“Aҳолига ипотека кредитлари ажратилишининг ҳадли шартлари тўғрисида”ги низом лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди

“Aҳолига ипотека кредитлари ажратилишининг ҳадли шартлари тўғрисида”ги низом лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди

Марказий банк томонидан “Aҳолига ипотека кредитлари ажратилишининг ҳадли шартлари тўғрисида”ги низом лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Норматив- ҳуқуқий ҳужжатлар порталига муҳокама учун жойлаштирилди.

Ушбу низом лойиҳаси Осиё тараққиёт банки мутахассислари билан ҳамкорликда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ишлаб чиқилди ва тижорат банклари томонидан аҳолига ипотека кредитлари ажратилишининг умумий шартлари ҳамда қоидаларини белгилаб беради.

Низомда ипотека кредити йўналишлари, расмийлаштириш босқичлари, қарз олувчининг тўловга лаёқатлилиги таҳлили ҳамда ипотека кредитларини ажратиш билан боғлиқ таваккалчиликни бошқариш бўйича йўналишлар келтирилган.

Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, аҳолига ипотека кредити банклар томонидан тўловлилик, қайтаришлик, таъминланганлик ва муддатлилик шартларида қуйидаги мақсадларга берилади:

  • қурилишнинг белгиланган нормалари ва қоидаларига риоя қилиб якка тартибда уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;
  • янги қурилган ёки иккиламчи бозордан якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотиб олиш;
  • янги қурилган ёки иккиламчи бозордан якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйни ўзининг мавжуд уй-жойи ёки кўп квартирали уйига алмаштиришга;
  • бошқа банклар томонидан ажратилган ипотека кредитларини мижозларга қулай шартларда қайта молиялаштириш.

Шунингдек, ипотека кредити:

  • қурилаётган уй-жойни у жойлашган ер участкаси билан бирга;
  • ипотека кредити ҳисобига сотиб олинадиган ва белгиланган тартибда қарз олувчи мулкига ўтадиган якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани;
  • қарз олувчининг мулки бўлган ва ипотека кредити ҳисобига реконструкция қилинаётган якка тартибдаги уй-жойни гаровга қўйган ҳолда амалга оширилади.

Муомаладан олиб қўйилган ва бегоналаштирилиши мумкин бўлмаган кўчмас мулк ипотека предмети бўлиши мумкин эмас.

Уй жойни реконструкция қилиш ва таъмирлашга кредит ажратилишида базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баробаридан ошмаганда, банкнинг кредит сиёсатига мувофиқ кредит таъминотига кўчмас мулк бўлмаган бошқа таъминот қабул қилишга ҳақли.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар