Навоий вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги
Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ишлари ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Вилоятда янги ўсиш нуқталарини аниқлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида 2025 йилда йирик тармоқ корхоналарига боғлиқ бўлмаган ҳудудий инвестициялар ҳажми 1,4 млрд. долларга етди, 2026 йилда эса ушбу рақамни 2 млрд. долларга етказиш мақсади қўйилган.
Шу билан бирга, ўтган йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 168 трлн. сўмни ташкил этиб, 7,7 фоизга ўсди. Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида 8,3 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз, хизматлар соҳасида эса 13,7 фоиз ўсиш қайд этилди, 161 мингта янги иш ўрни яратилиб, ишсизлик ва камбағаллик даражаси 4,2 фоизга тушди.
Шу билан бирга, саноат ривожи ҳудудлар кесимида номутаносиб экани қайд этилди. Вилоят бўйича жон бошига саноат маҳсулоти ҳажми 177 млн. сўмни ташкил этса-да, Томди, Нурота, Хатирчи, Навбаҳор ва Қизилтепа туманларида ушбу кўрсаткич республика ўртача даражасидан паст қолмоқда. Ваҳоланки, Томди ва Нурота мармар, кварц ва базальт каби табиий ресурсларга бой.
Қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди, зеро вилоятдаги 9 млн. гектар яйлов қўйчилик, туячилик ва йилқичиликни иқтисодиёт драйверига айлантириш учун етарли. Чорвачиликни ривожлантириш мақсадида 2026 йилда хориждан майда шохли мол, зотли туя ва отлар олиб келинади. Шу муносабат билан, вилоятдаги 3,3 млн. гектар яйлов лойиҳавий ёндашув асосида қишлоқ хўжалиги айланмасига киритилади. Хитойнинг чўлланишга қарши кураш тажрибаси асосида Навоийда чўлланишни бартараф этишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилади.
Вилоят таълим соҳасида ҳам республикада етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланади, ҳудудда олий таълим қамрови 71 фоизни ташкил этмоқда, ўтган йилда 10 та мактаб битирувчилари олийгоҳларга кириш бўйича 100 фоизлик натижага эришди. Янги ўқув йилидан бошлаб Навоий ва Зарафшон шаҳарларида “Бир мактаб – бир IT синф” тамойили асосида ихтисослашган синфлар очиш таклиф этилди.
Йиғилишда туризм соҳаси ҳам муҳокама қилинди. 2026 йилда Навоий вилоятига 600 минг хорижий ва 3 млн. маҳаллий сайёҳни жалб қилиш, 72 та янги жойлаштириш воситасини ишга тушириш ҳамда 500 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Хусусан, “оғир” туман сифатида белгиланган Навбаҳор туманидаги “Сармишсой” ҳудуди атрофида дам олиш ва кўнгилочар маскан ташкил этиш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиб, сайёҳлар оқимини 3 каррага ошириш имконияти мавжудлиги қайд этилди. Шунингдек, Кармана шаҳрида туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд: Самарқанддан Бухорога йўл олаётган туристларни қадимда Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган бу шаҳарда яна бир кун ушлаб қолиш имконияти бор.
Президент томонидан ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш ишларини давом эттириш топширилди. Умуман, жорий йилда вилоятга 4,2 млрд.доллар хорижий инвестиция жалб қилиб, экспорт ҳажмини 1,5 млрд. долларга етказиш вазифалари белгиланди.
Техник тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотлар муҳокамаси
Президент Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни техник тартибга солиш соҳасини халқаро талаблар асосида тубдан янгилаш юзасидан тақдимот билан танишди. Тақдимотда сўнгги тўрт йилда миллий стандартларнинг ярми халқаро талабларга тўлиқ уйғунлаштирилгани қайд этилди. Мамлакатимиз аккредитация тизими 185 та давлат орасида 29-ўринни эгаллади. Миллий лабораториялар натижалари Германия, Корея ва Япония каби 37 та давлат томонидан тан олина бошлади.
Сўнгги тўрт йилда миллий стандартларнинг ярми халқаро талабларга мослаштирилди. Шу билан бирга, бизнес учун муҳим енгилликлар жорий этилди: мажбурий сертификатлаш 27 фоизга қисқарди, 156 та товар бўйича давлат рўйхатидан ўтиш бекор қилинди. Бу ортиқча бюрократияни камайтириб, рақобат муҳитини яхшилади.
Бироқ амалдаги тизимда ҳали ҳам жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда: маҳсулотда камчилик аниқланса, унинг айланмаси эмас, балки бутун корхона фаолияти чекланиши тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлмоқда. Шу боис соҳада давлат назоратидан босқичма-босқич воз кечиб, хавф-таҳлилга асосланган бозор назорати тизимига ўтиш режалаштирилмоқда. Янги ёндашувга кўра, ишлаб чиқарувчи маҳсулот сифатини мустақил декларация қилади ва тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади. Бу жараённи ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш учун “Бозор назорати тўғрисида” ҳамда “Маҳсулотнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида” қонунлар ишлаб чиқилмоқда.
Ислоҳотлар доирасида стандартлаштириш тизими ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилмоқда: мавжуд 33 минг стандартнинг ярми эскиргани сабабли, 6 та техник регламент бекор қилиниб, 29 таси қайта ишланади, 2028 йилгача эса минглаб халқаро стандарт жорий этилади. Бу жараён тармоқлар кесимида босқичма-босқич амалга оширилиб, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари тўлиқ халқаро стандартларга ўтказилади. Хусусан, 2026 йил 1 июлдан тўқимачилик, чарм, мебель, электротехника, автомобилсозлик, ахборот технологиялари, 2027 йилдан бошлаб нефть-газ, металлургия, транспорт, қурилиш маҳсулотлари, тиббий буюмлар, 2028 йилдан бошлаб эса энергетика, кимё, экология ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни тўлиқ халқаро стандартлар асосида ташкил этила бошлайди.
Шу билан бирга, бозорни либераллаштириш чоралари кучайтирилиб, синов ва сертификатлаш хизматларини хусусий секторга бериш режалаштирилмоқда. Бу орқали соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва халқаро тажрибани жорий этиш мақсадида Intertek, SGS, Bureau Veritas ва TÜV каби етакчи компаниялар жалб қилинади.
Умуман олганда, мазкур ислоҳотлар давлат аралашувини қисқартириш, тадбиркор масъулиятини ошириш ва маҳсулот сифати учун бозор механизмларини кучайтириш орқали Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий майдонга интеграциясини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Андижон вилоятини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ишлари ва 2026 йилга белгиланган устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Андижон вилояти – мамлакатнинг аҳолиси энг зич жойлашган ҳудуди. Вилоятда 3,5 млн.дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, ҳар йили 80 мингга яқин туғилиш қайд этилмоқда. Ер ресурслари чекланган шароитда ҳар бир гектар ер, ҳар бир лойиҳа ҳамда ҳар бир инвестиция юқори қўшилган қиймат ва барқарор иш ўрни яратиши шартлиги таъкидланиб, бу энг асосий вазифа экани кўрсатиб ўтилди.
2025 йил якунларига кўра, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 107,7 трлн. сўмни ташкил этиб, 6,8 фоизга ошди, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда 7,2 фоиз, хизматлар ҳажмида 15,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш қайд этилди.
Жорий йилда эса иқтисодиёт ва саноатни 8 фоизга, хизматларни 16,3 фоизга, қишлоқ хўжалигини 5,9 фоизга ошириш мақсад қилинган. Хорижий инвестицияларни 2025 йилдаги 2,5 млрд. доллардан 2026 йилда 3,5 млрд. долларга, экспортни 1,3 млрд. доллардан 1,5 млрд. долларга етказиш режалаштирилган. 2025 йилда 383 минг аҳолининг бандлиги таъминланган бўлса, 2026 йилда 489,5 минг аҳолининг бандлигини таъминлаш, ишсизликни 3,6 фоизга, камбағалликни 2,4 фоизга тушириш белгиланган.
Жорий йилда Андижон вилоятида 798 млн. долларлик лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, жумладан, Асака, Булоқбоши ва Шаҳрихон туманларида чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ҳамда дастгоҳлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган 3 та микросаноат маркази ташкил этилади. 110 та қишлоқ ҳамда 26 та чегараолди ва олис маҳаллаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кичик совиткичли омборлар ташкил қилиш ва микросаноат лойиҳалари амалга оширилади.
2025 йилда вилоятга 460 минг хорижий ва 1,8 млн. маҳаллий турист келган. Жорий йилда хорижий туристлар сонини 700 мингга, маҳаллий сайёҳларни эса 2,5 млн.га етказиш мақсад қилинган. Шу мақсадда Булоқбошидаги “Ширмонбулоқ”, Хўжаободдаги “Имом ота” ва Хонободдаги туризм марказларини ривожлантириш учун алоҳида дирекция очилади. Туман ва шаҳар марказларидаги 91 та маҳаллани боғловчи гавжум кўчаларда савдо, дам олиш ва кўнгилочар масканлар барпо этилади.
Андижонда уй-жой масаласи бошқа ҳудудларга нисбатан анча долзарб. Жорий йилда вилоятдаги “Янги Ўзбекистон” массивларида 54 та, бошқа ҳудудларда эса 158 та кўп қаватли уй қурилиши кутилмоқда.
Вилоятда 11 та олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда, 94 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, 56 та техникумда 46 минг нафар ўқувчи касбларга ўргатилмоқда. Олийгоҳлардаги илмий салоҳиятни ошириш, дуал таълим қамровини кенгайтириш чоралари белгилаб олинди.
Юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга доир
13 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Ўтган йилда мамлакат ЯИМи ҳажми 7,7 фоизга ўсиб, 147 млрд. доллардан ошди, иқтисодий ўсишнинг ярмидан кўпи хизматлар ҳисобига таъминланди. Қишлоқ хўжалигида гектаридан ўртача даромад 4,5 мингдан 5 минг долларга кўпайди, меҳнат унумдорлиги 4,7 фоизга ошди, бир йил ичида бир долларлик қўшилган қиймат яратишга сарфланган энергия харажатлари 15 фоизга камайди.
Йиғилишда стратегик корхоналар самарадорлиги ва харажатларни қисқартириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. 19 та стратегик корхона раҳбарига харид тизими, логистика, рақамлаштириш ва энергия самарадорлиги бўйича кескин чоралар кўриб, таннархни 10-15 фоизга қисқартириш вазифаси қўйилди. “Иқтисод қилиш режаси ишлаб чиқаришни камайтириш ҳисобидан эмас, балки маҳсулот таннархини қисқартириш орқали таъминланиши шарт”, – деди Ўзбекистон Президенти.
Ҳудудий саноатни ривожлантиришдаги камчиликлар ҳам танқид қилинди. Уч йилда республика саноати 21 фоиз ўсган бўлса-да, қатор туманларда бу кўрсаткич 10 фоизга ҳам етмагани, айрим ҳудудларда кредит ресурслари ва инвестицияларнинг ўсиши саноат ўсишига мутаносиб таъсир кўрсатмаётгани кўрсатиб ўтилди. Умуман, республика саноатини камида 8,5 фоизга ўстириш бўйича тармоқбай ва ҳудудбай режаларни тасдиқлаш белгиланди.
Инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни самарали амалга ошириш бўйича янги бошқарув ёндашувлари белгиланди. Жорий йил 50 млрд. доллар хорижий инвестиция олиб келиш режаси қўйилди. Эндиликда инвестиция лойиҳалари билан ишлашда лойиҳани ишга тушириш билан чекланиб қолмасдан, унинг тўлиқ ишлаши, юқори қўшилган қиймат яратиши ва ташқи бозорга чиқиши бўйича ҳам қатъий назорат ўрнатилади. Шу мақсадда дастурга кирган ҳар бир лойиҳани ишга тушгандан кейин уч йил давомида мониторинг қиладиган “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси яратилади.
Инвестицияларнинг кўпайиши ҳисобига қурилиш ҳажмини ошириш вазифаси ҳам қўйилди. Мутасаддиларга жорий йилги қурилиш ҳажмини 400 трлн. сўмга олиб чиқиб, соҳада камида 17 фоиз ўсишни таъминлаш топширилди.
Йиғилишда давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 300 трлн. сўмлик давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улуши 68 фоизга етган бўлса-да, Олмалиқ комбинати, “Ўзтрансгаз”, “Миллий электр тармоқлари”, “Uzbekistan Airports” ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тизимларида бу кўрсаткич 40 фоизга ҳам етмаган. Эндиликда вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар ҳар бир лойиҳада музокара, тендер, қурилиш ҳамда хомашё таъминотининг барча босқичларида маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтиришга шахсан жавоб бериши белгиланди.
Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари
Президент Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни Қорақалпоғистон Республикасида ислоҳотлар натижадорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари бўйича йиғилиш ўтказди. Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон иқтисодиётида сезиларли ўзгаришларга эришилгани қайд этилди. Жумладан, 8 йил олдин ҳудуд иқтисодиёти аҳоли жон бошига ҳажм бўйича энг охирги ўринда бўлган бўлса, бугун 7-ўринга кўтарилди. Саноат маҳсулотининг атиги 4 фоизи экспортга чиққан бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 30 фоизга етди. Умумий экспорт 2016 йилга нисбатан 3,5 карра ошиб, 2,1 млрд. доллар бўлди.
Қорақалпоғистон ўзининг қазилма бойликлар захираси билан катта иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятга эга. Хусусан, ҳудудда 270 млн. тонна цемент, 256 млн. куб метр қурилиш ва пардозбоп тошлар, 200 млн. тонна оҳак, 31 млн. куб метр керамзит, 30 млн. куб метр қурилиш қумлари, 27 млн. куб метр ғишт хомашёси, 6,9 млн. тонна шиша, 6,5 млн. тонна гипс, 4,3 млн. тонна вермикулит захиралари аниқланган. Шу билан бирга, шаҳар ва туманлар, овуллар ўртасидаги масофа узоқлиги ҳар бир ҳудуднинг солиштирма устунлигидан унумли фойдаланиб, аниқ ҳисоб-китоб билан ишлашни тақозо этади.
Келгуси 5 йилда ҳудуд иқтисодиётини 102,5 трлн. сўмга (2025 йилда 54,3 трлн. сўм бўлган), аҳоли жон бошига эса 51 млн. сўмга етказиш, саноат ва хизматлар соҳасида 7,2 млрд. долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Қорақалпоғистонда жорий йил якунига қадар ишсизлик даражасини 4,2 фоизгача, камбағалликни 3,2 фоизгача пасайтириш, Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда 109 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Қўшимча равишда “оғир” тоифадаги Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманлари ҳамда 90 та маҳаллада камбағалликни 2 баравар қисқартириш вазифаси қўйилди.
Қорақалпоғистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 2,5 баравар ошириш (2025 йилда 2,5 млрд. доллар бўлган) мақсад қилингани қайд этилди. Бунинг учун ҳудудда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Тахиатош туманида модулли интеллектуал ҳисоблаш марказини ташкил этиш, Нукус шаҳрида автомобиль саноати учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган технологик кластер барпо этиш, базальт толаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, чиқиндиларни куйдириш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш, Қораўзак туманида кўмирдан олтин ажратиб олиш фабрикаси, Тахтакўпир туманида пахта тозалаш ва йигириш фабрикаси, Чимбой туманида ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари шулар жумласидан.
Қишлоқ хўжалиги бўйича Қорақалпоғистонда мавжуд ер ресурсидан фойдаланиш даражаси ҳудуд имкониятларига мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Мавжуд майдонларнинг атиги 2,5 фоизига экин экилаётгани, қолган 16 млн. гектар деярли ишлатилмаётгани қайд этилди. Иқлимга мос янги экин турларини топиб, уларни етиштириш бўйича илмий-амалий тажрибаларни йўлга қўйиш, сувсизлик ва шўрга чидамли, шу жумладан, фармацевтика саноати учун доривор гиёҳларни катта майдонларда етиштириб, экспортни кўпайтириш вазифалари белгиланди.
Туризмни ҳудуднинг асосий драйверларидан бирига айлантириш зарурлиги таъкидланди. “Борса келмас” туз кони ҳудудида туризм-рекреацион зонаси, Оролбўйи ва Устюрт платосида Марс сайёраси манзарасини эслатувчи нуқталарда глэмпинг зоналари ташкил этилади. Орол денгизи қуриши оқибатларини бутун дунёга намойиш қилиш учун Орол денгизи тарихи музейи замонавий технологиялар асосида модернизация қилинади.
2027 йил якунигача Қўнғиротда халқаро стандартларга жавоб берадиган “қуруқ порт” мақомига эга Орол логистика марказини ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Умуман, жорий йилда Қорақалпоғистондаги инфратузилма лойиҳалари учун 150 млрд. сўм, келгуси йилларда марказлашган ичимлик суви таъминотини яхшилашга 2,2 трлн. сўм йўналтирилиши, ичимлик суви ва канализация тармоқлари, сув тақсимлаш ва тозалаш иншоотлари ҳамда йўл қурилиши лойиҳаларига 200 млн. доллар жалб қилиниши белгиланди.
Энергетика соҳасидаги лойиҳаларни жадаллаштириш чора-тадбирлари белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев 23 февралда йирик энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, энергия тизими барқарорлигини таъминлаш ва энергия самарадорлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Мамлакатимизда электр энергияси бўйича жами генерация қувватлари 25,8 минг мегаваттга етди. Шундан қуёш, шамол ва гидроэнергетика 8 минг мегаваттни, яъни умумий ҳажмнинг 31 фоизини ташкил этмоқда. 2026 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 90 млрд. киловатт-соатга етказиш режалаштирилган бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 40 фоиз ўсиш демакдир.
Жорий йилда иқтисодий ўсиш ҳамда тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошиши ҳисобига электр истеъмоли яна 1 млрд. киловатт-соатга ортиши кутилмоқда. Шу муносабат билан аҳоли ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мос равишда энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш, тармоқларни янгилаш, инвестицияларни кўпайтириб, йирик лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш биринчи навбатдаги вазифа сифатида белгиланди.
Бугунги кун ҳолатига кўра, ёқилғи-энергетика мажмуидаги инвестиция портфели 133 та лойиҳани қамраб олган бўлиб, умумий қиймати 51,4 млрд. долларни ташкил этмоқда. Шундан 43 млрд. долларлик 73 та йирик лойиҳа бўйича тизимли ёндашув қилиб, йил якунига қадар 6 минг 770 мегаватт янги қувватларни ишга тушириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу 2,8 минг мегаватт қуёш, 2,5 минг мегаватт иссиқлик, 470 мегаватт шамол, 68 мегаватт гидроэнергетика қувватлари ҳамда 884 мегаватт энергия сақлаш тизимларидир.
Бироқ айрим лойиҳаларни келишиш ва ер ажратиш билан боғлиқ жараёнларда турли сусткашликларга йўл қўйилаётгани оқибатида мавжуд лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда янгиларини бошлаш орқага сурилаётгани танқид қилинди. Лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва маҳсулотлар иштирокини янада кенгайтириш муҳим экани таъкидланди. 2025 йилда инвестиция лойиҳаларида маҳаллий компонент улуши 737 млн. долларни ташкил этган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткични 1 млрд. доллардан ошириш мақсад қилинган.
Электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми ортаётган шароитда уни истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш масаласи долзарб экани, лекин қўшимча юқори кучланишли магистрал тармоқлари қурилмаса, генерация қувватларининг истеъмол ҳажмидан ошиб кетиши хавфи мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан яқин йилларда жами 602 километр узунликдаги “Толимаржон – Сўғдиёна”, “Сирдарё – Ҳалқа” ва “Қоракўл – Нуробод” линияларини, 2030 йилга қадар “Янги Ангрен – Наманган” тармоғи ҳамда “Наманган” нимстанциясини қуриш режалари ҳақида ахборот берилди. Тошкент шаҳрида 75 км юқори кучланишли тармоқлар ва 5 та нимстанция қуриш, 69 км тармоқ ҳамда 18 та нимстанцияни модернизация қилиш, 638 км паст кучланишли тармоқлар ва 161 та трансформатор шохобчасини модернизация қилиш топширилди.
Қўшни давлатлар билан энергетика тизимларини интеграция қилиш ҳисобига водий вилоятларида электр таъминотини яхшилаш режалари ҳам муҳокама қилинди. “Сурхон – Пули-Хумри” юқори кучланишли тармоғи ва унинг нимстанциялари қурилишини жадаллаштириш вазифаси қўйилди.
Энергия самарадорлиги борасида ҳали кўп ишлар қилиниши шартлиги қайд этилди. Соҳа ва тармоқларда 2026 йилда электр 4 млрд. 378 млн. киловатт-соат электр энергияси, 2 млрд. 840 млн. куб метр табиий газ тежаш учун тизимли ва манзилли чоралар кўриш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Йирик корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажмини ўзгартирмасдан энергия сарфини камида 10 фоизга камайтириш, тармоқлар ва ижтимоий объектларда энергия самарадорлигини ошириш учун 200 млн. доллар ресурс жалб этиш чоралари белгиланди.
Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар ҳақида
27 февралда Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Ўтган даврда ҳудудда 5 млрд. долларлик 8 мингдан ортиқ лойиҳа ишга тушди. Хитой, АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Австрия, Венгрия каби давлатлар билан инвестиция ва савдо бўйича яна 10 млрд. долларлик келишувларга эришилди. Сўнгги тўққиз йилда боғча қамрови 28 фоиздан 68 фоизга ошди, 23 та янги мактаб қурилди, яна 448 таси таъмирланди. Қўшимча 102 минг ўқувчи ўрни яратилди. Бу даврда қурилган 688 та кўп қаватли уйга 32 минг оила кўчиб ўтди. Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Сариосиё ва Термиз туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари ташкил қилинди. “Тўпаланг омбори сувидан фойдаланиш” лойиҳаси ҳисобидан Термиз шаҳри ва 10 та тумандаги 563 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Йиғилишда вилоятда жорий йил инвестицияларни 3 млрд. долларга, экспортни 1 млрд. долларга етказиш вазифаси тургани қайд этилди. Ҳудудда камбағалликни 2,8 фоизгача, ишсизликни 4,5 фоизгача тушириш, Термиз шаҳри, Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ ва Музработни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш муҳим экани таъкидланди.
Сурхондарё иқтисодиётида саноатнинг улуши сўнгги 9 йилда 5 карра ўсиб, 10 фоизга етди. Лекин вилоятдаги конларни ўзлаштириш жадаллаштириш зарур. Хусусан, жорий йилда Бойсундаги “Санжар”, Олтинсойдаги “Оқсув”, келаси йил “Фангарт” конларида кўмир қазиб олишни бошлаш топширилди. Жанубий Африканинг “Sаsol” компанияси кўмирдан полипропилен, полиэтилен ва каучук ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирган. Сариосиёдаги “Қоракон”, “Жемсонит”, “Чуқур”, “Байрам-1” конларига ҳам хитойлик инвесторлар 1 млрд. доллар киритишга тайёр. Бойсундаги “Безактоп” конида табиий тош захиралари ўрганилмай турибди. Ушбу конларда зарур ишларни бошлаш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда Термиз халқаро савдо маркази натижалари алоҳида қайд этилди. Ўтган йили марказга 800 мингдан ортиқ Афғонистон фуқароси ташриф буюриб, экспорт 320 млн. доллар бўлган. Марказ ҳудудини 1 минг гектарга етказиш белгиланди. Шунингдек, энди марказ ҳудудидаги товар савдоси ва хизматлар экспорт сифатида баҳоланиши, уларга нисбатан қўшилган қиймат солиғи “ноль” ставкада қўлланиши қайд этилди.
Давлат раҳбари вилоятдаги қишлоқ хўжалиги тармоғи имкониятларига тўхталар экан, вилоятдаги 35 минг гектар томорқадан 3-4 марта ҳосил олинаётгани, бундай кўрсаткич бошқа бирорта вилоятда йўқлигини таъкидлаб, Термиз туманидаги “Томорқа мактаби”нинг ижобий тажрибасини бутун Сурхондарёда йўлга қўйиш зарурлиги кўрсатиб ўтди.
Вилоятда фойдаланилмай турган яна бир катта имконият яйловлар экани таъкидланди. Жумладан, Бойсунда 197 минг гектар яйлов борлиги, агар Дарбанд дарёсидаги насослар тикланиб, сув чиқарилса, 10 минг гектар яйловни фойдаланишга киритиш имкони мавжудлиги айтилди.
Йўл ва транспорт инфратузилмаси вилоятдаги энг оғриқли масалалардан бири. Ҳозирда Бойсун ва Деновни боғловчи йўлнинг 111 километри цемент-бетон қопламага ўтказиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу йўл ишга тушса, юк ҳажми 2 карра ошиши, ташиш вақти 3 соатдан 1,5 соатга қисқариши айтилди. Жорий йилда юртимизни Афғонистон ва Тожикистон билан боғлайдиган 178 кмлик магистрални капитал таъмирлаш, “Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон” участкасини тезюрар поездга мослаш, “Қумқўрғон – Қудуқли” темир йўлининг электрлаштириш ишлари бошланади. Термиз – Истанбул, Термиз – Дубай йўналишларида янги рейслар ташкил этилади.
Давлат раҳбари туризм салоҳиятига тўхталиб, вилоятда Ал-Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат, Кокилдор ота, Қирққиз каби 150 дан зиёд маданий мерос объекти борлиги, Ҳисор, Бойсунтоғ, Кўҳитанг, Боботоғда альпинизм, треккинг, экотуризм учун катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатиб ўтди.
Хоразм вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва устувор вазифалар кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев 3 март куни Хоразм вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва келгуси устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Сўнгги йилларда вилоятда мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш орқали кўплаб соҳаларда ижобий натижаларга эришилди. Саноат ҳажми 2016 йилдаги 2,8 трлн. сўмдан 34,3 трлн. сўмга етди, ялпи ҳудудий маҳсулот 63 трлн. сўмни ташкил этди. Ўтган йили вилоятга 1 млрд. доллардан зиёд инвестиция жалб қилинди.
Aҳолининг 67 фоизи қишлоқларда истиқомат қилишини инобатга олиб, айнан қишлоқ жойларда қўшимча даромад манбаларини яратиш орқали ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш муҳим. Масалан, Гурлан, Тупроққалъа, Янгибозор ва Қўшкўпир туманларида чорвачиликка ихтисослашган 135 та маҳаллада наслли чорвани кўпайтириш, Урганч, Хонқа, Қўшкўпир ва Шовот туманларида маҳаллаларни қурилиш материаллари, тўқимачилик, ҳунармандчилик ва мебелсозлик йўналишларига ихтисослаштириш, шунингдек, Урганч, Қўшкўпир, Хонқа, Янгиариқ ва Шовот туманларида 6 та саноат ва хизматлар микромарказини ташкил этиш орқали камида 10 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш имконияти бор.
Ўтган йили вилоятга келган хорижий ва маҳаллий туристлар сони 12,5 млн. нафарга етган. Бироқ хизматлар кўлами ва сифати, янги туристик маршрутлар ташкил этиш, саёҳат объектларини мазмунан бойитиш ишлари етарли эмаслиги қайд этилди. Хива шаҳри, Боғот ва Хива туманларидаги туризм маҳаллаларида сервис объектлари барпо этиш, 59 та маҳалладаги 14 та гавжум кўча бўйича мастер-режа ишлаб чиқиб, тадбиркорларга тақдим этиш белгиланди.
Йиғилишда инвестиция ва экспортни ошириш устувор вазифа сифатида қайд этилди. Ҳазорасп, Урганч, Шовот, Тупроққалъа ва Урганч шаҳри салоҳиятидан самарали фойдаланиб, йирик саноат лойиҳаларини амалга ошириш зарур.
Питнак шаҳридаги автомобиль заводи қувватини ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини 62 фоизга етказиш орқали яхлит машинасозлик кластерини шакллантириш имконияти мавжуд. Шунингдек, Ҳазораспда кимё, тўқимачилик ва озиқ-овқат, Шовотда мебелчилик ва текстиль йўналишларида янги лойиҳалар амалга оширилиши белгиланди.
Вилоят шаҳар ва туманларини замонавий қиёфага келтириш, йўл ва сув инфратузилмасини яхшилашга 1 млрд. 600 млн. доллар ажратилади. Умуман, жорий йилда хорижий инвестиция ҳажмини 2 млрд. доллардан, экспортни 510 млн. доллардан ошириш вазифаси қўйилди. Бу орқали ялпи ҳудудий маҳсулотни 8,4 фоизга, саноатни 9 фоизга, хизматларни 16,2 фоизга, қишлоқ хўжалигини 5,7 фоизга ошириш кўзда тутилган.
Сирдарё вилоятида ислоҳотларнинг устувор вазифалари
Президент Шавкат Мирзиёев 4 март куни Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва келгуси устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Ўтган йили Сирдарё вилояти иқтисодиёти 9,8 фоизга ўсди. Саноат ишлаб чиқаришида 8,2 фоизлик ўсиш таъминланиб, бу кўрсаткич бўйича вилоят ҳудудлар орасида тўртинчи ўринни эгаллади. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ҳам изчил ўсиб бормоқда. 2017 йилда 10 млн. сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, 38,1 млн. сўмга етди, яъни қарийб 3,8 бараварга ошди.
2025 йилда вилоятда 42 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, уларнинг умумий қиймати 333 млн. доллардан ошди. Ушбу лойиҳалар доирасида 17,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Йиғилишда Сирдарёни Хитой тажрибаси асосида илғор инновацион ҳудудга айлантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Хитой провинциялари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шунингдек, Корея Республикаси, Япония ва Малайзияга амалга оширилган хизмат сафарлари доирасида қатор инвесторлар билан музокаралар ўтказилди, юзлаб млн. долларлик лойиҳалар шакллантирилди.
Жумладан, йиғилишда жорий йилда вилоятга 3 млрд. доллар инвестиция жалб қилиш ва экспорт ҳажмини 500 млн. долларга етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг ҳисобига ялпи ҳудудий маҳсулотни 9 фоизга, саноатни 8,2 фоизга, хизматлар соҳасини 15,4 фоизга, қишлоқ хўжалигини 6,8 фоизга ва қурилиш ҳажмини 15 фоизга ошириш режалаштирилган.
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили камбағаллик даражаси 11,3 фоиздан 6,2 фоизга туширилди. Бироқ бу кўрсаткич ҳали ҳам республика ўртача даражасидан юқори экани қайд этилди.
Жорий йилда вилоятда тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 10 трлн. сўм ресурс ажратилмоқда. Мазкур маблағлар асосида 185 минг аҳолини иш билан таъминлаш, ишсизлик даражасини 4,6 фоизгача, камбағалликни эса 3 фоизгача қисқартириш режалаштирилган.
Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Йўналтирилган 100 млн. доллар ҳисобига вилоятда 47 та мактаб, 45 та боғча, 35 та тиббиёт муассасаси ҳамда 18 та спорт ва маданият объектини тўлиқ таъмирлаш топширилди. Муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш доирасида жорий йилда 349 км электр тармоқлари қуриш, 99 та трансформатор ўрнатиш, шунингдек, сув тармоқларини кенгайтириш ҳисобига аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 89,5 фоизга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, вилоятда уй-жой қурилиши жадал давом эттирилади. 2026 йилда 3,5 минг хонадондан иборат 80 та кўп қаватли уй қуриш, жумладан, 1,5 минг хонадонни “Янги Ўзбекистон” массивларида барпо этиш ҳамда реновация дастури асосида янги уй-жойлар қуриш режалаштирилган.
Қашқадарё вилоятини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев 10 март куни Қашқадарё вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Ўтган йили вилоят ЯҲМда 6,8 фоиз, саноатда 7,2 фоиз, хизматлар соҳасида 13,6 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,3 фоизлик ўсиш қайд этилди. 2017-2025 йилларда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 3,2 баравар ўсиб, 26,9 млн. сўмга етди. Ишсизлик ва камбағаллик даражаси тегишли равишда 4,9 ва 6,5 фоизгача тушди.
2026 йилда иқтисодиёт тармоқларида янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан саноатда 8,6 фоизлик ўсишни таъминлаш, 3,5 млрд. доллар инвестиция ҳисобига 727 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Натижада вилоят иқтисодиёти 8,2 фоизга, хизматлар 15,9 фоизга, қурилиш 13,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги 5,8 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Хусусан, саноатда 1,7 млрд. долларлик 195 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилмоқда. Жумладан, мато, кийим-кечак ва гигиеник воситалар, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналари, электр автомобиллари учун қувватлаш станциялари, фиброцементли панеллар ва девор плиталарини ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, Муборак махсус инновацион саноат зонаси ва Қарши яшил технологиялар саноат зонасини ташкил этиб, 2026-2027 йилларда уларда 1,1 млрд. доллардан зиёд бўлган 36 та лойиҳани амалга ошириш ва 6 мингга яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Янги ёндашувлар асосида маҳаллаларда 820 млрд. сўмлик кредитлар, 52,3 млрд. сўмлик ссуда ва субсидиялар ажратиш, ўзини ўзи банд қилганларни қўллаб-қувватлаш орқали 48 мингта тадбиркорлик субъекти ташкил этилади, 31 мингта микролойиҳа амалга оширилади. Натижада 2026 йил якунига қадар ишсизликни 3,2 фоизга, камбағалликни 3 фоизга тушириш, бунда Ғузор, Қамаши, Кўкдала, Миришкор, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларини камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган.
Вилоятда жорий йилда ғалла ҳосилдорлигини ўртача 84,8 центнерга, пахта ҳосилдорлигини 47,5 центнерга, картошка ҳосилдорлигини 175 центнергача ошириш режалаштирилган.
Сув таъминоти Қашқадарё учун энг оғир масалалардан экани қайд этилди. Экинларнинг катта қисми насос орқали суғорилиши шароитида 2026 йилда 320 км магистрал ва 3,3 минг км ички каналларни бетонлаш, 70,6 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, 27,4 минг гектарда лазерли текислаш ишларини амалга ошириш ҳамда 16 та насос станциясини модернизация қилиш вазифалари белгиланди. Бу орқали 800 млн. куб метргача сув иқтисод қилиниши кутилмоқда.
Туризм салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича йилига 1 млн. сайёҳни жалб қилаётган Мираки шаҳарчаси тажрибаси асосида янги лойиҳаларни қолган туманларда ҳам кенгайтириш зарур. Қамаши туманида “Майданак” баланд тоғ туризм марказини ташкил этиш, Шаҳрисабз туманида бир вақтнинг ўзида 13 минг саёҳатчига хизмат кўрсатадиган “Ғелон” халқаро умуммавсумий курортини барпо этиш, Яккабоғ тумани Татар қишлоғида туризмни ривожлантириш, Ҳазрати Султон чўққиси ҳудудида трекинг йўналишлари ва чодирли уйлар оромгоҳини ташкил этиш лойиҳалари шулар жумласидан.
Тоғ-кон саноатидаги йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф доирасида тоғ-кон саноатида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан йиғилиш ўтказди. Дунё бозорларида мазкур ресурсларга талаб ошиб бораётгани, жумладан, мис концентрати бозорида тақчиллик кучайиб, нархлар ўсиши кутилаётгани тоғ-кон ва металлургия соҳасидаги лойиҳаларни тезлаштиришни янада долзарб қилиб қўймоқда. Шу муносабат билан 2030 йилга қадар Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, уранни 15 минг тоннага, мисни 500 минг тоннага етказиш бўйича белгиланган марраларга эришиш учун барча имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда, аввало, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган стратегик лойиҳаларнинг бориши танқидий кўриб чиқилди. Олмалиқ комбинатининг истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 4-мис бойитиш фабрикаси бўйича техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш учун нуфузли халқаро компанияларни жалб этиш лозим. Жорий йил учун тармоқда 90 та лойиҳа доирасида 2 млрд. 200 млн. доллар инвестиция жалб қилиш, 172,5 минг тонна мис, 120 тонна олтин, 210,5 тонна кумуш ва 8 минг тонна уран ишлаб чиқариш вазифалари белгилангани қайд этилди.
Шунингдек, геология-қидирув ишларини кучайтириш, қўшимча захираларни аниқлаш, янги кон ва инвестиция блокларини инвесторларга таклиф қилиш, углеводородга истиқболли майдонларни иқтисодиётга жалб этиш бўйича режалар муҳокама қилинди. Бу йўналишда жорий йилда олтин, кумуш, мис, уран ва рух захираларини сезиларли ошириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда соҳада амалга оширилаётган 22 млрд. долларлик лойиҳалар доирасида 38 мингта янги иш ўрни яратилиши, жумладан, 7,5 минг муҳандис ва 14 минг та ўрта бўғин мутахассисига эҳтиёж пайдо бўлиши қайд этилди. Шу муносабат билан соҳадаги олий таълим муассасалари ва техникумлар фаолиятини янги талаблар асосида ташкил этиш, таълим дастурларини замонавий технологияларга мослаштириш, диплом ишларини бевосита ишлаб чиқариш вазифалари билан боғлаш зарур.
Тоғ-кон, металлургия, кимё ва нефть-газ каби базавий тармоқларда йирик лойиҳалар ижросини тизимли назорат қилиш мақсадида Президент раҳбарлигида Саноат кенгаши тузилмоқда. Янги тузилма тармоқдаги лойиҳалар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
"Иқтисодий шарҳ" журнали №3/2026
Изоҳ қолдириш