Июнь ойида автомобиль бозорининг барча сегментларида фаоллик ошди

Июнь ойида автомобиль бозорининг барча сегментларида фаоллик ошди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон автомобиль бозоридаги фаоллик динамикасини мунтазам таҳлил қилиб боради. Таҳлил автомобиль бозорининг асосий сегментлари ҳамда ҳудудлар кесимидаги ўзгаришларни қамраб олади.

Июнь ойи якунларига кўра, автотранспорт воситалари савдоси 80,2 мингтадан ошди, бу май ойига нисбатан 18% кўпдир.

Ҳудудлар кесимидаги динамика

Июнь ойида республиканинг аксарият ҳудудларида автотранспорт воситалари савдоси ошди. Ўтган ойга нисбатан бироз пасайиш фақат Жиззах вилоятида 2,2% қайд этилди.

Энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (33,7%) ва Хоразм (32,6%) вилоятларида, шунингдек, Сирдарё (29%), Самарқанд (28,3%), Қашқадарё (26,2%) ва Андижон (26%) вилоятларида кузатилди.

Тошкент шаҳрида автотранспорт воситалари савдоси бир ойда 9%га ошиб, 17,9 мингтани ташкил этди.

Енгил автомобиллар бозоридаги вазият

Июнь ойида енгил автомобиллар савдоси 61,4 мингтани ташкил этиб, май ойига нисбатан 14%га ошди.

Енгил автомобилларнинг бирламчи бозори

Янги енгил автомобиллар савдоси ҳажми 11%га ошиб, 24 мингтани ташкил этди. Ўсишнинг асосий қисми маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳиссасига тўғри келди. Уларнинг савдоси 12%га ошиб, 18,8 мингтага етди.

Хорижда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси 5,1 мингтани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан қарийб 7%га юқори бўлди.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, янги енгил автомобиллар савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5%га ўсиб, 157 мингтани ташкил этди.

Енгил автомобилларнинг иккиламчи бозори

Июнь ойида фойдаланилган енгил автомобиллар савдоси 16%дан ортиққа ошиб, 37 мингтадан ошди.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида иккиламчи бозорда енгил автомобиллар савдоси қарийб 240 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18% га камайди.

Электромобиллар бозоридаги вазият

Июнь ойида бирламчи ва иккиламчи бозорларда электромобиллар савдоси 8,4 мингтани ташкил этиб, жорий йилнинг май ойига нисбатан 63,5%га ошди.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 40 мингдан ортиқ электромобиль сотилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40%га кўп.

Республиканинг аксарият ҳудудларида бозор фаоллиги ошди. Пасайиш фақат Сирдарё вилоятида 2,9% қайд этилди.

Энг юқори ўсиш суръатлари Жиззах вилоятида 101%, Бухоро вилоятида 64,6% ва Фарғона вилоятида 58,5% ни ташкил этди.

Электромобиллар савдосининг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда. Июнь ойида пойтахт улуши бозор умумий ҳажмининг қарийб 63%ини ташкил этди. Савдолар май ойига нисбатан 78%га ошиб, 5,3 мингтага етди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар сектори

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар