Мансабни суиистеъмол қилиш, порахўрлик, фирибгарлик, товламачилик, қариндош-уруғчилик ва шунга ўхшаш коррупция ҳолатларининг намоён бўлиши миллий иқтисодиётни ривожлантиришга тўсиқ бўлиб, жамоатчилик онгига салбий таъсир кўрсатади. Ҳокимиятнинг барча поғоналарида ва маҳаллий қатламларда коррупцияга қарши курашиш қонунларни ҳурмат қилувчи ҳар бир фуқаронинг асосий ҳаёт тамойилидир.
Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати Давлат солиқ хизмати органларида коррупция хавфи юқори бўлган йўналишларни аниқлашга қаратилган сўровнома ўтказгани ҳақида хабар қилди.
“Аноним сўровнома бир кеча-кундуз давомида икки тилда ДСҚ расмий манбаларида фаол ҳолатда бўлди. Ушбу ташаббусни расмий электрон ОАВ, ижтимоий тармоқлардаги турли гуруҳлар ва блогерлар ҳам қўллаб-қувватлади.
“Сиз давлат солиқ органларида қайси йўналишлар бўйича коррупция ҳолатларига дуч келгансиз?” саволига 47 192 маротаба жавоб берилди. Шундан 43 839 та жавоб ўзбек тилидаги, 3 353 таси рус тилидаги сўровномада қайд этилди.
Аксарият овоз берувчиларнинг фикрига кўра, коррупция ҳолатлари ишга қабул қилишда (38,5%) ва солиқ инспектори билан ўзаро алоқаларда (19,0%) содир бўлмоқда. Овоз берувчиларнинг 8,8 % солиқ қарзларини тўлашда ва сингдиришда коррупция ҳолатига дуч келган. Камерал солиқ текшируви ўтказилишида 7,3 %, сайёр солиқ текшируви ўтказилишида эса 5,3% иштирокчи коррупцияга дуч келганини билдирган. Энг кам коррупция ҚҚСни қоплаш (қайтариш)да қайд этилган – 4,6 %.
Шунингдек, сўровноманинг умумий кузатувчилари (кўриш) сони 450 000 дан ошди”, дейилади хабарда.
ДСҚ матбуот хизматининг ёзишича, йиғилган маълумотлар асосида жойларда коррупцияни бартараф этиш бўйича манзилли чоралар кўрилади.
Изоҳ қолдириш