Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) дастлабки статистик маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичларини дастлабки тезкор-таҳлил қилди. 2023 йил январь-август ойларида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларининг умумий баҳоси иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ривожланишининг ижобий динамикасидан далолат беради.
Саккиз ой якунлари бўйича саноат соҳасида, инвестиция ва қурилиш соҳасида ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятда ижобий динамика кузатилди.
Иқтисодиёт тармоқларида кўрсаткичлар қуйидагича ривожланди:
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5,8 фоизга ўсди ва 400,6 трлн. сўмни ташкил этди.
Қурилиш ишлари ҳажми 5,9 фоизга ўсиб, 93,3 трлн. сўмга етди.
Ташқи савдо ҳажми 23,2 фоизга ўсиб, 40 миллиард долларни ташкил этди. Хусусан, экспорт 27,8 фоизга ўсиб, 16,4 миллиард долларни, импорт ҳажми 20,2 фоизга ўсиб, 23,6 миллиард долларни ташкил этди.
Тўқимачилик ва кийим саноатида ишлаб чиқариш 7,4 фоизга ўсиб, 55,6 триллион сўмни ташкил этди. Жумладан, йирик корхоналар бўйича трикотаж газламалари ишлаб чиқариш 13,8 фоизга (33,3 минг тонна), тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари - 2 марта (267,8 миллион тонна) ўсди. Умумий миқдори 207 миллион долларлик 21 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди.
Нефт-газ саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш (йирик корхоналар шароитида) ҳажми 0,5 фоизга ўсиб, 22,5 триллион сўмни ташкил этди. Газ қазиб олиш ҳажми 9,4 фоизга камайиб, 31,4 миллиард куб.метрни ташкил қилган, нефт қазиб олиш 0,2 фоизга ошиб, 520,3 минг тоннага етди.
Инвестиция дастури доирасида 954,1 млн. доллар ўзлаштирилган, шундан хорижий инвестициялар ва кредитлар 765,9 млн. долларни ташкил этган.
Электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 51,7 млрд кВт/соатни ташкил этди ва 5,7 фоизга ўсди. Жумладан, 45,5 млрд. кВт/соат иссиқлик электр станциялари ва марказлар ҳиссасига, 5,0 млрд. кВт/соат гидроэлектр станцияларида ва ДХШ асосида қайта тикланувчи электр энергия 1,2 млрд. кВт/соат тўғри келади.
Соҳада инвестиция дастури доирасида 235,6 млн долларга капитал қўйилмалар ўзлаштирилиб, ўсиш суръати 113,4 фоизга етди.
Қора металлургия тармоғининг йирик корхоналарида қора металл ва ундан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 1,0 млн. тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,2 фоизга ўсди.
Озиқ-овқат саноати ишлаб чиқариш ҳажми 6,7 фоизга ўсиб, 41,9 трлн сўмни ташкил этган. Йирик корхоналарда шакар ишлаб чиқариш ҳажми 5,7 фоизга, шоколад ва ширинликлар - 9,2 фоизга, шарбатлар – 24,7 фоизга ўсган.
2023 йил январь-август ойларида 1,9 трлн. сўмлик 389 та инвестиция лойиҳалари ишга тушурилган.
Қурилиш материаллари саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 13,0%га ўсиб, 18,6 трлн.сўмни ташкил этган. Соҳанинг жами саноатидаги улуши 4,6%га етди.
Жорий йилнинг 8 ойи давомида 1 391 та янги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар ташкил этилди.
Фармацевтика саноатида 2,3 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган 27 та давлатга жами 87 млн долларлик маҳсулотлар ва хизматлар экспорт қилинган.
Умумий қиймати 61,4 млн долларлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Қиймати 7,9 млн долларлик 15 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада, қўшимча 57,8 млрд сўмлик маҳсулотларни ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда янги 175 нафар иш ўринлари яратилди.
Автомобиль саноатида ишлаб чиқариш 10%га ўсиб, 44,2 трлн.сўмни ташкил қилди. 247,3 минг дона енгил автомобил, 1 746 дона – юк машиналари ва 522 дона – автобуслар ишлаб чиқарилган. Жумладан, 52,5 мингта “Дамас”, 65,4 мингта “Кобальт”, 18,5 мингта “Onix” ва 24,5 мингта “Tracker” ишлаб чиқарилди.
“Ўзавтосаноат” АЖ корхоналари томонидан 414,4 млн АҚШ долл. экспорт қилиниб, ўтган йилга нисбатан 20,3%га ўсди. 7 та лойиҳа доирасида 115 млн доллар қийматдаги жами 66,9 млн долл. инвестициялар ўзлаштирилди.
Электротехника саноатида ишлаб чиқариш ҳажми (электротехника саноати корхоналари бўйича) 18,5%га ўсиб, 13,3 трлн. сўмни ташкил этган.
Хусусан, йирик корхоналар бўйича кабель маҳсулотлари 30,2%га, маиший техника 21,0%га, кучланиш қурилмалари 63,8%га ошган.
Мис хомашёсини тайёр маҳсулот сифатида қайта ишлаш ҳажми 19,0%га ошиб, 42,2 минг тоннани ташкил этди, корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари 40,5%дан 61%гача оширилди. Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 18,8%га ошиб, 76,3 млн. долларни ташкил этди.
Транспорт соҳаси хизматлари ҳажми 8,3%га ўсиб, 66,3 трлн.сўмга етган. Шундан, автомобил транспорти хизматлари ҳажми 31,7 трлн. сўмга етиб, 5,3%га ўсган. Жорий йилнинг январ-август ойларида 804,1 млн. долл. миқдорида инвестициялар ўзлаштирилган.
Шундай қилиб, жорий даврда эришилган натижаларни жадал давом эттириш, инвестиция лойиҳаларини белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш, маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш чораларини жадаллаштириш, корхоналар ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва корхоналар талабига мувофиқ хажмда табиий газ ва электр энергияни етказиб бериш ҳисобига йил якунига қадар саноат бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларини сўзсиз бажариш имкони яратилади.
Изоҳ қолдириш