Шавкат Мирзиёев раислигида кун тартибида давлат ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳалари қамраб олинган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бошланади. Бу ҳақда Президен матбуот котиби Шерзод Асадов маълумот бериб бормоқда.
Унда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлат дастури ижросини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинади.
Йиғилиш аввалида давлат раҳбари Ўзбекистоннинг узоқ муддатга мўлжалланган истиқболи билан боғлиқ бўлган ўта муҳим масалани муҳокама қилинишини айтиб ўтди.
Жумладан Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳақида қуйидагиларни таъкидлади:
"Ҳаммангиз хабардорсиз, ўтган йили сайловолди дастури доирасида ҳудудларга ташрифларда “Инсон қадри учун” тамойилини барча ислоҳотларимизнинг бош мезони сифатида белгиладик.
“Давлат – инсон учун” деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини бевосита халқимиз билан маслаҳатлашиб, одамларимизнинг фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқдик.
Ушбу стратегияда:
- яқин ва ўрта истиқболда Ўзбекистоннинг тараққиёт тенденциялари қандай бўлади?
- келгусидаги фаолиятимизни белгилайдиган айнан қайси мақсад ва вазифалар биз учун энг долзарб ва устувор ҳисобланади?
- давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳа ва йўналишларини комплекс ривожлантириш учун асосий эътиборни нималарга қаратишимиз керак?
- кейинги йилларда қабул қилинган қонун ва қарорларимиз, дастур ва режаларимизни янги даврда қандай давом эттиришимиз, уларга қандай қўшимча ва ўзгартиришлар киритишимиз керак, деган саволларга чуқур ва атрофлича жавоб берилган", деди давлат раҳбари.
Давлатимиз раҳбари халқимиз бугунги кенг кўламли ўзгаришларга катта ишонч билан қараб, тезроқ уларнинг самарасини кўришни истаётганини таъкидлади.
Йиғилишда 2022 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасининг муҳокамаси жараёнида аҳолидан 17 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани, уларнинг барчаси йўналишлар бўйича ўрганилиб, дастур лойиҳаси 300 дан ортиқ янги ташаббус билан тўлдирилгани маълум қилинди.
"Одамларимизнинг дастур муҳокамасидаги фаоллиги, уларнинг ислоҳотларга бўлган ишончи ва дахлдорлиги ортиб бораётгани халқимиз юртимиздаги ўзгаришлар жараёнини, ташаббусларимизни қўллаб-қувватлаётганидан яна бир бор далолат беради", деди Президент.
Давлатимиз раҳбари муҳокамаларда фаол иштирок этган барча юртдошларимизга чуқур миннатдорчилик билдирди.
Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун 100 та мақсад” белгилаб олинди.
Ушбу мақсадларга эришиш учун жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
"Барча саъй-ҳаракатларимиз, ажратилаётган маблағлар маҳалла ва хонадонларгача аниқ етиб бориши ва ҳар бир оила фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шарт.
Бунинг учун республика, вилоят, туман ва шаҳар ҳамда маҳалла даражасидаги барча раҳбарлар бор куч ва ресурсларини тўлиқ сафарбар қилишлари зарур.
Бундан буён фаолиятимизни мутлақо янгича, яъни, “инсон–жамият–давлат” тамойили асосида ташкил этамиз" – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари стратегиянинг инсон қадрини юксалтириш ва халқпарвар давлат барпо этиш йўналишидаги вазифаларни кўрсатиб ўтди. Жумладан, булар:
- маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш;
- халқ билан мулоқот механизмларини такомиллаштириш;
- “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа ҳудудий дастурларни жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқиш;
- давлат органларини “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтказиш;
- электрон давлат хизматларининг улушини амалдаги 54 фоиздан 90 фоизга етказиш.
- жамоатчилик фикрини мунтазам ва илмий асосланган ҳолда тизимли ўрганиш. Бунинг учун, “Ижтимоий фикр” маркази фаолияти такомиллаштирилиб, алоҳида Социология институти ташкил этилади.
Изоҳ қолдириш