Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг баҳосига кўра, Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқотлар якунлари бўйича, 2024 йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 8,9 фоизгача пасайди.
2022-2024 йилларда Ўзбекистон аҳолиси фаровонлик даражасининг ўзгариши Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан бутун республика бўйича уй хўжаликлари бюджетини ўрганиш маълумотлари асосида таҳлил қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда камбағаллик даражасининг ўзгариши энг илғор жаҳон тажрибаси асосида қайта кўриб чиқилди. Хусусан, фойдаланилаётган халқаро ҳисоб-китоб услуби Жаҳон банки концепциясига асосланган.
Хусусан, йил давомида бутун республика бўйлаб хонадонлар бюджети ўрганилади. Ўлчаш усули, камбағаллик даражасини ўлчаш сўнгги йилларда сезиларли даражада ўсган аҳоли даромадларининг баҳоларига асосланади.
Баҳоларга кўра, 2021 йилги сўровда 10 минг атрофида уй хўжаликлари иштирок этган, 2022 йилда эса қамров 14 мингдан ошди, 2024 йилда бутун мамлакат бўйлаб 16 мингдан зиёд оилалар ўрганилди.
Ўзбекистонда камбағаллик даражаси
2023 йилда республикада камбағаллик даражаси 14 фоиздан 11 фоизга, 2024 йилда эса 8,9 фоизгача қисқарди. Натижада 719 минг киши камбағалликдан чиқарилди. Камбағаллик даражасининг пасайиши республиканинг барча ҳудудларида кузатилмоқда.
Камбағалликнинг қисқариш суръатлари Бухоро ва Самарқанд вилоятларида сезиларли юқорилашни кўрсатмоқда ва ўртача 3,1 фоиз пунктни ташкил этиб, мос равишда 8,7 фоиз ва 7,5 фоизга тенг бўлди.
Шунингдек, камбағаллик даражасининг энг юқори қисқариши Наманган вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам 2,8 фоиз пункт даражасида қайд этилди: навбати билан 7,6 фоиз ва 10,8 фоизгача.
Аҳоли даромадлари таркиби
Ўзбекистонда аҳоли даромадлари таркиби таҳлили ижобий ўзгаришларни намойиш этмоқда. Пул даромадларининг асосий манбалари иш ҳақи, ижтимоий тўловлар, пенсиялар, нафақалар, қишлоқ хўжалигидан олинган даромадлар бўлди.
Аҳолининг реал даромадлари 10,7 фоизга кўпайди, бу аҳоли жон бошига ўртача ойига 2,1 млн сўмга тўғри келади. Иш ҳақи фуқаролар турмуш даражаси яхшиланишининг асосий омилларидан бири сифатида жами даромадларнинг 42,6 фоизини ташкил этди.
Тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар ҳам ижобий динамикани кўрсатиб, 1,5 фоизга ошди ва 22,9 фоизга етди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ва томорқалардан олинган даромадлар 0,9 фоизга ўсиб, 10,7 фоизга етди, пул ўтказмаларидан тушган даромадлар эса 2,0 фоизгача қисқарди.
Даромадларда ҳудудий фарқлар ҳам кўзга ташланади, энг юқори ўсиш Фарғона ва Бухоро вилоятларида навбати билан 19,1 фоизга ва 11,4 фоизга тенг бўлди. Шунингдек Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 17 фоизни ташкил этди.
Энг юқори даромадлар пойтахтда қайд этилди – 3,6 млн сўм, шу билан бирга Навоий ва Қашқадарё вилоятларида даромадлар 2,2 млн сўмгача ўсди.
Аҳоли даромадлари ўсиши
2024 йилда аҳолининг иш ҳақидан келган даромадлари ўтган йилга нисбатан 12,9 фоизга ўсгани кузатилмоқда, бу эса 5,1 млн кишининг иш билан таъминланганлиги билан изоҳланади, шунингдек, бу расман ишга жойлашган аҳоли улушининг 30 фоизга кўпайишига хизмат қилди.
“Сайхунобод тажрибаси”
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида томорқалардан самарали фойдаланиш ҳисобига аҳоли даромадларини оширишга қаратилган пилот лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида салмоқли ютуқларга эришилди. Маҳаллаларда 326 минг микролойиҳаларни амалга ошириш натижасида уй хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги ва томорқалардан оладиган даромадлари 14,7 фоизга ўсди.
Кам таъминланган оилаларда томорқадан олинадиган даромадлар 17,7 фоизга ўсди.
Бундан ташқари, 159 минг киши 61 минг гектар ердан фойдаланиш имкониятига эга бўлди, улар фермер хўжалиги сифатида рўйхатга олинди.
Ўзбекистонда камбағаллик даражасини баҳолаш доимий асосда 2020 йилдан буён ўтказиб келинмоқда ва аҳоли турмуш даражаси, яшаш шароити ва сифати тўғрисидаги муҳим маълумот манбаи бўлиб хизмат қилади, шунингдек, мамлакатдаги монетар камбағаллик даражасини баҳолашнинг ягона ахборот манбаи ҳисобланади. Миллий статистик амалиётга кўп мезонли камбағаллик индексининг жорий этилиши Ўзбекистон Республикасида камбағалликни ўлчаш соҳасидаги истиқболли йўналишдир.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар маркази
Изоҳ қолдириш