Давлат бошқарувидаги инновациялар

Давлат бошқарувидаги инновациялар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), Давлат сектори инновациялари обсерваторияси (OPSI) ва Жаҳон ҳукумати саммити (WGS) ҳамкорликда 2023 йил май ойида нашр қилган "Давлат бошқарувидаги инновацияларининг глобал тенденциялари 2023” ҳисоботи таҳлил қилинди.

Ҳукуматлар сўнгги бир неча йил ичида кўплаб қийинчиликларга дуч келишди, лекин улар жамият ва иқтисодиётни ривожлантириш учун мослашдилар ва инновациялар киритдилар. Бу эса давлат секторидаги инновацияларни кучайтирди ва давлатнинг муҳим ролини тиклади. OPSI ва MBRCGI дунёнинг 94 мамлакатидан 1084 та инновацион ташаббусларни аниқлади ва уларнинг таҳлилини баён қилди.

Ҳисоботдан асосий хулосалар

Шаффофликнинг янги аспектлари. Ҳукуматлар ўзига ишончни мустаҳкамлаш учун фуқаролар олдида шаффофлик ва ҳисобдорликни оширишнинг янги усуллари ва самарадорликни баҳолашнинг ўлчовларини изламоқда.

Бунда икки муҳим аспект бор:

  1. Қоидаларни дастур коди сифатида ишлатиш (Rules as Code);
  2. Буюмлар интернетидан фойдаланиш. Қоидаларни дастур коди сифатида ишлатиш – бу давлат қоидаларини машинада кодлаштириладиган қилиш учун инновацион ёндашувдир.

Rules as Code ҳукумат қоидаларининг изчиллиги, ўзаро мувофиқлиги ва шаффофлигини яхшилашга ёрдам беради. Бундан ташқари, у одамларга давлат мажбуриятлари ва ҳуқуқларини тушунишга ёрдам берадиган хизматларни яратишда қўлланилади. Бутун дунёда 11 млрд.дан ортиқ IoT (Internet of Things) га боғланган қурилмалар мавжуд (2022 йил). Ҳукуматлар ўзларининг «IoT» ва «Ақлли шаҳар» ташаббуслари ҳақидаги маълумотларни жамоатчилик учун шаффофроқ ва очиқроқ қилишмоқда.

Сенсор регистр (Нидерландия). Сенсор регистр - бу одамларга Амстердамдаги жамоат жойларида қандай сенсорлар қўлланилиши, улар қандай маълумотларни тўплаши ва улар учун ким жавобгарлигини кўриш имконини берувчи воситадир. Бу ошкоралик ва ҳисобдорлик учун муҳим бўлиб, одамларга ўз шахсий дахлсизлиги ҳақида онгли қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Муаммо. Жамоат жойларидаги кузатув технологиялари махфийлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради ва аҳолининг қадр-қиммати ва шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш учун янги сиёсатларни талаб қилади. Сенсор технологияларидан фойдаланиш орқали одамларнинг ҳаракатини кузатиш, шахсини аниқлаш ва уларнинг фаолияти ҳақида маълумотлар тўплаш мумкин. Бу маълумотлар маркетинг, хавфсизлик, кузатув, шахсий ҳаётни бузиш, камситиш ва бошқа мақсадларда ишлатилиши мумкин.

Инновацион ечим. Амстердам 2021 йил жамоат жойларида сенсорлардан фойдаланиш бўйича шаффофлик ва жавобгарликни ошириш мақсадида Низом қабул қилди. Унга кўра, жамоат жойларида маълумот тўплайдиган барча томонлар ўзларининг сенсорлари ҳақида ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган жамоатчилик учун очиқ харитада ахборот беришлари ва қайси маълумотларни тўпланганлигини кўрсатишлари керак.

Руҳий саломатликни қўллаб-қувватлаш учун эмпатия ва ғамхўрлик

COVID-19 дунё миқёсида руҳий саломатликни ёмонлаштирди. Руҳий саломатлик одамларга, жамиятларга ва иқтисодиётга таъсир қилувчи (ЯИМнинг 4 % гача) асосий муаммодир.

Руҳий саломатлик кафеси (Австралия). Латробе саломатлик ассамблеяси иш соатларидан кейин ёрдам кўрсатиш ва фавқулодда бўлмаган руҳий саломатлик муаммоларини ҳал қилиш учун Руҳий саломатлик кафесини ишлаб чиқди. Кафе - бу руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларга дуч келган одамларни иш соатларидан кейин барқарорлаштиришга мослаштирилган жисмоний макон ҳисобланади.

Муаммо. Латробеда руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар юқори даражада ва руҳий саломатлик ходимлари етишмайди, бу эса беморларнинг узоқ кутишига ва аҳолини фавқулотда вазиятлар бўлимларига олиб келади. Анъанавий руҳий саломатлик хизматлари кўпинча фақат 9:00 дан 17:00 гача ишлайди, бу кўпчилик учун ноқулайдир. Бундан ташқари, малакали психологлар ва бошқа руҳий саломатлик ходимлари катта эҳтиёж мавжуд.

Инновацион ечим. Латробенинг Соғлиқни сақлаш ва инсон хизматлари бўлими юзлаб провайдерлар, шифокорлар ва хизматчилар, экспертлар ва беморларни бирлаштирди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида руҳий саломатлик кафеси концепцияси яратилди. Кафе кечқурун ишлайди, бу эса кундузи ишлайдиган одамлар учун қулай ҳисобланади. Шунингдек, кафе тенгдошларни қўллаб-қувватлаш, маслаҳат ва арт-терапия каби турли хил қўллаб-қувватлаш хизматларини таклиф этади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида инқилоб қиладиган янги технологиялар

Ҳукуматлар масофавий тиббий ёрдам кўрсатиш учун технологиялардан фойдаланишмоқда. Масалан, Zoom маслаҳатлари, роботлар ва дронлардан фойдаланиш. Шунингдек, ҳукуматлар касаллик хавфини башорат қилиш ва янги даволаш усулларини ишлаб чиқиш каби соғлиқни сақлаш натижаларини яхшилаш учун сунъий интеллектдан фойдаланмоқда. Бироқ, ҳали ҳам маълумотлар ва инфратузилманинг етарли эмаслиги каби муаммоларни ҳал қилиш керак.

Tucuvi (Испания). Tucuvi беморларни масофадан назорат қилиш учун автоматлаштирилган телефон қўнғироқларидан фойдаланади, бу эса Испанияда ҳамширалар ва шифокорларнинг этишмаслигини бартараф этишга ёрдам беради.

Муаммо. Испанияда сурункали касалликларга чалинганлар кўплиги, ҳамширалар ва шифокорларнинг етишмаслиги соғлиқни сақлаш тизимига ишончни камайтиради.

Испанияда аҳолининг деярли учдан бир қисми сурункали касалликдан азият чекади, бу 65 ёшдан ошганлар учун қарийб 60 фоизга етади. Испанияда 330 мингга яқин ҳамшира (100 минг кишига 625 ҳамшира ва бу эса Европа Иттифоқидаги ўртача 827 дан анча паст) ишлайди.

Инновацион ечим. Tucuvi - беморни масофадан кузатиш учун сунъий интеллектдан фойдаланадиган компания. Компаниянинг сунъий интеллектга асосланган виртуал парваришчиси Лола беморларга махсус саволлар билан мурожаат қилиши, уларнинг соғлиғи ҳолатини баҳолаши ва натижалар ҳақида шифокор ва ҳамшираларни хабардор қилиши мумкин. Лола беморларнинг соғлигини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш харажатларини камайтиришда самарали эканлиги исботланган. Фойдаланиш ҳолатларини ўрганилганда Лола COVID-19 билан касалланган 100 нафар беморни кузатиш имконини берди, жавоб бериш даражаси 69% ва қўнғироқни муваффақиятли якунлаш даражаси 62%ни ташкил қилди. Шунингдек, Лола дори-дармонларга риоя қилишни яхшилаш, симптомларни кузатиш ва яхши одатларни тарғиб қилиш учун ҳам ишлатилган. 2022 йил октябрь ойида Tucuvi Европа инновациялар Кенгашидан 5,5 млн. евро маблағ олишга муваффақ бўлди.

Шахсийликни сақлаш ва тенгликни мустаҳкамлашнинг янги усуллари

Ҳукуматлар маҳаллий жамиятлар дуч келадиган муаммоларга қарши туриш учун маълумотларга асосланган инклюзив саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Шунингдек, ҳукуматлар яшаш нархи инқирози, ишсизлик ва рақамли тафовут каби тенгсизликнинг бошқа шаклларини бартараф этиш учун инновацион стратегияларни ишлаб чиқмоқда.

Ваколатли оилалар ташаббуси (Сингапур). Ваколатли оилалар ташаббуси кам таъминланган оилаларнинг кучли томонларини ривожлантириш, ўз мақсадларига эришишда ёрдам бериш учун грантлар, жамғармаларни мослаштириш ва гуруҳли ёрдамни тақдим этишга асосланган ривожланиш ташаббусидир.

Муаммо. Кам таъминланган оилаларга анъанавий ижтимоий ёрдам дастурлари асосий эҳтиёжларни қондириш ва қисқа муддатли ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган. Бу дастурларда оилаларнинг узоқ муддатли мақсадлари ва уларнинг жамиятга ҳисса қўшиш имкониятлари ҳисобга олинмайди. Натижада, бу дастурлар қашшоқлик ва қарамлик циклини давом эттириши мумкин. Оилаларнинг узоқ муддатли фаровонлигига қаратилган ижтимоий ёрдамга янада яхлит ва комплекс ёндашувлар зарур.

Инновацион ечим. Ваколатли оилалар ташаббуси бу аниқ интилишларга эга ва ўз режаларини амалга оширишга тайёр бўлган кам таъминланган оилаларга молиявий ва молиявий бўлмаган (Бизнесни ўқитиш, жамғармаларни таққослаш ва ҳ.к.) ёрдам кўрсатадиган янги дастур. Ташаббус учта муҳим компонент: ресурслар, тежамкорликка мослашиш ва учрашувлардан иборат.

Ресурслар. Оилаларга уларнинг режалари ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда бизнесни ўқитиш каби молиявий бўлмаган ёрдам кўрсатилади. Ушбу компонент оилаларга ўз интилишларини амалга ошириш учун йўл-йўриқ кўрсатиш ва куч беришга қаратилган.

Тежамкорликни мослаштириш. Ташаббус 1:2 асосида тежашга мос келади. Ушбу жамғармалар оилалар томонидан жорий ёки келажакдаги даромад олиш режаларини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилиши мумкин ва оилаларга молиявий хавфсизликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Учрашувлар: Оилалар ўртасида мунтазам равишда ўтказиладиган гуруҳ йиғинлари оилалар ўртасида ҳамжамият туйғусини яратишга ва уларнинг мотивациясига ёрдам беришга қаратилган.

Фуқаролар ва аҳолини жалб қилишнинг янги усуллари

Ҳукуматлар фуқароларни давлат сиёсати ва хизматларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга жалб қилиш учун мураккаб усуллардан фойдаланмоқда. Бунда доимий фуқаролар кенгашларини ташкил этиш, фуқаролик фанлари ва СИ ёндашувлари кенг қўлланилмоқда.

#FreetownTheTreeTown (Серра-Леоне). Серра-Леоненинг пойтахти ва энг йирик шаҳри Фритаунда кучли ёмғирлар ва ўрмонларнинг кесилиши ҳалокатли кўчкиларга олиб келди, жумладан 2017 йилда 1000 га яқин киши ҳалок бўлган. 2020 йилда Фритаун шаҳар кенгаши ушбу хавфни #FreetownTheTreeTown ташаббусини ишга тушириш орқали ҳал қилишга қарор қилди. Унинг мақсади дарахтларни кузатиш учун инновацион ва арзон рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда шаҳарнинг яшил майдони ва ўсимликлар қопламини кўпайтиришга қаратилган.

Муаммо. Серра-Леонедаги ўрмонларнинг кесилиши, аҳоли сонининг кўпайиши ва шаҳарларнинг кенгайиши туфайли унинг иқлими ёмонлашмоқда. Бу кўчкилар, сув тошқини ва қирғоқ эрозияси иқлим ўзгариши ва биологик хилма-хилликка таҳдид солади.

Инновацион ечим. Фритаун шаҳар кенгаши 1 млн. дарахт экиш ва шаҳарнинг ўсимлик қопламини 50% га ошириш учун #FreetownTheTreeTownни ишга туширди. TreeTracker иловаси жамият аъзоларига дарахт экувчилар сифатида рўйхатдан ўтиш ва дарахтларнинг ривожланишини кузатиш имконини бериш учун ишлаб чиқилган. 2020 йилдан буён Фритаунда 578 гектар шаҳар ерларига 560 мингдан ортиқ дарахт экилган. Ташаббус ижтимоий ҳимояга муҳтож ва иш билан банд бўлмаган аёллар ва ёшлар учун 1200 дан ортиқ иш ўрни яратди, уларнинг 80% ёшларга, 44% аёлларга тўғри келди.

Илёс Раббимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар