Ўзбекистон Президентининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” мавзусидаги III халқаро форумидаги нутқининг лингвистик таҳлили

Ўзбекистон Президентининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” мавзусидаги III халқаро форумидаги нутқининг лингвистик таҳлили

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) Ўзбекистон Президентининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форуми очилиш маросимидаги нутқи бўйича лингвистик таҳлил тайёрлади.

Давлат раҳбари ўз нутқида жами 1 907 сўздан фойдаланган. Энг кўп “камбағаллик” – 28 марта, “ аҳоли”, “янги” – 17 марта, “даромад” – 15 марта, “ижтимоий”, “шароит”, “оила” – 14 марта, “халқаро” – 12 марта, “одам” – 11 марта, “давлат”, “хизмат” – 10 марта, “қизлар” – 9 марта ва “банк”, “ташкилот”, “маҳалла” сўзлари – 8 марта тилга олинган (1-расм).

Сўз ва иборалар такрорланишини таҳлил этиш натижаси

Президент нутқида ислоҳотлар йўналишини белгилаб берувчи тизимли тушунчаларга алоҳида эътибор қаратилди. «Камбағалликни қисқартириш» иборасининг 10 марта такрорланиши бу вазифанинг давлат сиёсатининг марказий йўналиши сифатида мустаҳкамланганини кўрсатади. «Камбағал оила» (7 марта) ва «хотин-қизлар» (6 марта) ибораларининг такрорланиши эса аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларига эътибор қаратилиб, уларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларига жалб этиш устувор йўналиш эканини намоён этади. «Молия институтлари» ва «ижтимоий хизматлар» ибораларининг 4 марта тилга олиниши миллий кун тартибининг халқаро ҳамкорлик билан уйғунлигини ҳамда глобал шерикликка таянишини ифода этади. «Янги Ўзбекистон» ва «халқаро молия» ибораларининг 3 мартадан ишлатилиши эса ички ислоҳотлар ғояси билан ташқи қўллаб-қувватлаш ўртасида узвий боғлиқликни шакллантиради.

Уч сўздан иборат иборалар ичида вақт доиралари ва стратегик йўналишни белгилайдиган бирикмалар устунлик қилади. «Шу йилнинг ўзида» иборасининг 5 марта қўлланилиши ислоҳотларнинг жорий натижалар билан боғлиқлигини кўрсатса, «Барқарор ривожланиш мақсадлари» иборасининг 4 марта ишлатилиши миллий устуворликларни глобал кун тартиби билан уйғунлаштириб, ислоҳотларни халқаро миқёсда мустаҳкамлайди.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти», «халқаро молия институтлари» ва «камбағалликни қисқартириш бўйича» ибораларининг 3 мартадан тилга олиниши глобал даражадан тортиб аниқ вазифагача бўлган институционал доирани намоён этади. «Ҳар бир оила», «кафолатланган тиббий хизматлар» ва «давлат сиёсати даражасига» ибораларининг 2 мартадан қўлланилиши эса чора-тадбирларнинг манзиллилиги ҳамда ижтимоий сиёсатнинг олий давлат даражасида мустаҳкамланганини кўрсатади.

Йўналишлар кесимида сўзлар таҳлили

Сўзларнинг йўналишлар бўйича тақсимоти таҳлили шундан далолат берадики, давлат раҳбари нутқида камбағалликни қисқартиришдаги миллий тажриба масалаларига (18%), Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимояга (14%), шунингдек, иқтисодий ўсиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга (14%) алоҳида урғу берди.

Шу билан бирга, глобал ҳамкорлик ва форум аҳамиятига (13%) кучли эътибор қаратилди, бу эса миллий ташаббусларнинг халқаро кун тартибига уйғунлигини кўрсатади.

Алоҳида йўналиш сифатида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш (10%) ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш (9%) масалалари белгиланиб, бу гендер инклюзияси ҳамда узоқ муддатли глобал устувор йўналишлар ўртасидаги узвий боғлиқликни акс эттирди. Шунингдек, таълим ва инсон капитали мавзуси 8%, ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш эса 7% улушни ташкил этди.

Якуний урғу сифатида Президент “Инсон қадри” тамойилини (7%) тилга олди ва уни Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асоси сифатида белгилади. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистондаги барча ислоҳотлар инсон қадрига таянади, у мамлакатнинг янги ривожланиш стратегиясидаги энг муҳим мақсад ва йўналишлардан бирига айланган.

Илёс Раббимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар