Ўзбекистонда ипотека бозори ривожланишининг асосий тўсиқлари аниқланди

Ўзбекистонда ипотека бозори ривожланишининг асосий тўсиқлари аниқланди

Ҳаётнинг барча жабҳаларида Президент ва давлат томонидан бошланган ислоҳотлар билан бир қаторда, ипотека кредитлаш бозори ҳам ўз ўрнига эга. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 майдаги “Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5715-сонли фармони қабул қилинди.

Тадқиқот ва таҳлиллар натижасида ипотека бозори ривожланишининг асосий тўсиқлари мамлакатнинг молиявий бозорида узоқ муддатли мавжуд ресурсларнинг етишмаслиги эканлиги аниқланди. Шу муносабат билан ипотека кредитлаш бозорини кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Фармонда белгиланган чора-тадбирлар доирасида Осиё тараққиёт банки ва Молия вазирлиги томонидан биргаликда ишлаб чиқилган "Ипотека бозори секторини ривожлантириш дастури"ни жорий этиш кўзда тутилган бўлиб, унда Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (ЎзИҚМК) дастурнинг асосий таркибий қисми ҳисобланади.

ЎзИҚМК Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 2019 йил 4 ноябрда ташкил этилган бўлиб, акциядорлик жамияти сифатида рўйхатга олинган. ЎзИҚМК қисқа вақт ичида, фаолият юрита бошалаган вақтдан 2020 йил 13 октябрда ОТБ томонидан биринчи пул маблағларини олишгача катта ҳажмдаги ишларни амалга оширди. Хусусан, компания юқори малакали кадрларни жалб қилди, иш юритишда зарур бўладиган ички сиёсатлар яратилди, регуляторнинг барча талабларини бажарди ва Марказий банки томонидан нобанк кредит ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтказилди, регулятор билан компаниянинг счётлар режасини келишиб олди ва тасдиқлади, Молия вазирлиги билан ОТБ маблағлари ҳисобидан кредит бериш тўғрисида шартнома имзолади, ОТБ томонидан кенг қамровли таҳлил ва ўрганишдан ўтди ва лойиҳанинг ижро этувчи агентлиги сифатида тасдиқланди, ўзининг устав капиталини 4 баравар оширди, шу жумладан, Молия вазирлиги билан биргаликда акциядорлар қаторига Ўзбекистоннинг 12 та энг йирик тижорат банклари, шундан 4 та хусусий тижорат банки киритилди.

Компаниянинг вазифаси қуйидаги мақсадларни кўзлаган ҳолда кенг доирадаги аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш ҳисобланади:

- Банк тизимини узоқ муддатли молиявий ресурслар билан таъминлаган ҳолда Ипотека бозорини ривожлантириш;

- Қимматли қоғозларини чиқариш орқали маҳаллий капитал бозорини ривожлантириш;

- Бозорда ипотека кредитининг халқаро амалиётлари ва стандартларини илгари суриш.

Узоқ муддатли қулай ресурсларни банк секторига тақдим этишнинг асосий миссияси сифатида, ЎзИҚМК қисқа вақт ичида ОТБ билан биргаликда 8та тижорат банкини комплекс таҳлил ишларини олиб борди. Ушбу 8та тижорат банкидан 7та тижорат банкига 303 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Тижорат банкларига дастлабки ресурслар 2020-йил 13-октябрдан бошлаб тақдим этилган бўлса-да, улардан 48 миллиард сўм ўзлаштирилиб, Компания талабларига мос келувчи аҳоли учун, яъни 223 оилага арзон ипотека кредитлари ва уй олиш учун қулай имконият берилди. Шуни таъкидлаш керакки, ЎзИҚМК ресурслари ҳисобига бирламчи ва иккиламчи бозорда кўчмас мулкни сотиб олиш мумкин, бу ипотекани янада қулайроқ қилиш имконини беради, шу жумладан компаниянинг ресурсларидан барча ипотека кредитларининг 97 фоизи иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун берилган. Бундан ташқари, жорий йилнинг октябр ойидан бошлаб кўчмас мулкни таъмирлаш учун 2 та кредит ажратилди.

Таъкидлаш жоизки, ЎзИҚМК мамлакат аҳолисининг аёлларини ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлайди. Кредитлашнинг ушбу босқичида қарздор аёллар барча қарз олувчиларнинг 27 фоизини ташкил этади, бу эса муҳим кўрсаткичдир.

Яқин ва ўрта муддатли истиқболда ЎзИҚМК қуйидаги мақсад ва вазифаларни амалга оширишни режараштирилган:

- Компания 2021 йилнинг биринчи ойларида аҳолини янада кенгроқ қамраб олиш учун тижорат банкларини қўшимча жалб қилиш ҳамда Компания ва ОТБ комплекс таҳлил қилган барча иштирок этувчи тижорат банкларига ресурсларни тақдим этишни режалаштирмоқда.

- Ипотека кредитлаш тизимини такомиллаштириш, ипотека бозорини ривожлантиришнинг замонавий усуллари ва воситаларини жорий этиш; ипотека кредитлаш ва ипотека қимматли қоғозлар бозорида ликвидликни ошириш билан бирга хавфларни камайтириш устида ишлаш;

- Хорижий мутахассисларни жалб қилиш орқали, шунингдек маҳаллий мутахассислар иштирокида ипотека кредитлаш ва қайта молиялаштириш соҳасидаги услубий, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш. Хусусан, 2021 йилда молия бозорида ипотека кредитлари бўйича талабларнинг механизмини бозорда ипотека билан қопланган қимматли қоғозлар пайдо бўлишининг асоси сифатида ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

- Қимматли қоғозларни, биринчи навбатда, корпоратив облигацияларни чиқаришни бошлаш, уларни Марказий банк томонидан РЕПО операциялари учун қабул қилишга эришиш, ўрта муддатда ипотека билан қопланган қимматли қоғозларни чиқаришни бошлаш ва уларни инвесторларга тақдим этиш;

- Кредит капиталининг маҳаллий ва халқаро бозорларидаги молиявий ресурсларни, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва бошқа молия ташкилотларининг маблағларини жалб қилишни бошлаш, кейинчалик уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш;

Юқоридаги барча вазифалар ва мақсадлар фақат ЎзИҚМК фаолиятининг бошланишида белгиланган вазифалар ва мақсадлардир, компания бу билан чекланиб қолмайди ва мамлакат молия тизимининг ажралмас қисмига айланиш ниятида. Шунингдек, компания кўп фунционал универсал ипотека ташкилотига айланиб, мамлакат молиявий ҳаётининг ипотека йўналишини юритишда пешқадам бўлишни режалаштирган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар