйича тижорат банкларига қўйиладиган талабларни енгиллаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда субсидия ажратишда бюрократияни кескин қисқартириш, уни очиқ-ошкора қилиб, тўлиқ рақамлаштириш бўйича таклиф киритиш вазифаси қўйилди.

Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва ҳокимликлар ўз тузилмаси ва иш услубларини ўзгартириши зарурлиги таъкидланди. Адлия вазирлигига қонунчиликни ихчамлаштириш, аҳоли ва тадбиркорларга қулайликларни ошириш бўйича кўрсатма берилди.

Ҳисоб палатасига маблағлар сарфи, айниқса, қурилишни молиялаштириш, субсидия ва компенсация ажратиш жараёнларини рақамлаштириш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, ҳокимлар, маҳалла раислари ахборот берди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар