Барча учун бир хил ўйин қоидалари: хуфёна иқтисодиётни қисқартириш бўйича давлат сиёсати

Барча учун бир хил ўйин қоидалари: хуфёна иқтисодиётни қисқартириш бўйича давлат сиёсати

“27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказилган йиғилишда 43 та давлат идорасининг 270 та назорат функцияси танқидий ўрганилиб хуфёна иқтисодиёт ва коррупцияга сабаб бўлаётган ваколатларни қисқартириш бўйича кўрсатмалар берилди”, дейилади хабарда. Мазкур хабарнинг долзарблигини инобатга олган ҳолда мақолада хуфёна иқтисодиёт тушунчаси, яхши ва ёмон жиҳатлари ҳамда бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ёритиб берилади.

Хуфёна иқтисодиёт ўзи нима?

Хуфёна (яширин) иқтисодиёт деганда одатда мамлакат ичида яратилган (қўшилган) қийматнинг солиққа тортилмай қолган ёки давлат томонидан назорат қилинмайдиган ва мамлакатнинг Ялпи ички маҳсулотида (расмий иқтисодиёт) акс этмай қолган қисми тушунилади.

Хуфёна иқтисодиётнинг асосан икки тури ажратиб кўрсатилади. Бири корхоналар томонидан фойдани камайтириб кўрсатиш/яшириш бўлса (масалан, аҳоли ва корхоналар билан олди-берди ишларининг бухгалтерия ҳисоботларда акс этмаслиги), иккинчиси ишчилар даромадининг камайтириб кўрсатилишидир (масалан, иш ҳақини “конверт” усулида бериш).

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт даражаси БМТ Ривожланиш Дастури изланишлари натижасида ЯИМга нисбатан 33 фоиздан 48 фоизгача деб баҳоланган.

Хуфёна иқтисодиёт яхшими ёки ёмон?

Аслини олганда, бундай “сояланиш”нинг шароитга қараб ҳам яхши ва ҳам ёмон тарафлари мавжуд. Бизнес юритиш ва ишлашга бюрократик ва коррупцион тўсиқлар мавжуд шароитда иқтисодиётнинг хуфёна қисмида топилган даромаднинг катта қисми барибир иқтисодиётнинг расмий қисмида сарфланади ва расмий қисмда ишлаб чиқариладиган товар ва хизматларга қўшимча талаб яратади, бу эса иқтисодий ўсишга туртки беради. Бундан ташқари, яширин иқтисодиёт инсонларни иш балан таъминланишида катта рол ўйнайди.

Шу билан бирга, “яширин” ишлайдиган ишчилар одатда ҳуқуқлари ҳимояланмаган, хавфсизликлари таъминланмаган, пенсия тизимидан узилган бўладилар. Давлат бюджетга тушимларнинг кам тушиши натижасида йўллар, истироҳат боғлари, кўчаларни ёритиш тизими каби жамоат иншоотлари қурилишига маблағ кам ажратилади. Сояда фаолият юритаётганларнинг “юки” расмий сектор вакиллари бўйнига тушиши натижасида бозордаги рақобат муҳити бузилади.

Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда 2019 йилнинг февраль - сентябрь ойларида 1 239 та тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, бизнес юритишда соғлом рақобатга норасмий секторнинг таъсири иккинчи долзарб муаммо сифатида қайд этилади. Тадбиркорларнинг ўртача 15 фоизи ушбу муаммони бизнес юритишдаги асосий тўсиқ сифатида қайд этишган. Ушбу муаммо кичик ва ўрта бизнесда (17 фоиз) йирик бизнесга (10 фоиз) нисбатан долзарблиги қайд этилади. Кейинги ўринларда турувчи электр энергия таъминотидаги етишмовчилик ва Транспорт логистикасидаги муаммолар (8,6 фоиз) ҳам қисман хуфёна иқтисодиёт муаммоси билан чамбарчас боғлиқ.

Тегишли равишда, жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганиш иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар хуфёна иқтисодиёт кўламини камайтириш тарафдори эканликларини кўрсатади. Жумладан, Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига қараганда даромади юқори мамлакатларда бундай иқтисодиёт кўлами ўртача 15 фоизни, ўрта даромадлиларда - 28 фоизни ва паст даромадлиларда – 39 фоизни ташкил этади.

Яширин иқтисодиёт билан курашиш тамойиллари

“Яширин иқтисодиёт билан курашишда “эҳтиёткор” бўлиш ва иқтисодий фаолликка зарар етказиб қўймаслик зарур. Хуфёна иқтисодиётга қарши курашиш тадбиркорлар ва ишчиларни жазолаш, улар фаолиятига тўсқинлик қилиш дегани эмас. Бу айниқса, пандемия даврида катта аҳамиятга эга”, дейилади Президент мурожаатида.

Одатда кам тўланадиган иш ўринлари хуфёна иқтисодиётнинг асосий қисмини ташкил этади. Агар уларга қарши тўғридан-тўғри курашиладиган бўлса, кам таъминланган аҳоли қатламлари зарар кўриши мумкин ва даромадлар/талаб камайиши натижасида иқтисодий ўсиш ҳам секинлашиши хавфи мавжуд.

Шунинг учун, жаҳон тажрибасида хуфёна иқтисодиётга қарши курашилаётганда маълум тамойилларга амал қилиш тўғрироқ ҳисобланади.

  1. Давлат шундай шарт-шароит яратиши керакки расмий иқтисодиётда фаолият юритиш “соя”да бўлишдан яхшироқ ва “соя”да бўлиш фаолиятни тўхтатишдан яхшироқ бўлиши керак. Бу дегани хуфёна иқтисодиётни қисқариш тезлиги ва кўлами ўзининг оптимал нуқтасига эга.
  2. Хуфёналикни қисқартиришдаги қаттиққўллик адолатли қонун нормалари жорий қилингандан кейингина амалга ошиши керак. Зеро, ишчиларни “соя”да ишлашига солиқларнинг баландлиги туртки бераётган бўлиши мумкин. Шунда ҳам қаттиқ кураш нормалари жорий этилса, ишсизлик кўпаяди ҳамда иқтисодиётнинг расмий қисми ҳам зарар кўради. Унинг устига, кам даромадли аҳолини жазолаш сиёсий жиҳатдан тўғри эмас.

Жаҳон банки тадқиқот натижаларига кўра, мамлакатимиздаги тадбиркорларнинг аксарияти (23 фоиз) солиқ ставкаларининг юқорилиги бизнесни ривожлантиришга таъсир кўрсатаётган асосий омил сифатида кўришмоқда. Кичик ва ўрта бизнес (23 фоиз) вакилларида солиқ ставкалари муаммосининг долзарблиги йирик корхоналарга (19 фоиз) нисбатан анча юқори.

Солиқ тушумлари, солиқ ставкаси ва хуфёна иқтисодиёт ўртасидаги боғлиқлик

Тушунча: Солиқ ставкасининг маълум даражагача кўтарилиши бюджет тушумларининг ўсиши ва давлат хизматларининг кўлами ва сифати ошишига олиб келади, бу эса ўз навбатида иқтисодиётнинг расмий секторининг ўсишини таъминлайди. Ставкаларнинг ҳаддан ташқари ошиб кетиши корхона ва ишчиларнинг “соя”га киришига, бюджет тушумларининг камайишига ва расмий секторнинг қисқаришига олиб келади.

  1. Бир пайтнинг ўзида очиқликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш лозим. Ҳатто адолатли қонунлар ҳам коррупция даражаси юқори ҳолатларда иш бермайди.

Агар одамлар давлатга ишонмаса, жумладан, коррупцияда шубҳа қилган ҳолда, улар солиқларни тўлашдан ўзларини манфаатдор сезмайдилар. Чунки солиқни тўлаётган одам давлат томонидан давлат хизматларининг кўлами ва сифати кўринишида манфаат кутиб қолади. Хуфёна иқтисодиётнинг коррупция даражаси юқори мамлакатларида улуши катталиги ҳам бунга бир далил. Айниқса ривожланаётган давлатларда коррупция даражаси катталашган сари хуфёна иқтисодиётнинг улуши кўпайиб боришини кўриш мумкин (Johnson et al. 1997, 1998; Hindriks et al. 1999; Hibbs and Piculescu 2005; Schneider, 2012).

Ўзбекистонда давлат хуфёна иқтисодиёт билан қандай курашмоқчи?

Ўзбекистонда охирги йилларда валюта бозорини эркинлаштириш, янги солиқ ислоҳотлари ҳамда 100 га яқин рухсат бериш ва лицензияларни қисқартириш натижасида охирги 5 йилда саноатда норасмий сектор улуши 20 фоиздан 6 фоизга туганлиги эътиборга сазовор.

Бундан ташқари, куни кеча Президент бошчилигида ўтказилган йиғилишда ҳам яширин иқтисодиётни 2 баробар қисқартириш мақсади қўйилди ва бунга эришиш йўлларининг контурлари белгилаб берилди.

Жумладан, асосий эътибор солиқ ислоҳотларини изчил давом эттириб, яширин иқтисодиётга рағбат уйғотмайдиган солиқ ставкаларини жорий этишга қаратилган. Шу билан бирга, тажрибали хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда тадбиркорларнинг легал ишлашига кўмаклашувчи алоҳида тузилма ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Ўйлаймизки, бу тузилма солиқ ставкаларини оптимал даражаси бўйича керакли таклифлар ишлаб чиқади ва шу билан бирга, бу ставкалар жорий этилгандан сўнг барча тадбиркорлар учун бир хил ўйин қоидалари ишлаб чиқилиши ва амалда таъминланишида муҳим рол ўйнайди.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бугунги кунга қадар тадбиркорлик субъектидан фақатгина 13 фоизи онлайн касса машиналари билан таъминланган. Бу эса пул маблағларининг банк тизимидан ташқарида айланишига шарт-шароит яратади. Бунинг олдини олиш мақсадида 5 миллиард сўм айланмага эга бўлган 62 минг корхонани онлайн касса машинасидан фойдаланишга ўтказиш таклиф қилинмоқда. Шу билан бирга, тегишли идораларга алкоголь, пиво, тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган 10 та йирик корхонада маркировкалаш тизимини ишга тушириб, 2021 йилдан барча акциз товари ишлаб чиқарувчиларда бу тизимни жорий қилиш вазифаси юкланмоқда.

Хуфёна иқтисодиёт ва коррупция доимо ёнма-ён юриши инобатга олиниб коррупция муаммосини ечиш хуфёналикни камайтириш чоралари қаторида кўрилмоқда. Жумладан, охирги пайтлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Жорий йилда Коррупцияга қарши курашиш халқаро рейтингида Ўзбекистон 5 та поғонага кўтарилди. Аммо, яқинда Бухоро вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси 50 та кислород концентраторини 12 миллион сўмдан харид қилган бўлса, чет элдан олиб келиш нархи 3,2 миллион сўмни ёки 4 баробар кам бўлгани коррупция муаммоси ҳали ҳануз ислоҳотлар этагига болта солувчи хавф сифати намоён бўлаётганидан далолат беради.

Буни инобатга олган ҳолда, давлат харидлари ва инвестиция лойиҳаларида коррупцияга йўл қўймаслик мақсадида ҳар бир лойиҳани амалга оширишдан аввал “коррупцияга қарши экспертиза” ўтказиш амалиётини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Қурилиш, Соғлиқни сақлаш ва Олий таълим вазирликлари ҳамда Ўзбекнефтгаз, Ўзкимёсаноат ва банкларда “комплаенс” тизимни охиригача жорий этиш кўзланмоқда. Бундай амалиётлар, ўз навбатида, давлат мулкининг талон-тарож бўлишини олдини олади ва солиқ тўловчиларнинг мажбуриятларини ўз ўрнида бажаришларига тўсқинлик қилувчи тўсиқларни йўқ бўлишига шароит яратади.

Кўп давлат идоралари ҳали ҳам эскича усулда ишлайди. Рақамли технологиялар имкониятларидан унумли фойдаланмайди. Натижада иш унумдорлиги ва сифати пастлиги сезилади. Шуни инобатга олиб божхона назоратини кучайтиришда рақамли технологияларни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Натижада “инсон омили”ни йўқотиш орқали контрабанда ва маҳсулотлар божхона қийматини сунъий пасайтириб кўрсатиш ҳолатларига чек қўйиш мумкин. Импорт маҳсулотлари базасини солиқ идоралари тизими билан интеграция қилиб, божхонадан кейинги назоратни мувофиқлаштириш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, электрон ҳисоб-фактурага импорт божхона декларациясини боғлаш орқали товарларни истеъмолчигача етказишнинг узлуксиз занжирини яратиш таклиф қилинган. “Божхона аудити” ахборот тизимини ишга тушириш режалаштирилган.

Иқтисодиётда банд бўлган 13,5 миллион аҳолининг атиги 4,9 миллиони даромад солиғи тўловчиси ҳисобланади. Норасмий бандлик даражаси қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида юқорилигича қолмоқда. Бу эса яширин иқтисодиётни тармоқлар ва соҳалар бўйича таҳлил қилиш ишларини такомиллаштиришни талаб этади.

Охирги пайтлар аҳолини ўзини ўзи банд қилиш тизимини соддалаштириб, фаолият турлари 24 тадан 67 тагача кенгайтирилди. Бу эса хусусий секторнинг учдан бир қисмини ташкил этувчи ўз ўзини банд қилувчи аҳоли қатлами учун соядан чиқиш ва келажакда пенсия тизимига уланиш имконини беради. Июль ойининг ўзида 184 минг нафар фуқаро ўз фаолиятини расмий секторга ўтказди. Тегишли равишда, тадбиркорлик фаолиятига рухсат бериш ва лицензиялашда ортиқча тартиб-таомилларни янада қисқартириш ишларини давом эттириш кўзланмоқда.

Ўйлаймизки, юқорида келтириб ўтилган асосий йўналишлар бўйича ишларнинг самарали йўлга қўйилиши хуфёналик кўламини камайиши, ҳамма учун бир хил рақобат муҳити яратилишига, давлат тушумларининг кўпайиши натижасида ижтимоий объектлар ва ижтимоий ҳимоя тизимига ажратиладиган маблағларнинг кўпайишига олиб келади.

Бахтишод Хамидов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар