Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) 2024 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларига оид инфографика тайёрлади.
2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 115 млрд долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 6,5%га ошди.
2017–2024 йиллар давомида мамлакат ЯИМ ҳажми 1,55 баробарга ошди. Бу кўрсаткич иқтисодий ислоҳотларнинг барқарорлиги ва ишлаб чиқариш салоҳиятининг ортиб бораётганидан далолат беради. ЯИМнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 5,6%ни ташкил этди, инфляция даражаси эса 9,8%гача пасайди.
2024 йилда Ўзбекистоннинг умумий экспорти 19,7 млрд долларни ташкил этди (ўсиш 2,7%). Асосий экспорт йўналишлари қуйидагича: қимматбаҳо металлар (38%), тўқимачилик маҳсулотлари (15%), мева-сабзавот маҳсулотлари (8%), металл ва металл буюмлари (9%), шунингдек, машина ва ускуналар (6%). Саноат таркибида қайта ишлаш соҳаси етакчи ўринни эгаллаб, умумий ҳажми 60 млрд долларни ва саноат ишлаб чиқаришида 80,3% улушни ташкил этмоқда. Энг ривожланган тармоқлар қаторига металлургия (22%), машинасозлик (16%), тўқимачилик ва чарм-пойабзал (14%), озиқ-овқат (14%), нефть-газ (8%), қурилиш материаллари (8%), энергетика (7%) ва кимё (7%) соҳалари киради.
2024 йилда Қозоғистон иқтисодиёти 4,8%га ўсиб, ЯИМ 288,1 млрд долларни ташкил этди.
2017–2024 йиллар оралиғида Қозоғистон ЯИМи 1,3 баробарга ошди, ЯИМнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 3,5%га баҳоланмоқда, инфляция даражаси эса 8,6%гача пасайди.
2024 йилда Қозоғистон экспорти 81,6 млрд долларни ташкил этди (ўсиш 3,1%). Экспорт таркибида хом ашё маҳсулотлари 70%ни ташкил этади: энергия манбалари — умумий экспортнинг 52,5%и, қора ва рангли металлар — 12%, уран — 5,6%. Иқтисодиётда қайта ишлаш саноатининг улуши 46,6% бўлиб, ҳажми 52 млрд долларга тенг.
Қозоғистон саноат таркибида нефть-газ ва кўмир тармоқлари устунлик қилади (35%), шунингдек, металлургия соҳаси 29%ни ташкил этади. Машинасозлик ва озиқ-овқат саноати ҳар бири 9%дан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш — 6%, энергетика эса 4%ни ташкил қилади.
Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, сўнгги йилларда Ўзбекистон юқори иқтисодий ўсиш суръатларини намоён этмоқда, иқтисодиётни тузилмавий янгилаш ва ишлаб чиқариш базасини кенгайтиришни изчил давом эттирмоқда.
Инвестиция муҳити таҳлили

Ўзбекистон. 2024 йилда асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 27,6% га ошиб, 39 млрд долларга етди, бу эса ЯИМнинг 33,9%ни ташкил этди. Инвестициялар ишлаб чиқариш қувватлари ва инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилди. Асосий инвестиция йўналишлари қуйидагилар бўлди: қайта ишлаш саноати (29%), энергетика (14%), қазиб олиш саноати (13%), кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар (8,6%) ва қишлоқ хўжалиги (6,6%).
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 60 млрд долларни (ЯИМнинг 52%ини) ташкил этди, шундан 32,5 млрд доллари ташқи давлат қарзи ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, мамлакат юқори даражадаги тоза олтин-валюта захираларини сақлаб қолди — 41,2 млрд доллар (ЯИМнинг 36%и), бу эса макроиқтисодий барқарорликни таъминлади ҳамда қисқа муддатли мажбуриятларни қоплаш учун етарли ликвидлик яратди.
Қозоғистон. 2024 йилда асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 7,5%га ошиб, 41 млрд долларга етди (ЯИМнинг 14,2%и). Инвестициялар таркибида қазиб олиш саноати — 19%, кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар — 19%, транспорт соҳаси — 18%, қайта ишлаш саноати — 11%, таълим соҳаси — 5,7%ни ташкил этди.
Қозоғистоннинг олтин-валюта захиралари 45 млрд долларни (ЯИМнинг 15,6%и) ташкил этди, ташқи қарзи эса 165 млрд долларга (ЯИМнинг 57%и) етди. Шундан 15,2 млрд доллари давлат қарзи ҳиссасига тўғри келади.
Таҳлил шуни кўрсатадики, Ўзбекистон ЯИМга нисбатан инвестиция фаоллигини юқори даражада намоён этди ва қайта ишлаш саноати ҳамда энергетикага йўналтирилган сармояларни сезиларли оширди. Бу ўзгаришлар иқтисодиёт тузилмасининг янада мувозанатли ва барқарор бўлишига хизмат қилди.
Тармоқлар ва хизматлар кўрсаткичлари таҳлили

Қурилиш соҳаси
2024 йилда Ўзбекистоннинг қурилиш сектори барқарор ўсишни давом эттирди. Жами фойдаланишга топширилган уй-жой майдони 14,8 млн м² ни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 8,8% кўпдир. Ушбу кўрсаткичнинг 10 млн м² қисми қишлоқ ҳудудларига тўғри келади. 2017–2024 йиллар давомида уй-жой қурилиши ҳажми 2,1 баробарга ошди, бу эса уй-жой қурилиши бўйича йирик давлат дастурлари ва ипотека кредитлашни кенгайтириш натижасидир.
Қозоғистонда эса фойдаланишга топширилган уй-жой ҳажми 19 млн м² ни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 13,1% кўп. Ушбу кўрсаткичнинг 3,9 млн м² қисми қишлоқ ҳудудларида қурилган. 2017–2024 йилларда ўсиш 2,1 баробарни ташкил этган бўлса-да, қишлоқ ҳудудларининг улуши паст даражада қолмоқда.
Қишлоқ хўжалиги
2024 йилда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида 3%лик ўсиш қайд этилди. Секторнинг ЯИМдаги улуши 18,3%ни ташкил этди. Мева-сабзавот экинлари ҳосилдорлиги ҳар гектарига 238 центнер (12 млн тонна), дон экинларининг ҳосилдорлиги 155 центнер (1,7 млн тонна), пахтанинг ҳосилдорлиги эса 203 центнер (3,7 млн тонна) бўлди. Дон маҳсулотларининг умумий ишлаб чиқарилиши 8,1 млн тонна, пахта ҳосили эса 3,7 млн тоннани ташкил этди.
Қозоғистонда аграр сектор ўсиши 3,9%ни ташкил этди, унинг ЯИМдаги улуши ҳам 3,9%га тенг. Дон экинлари ҳосилдорлиги ҳар гектарига 284 центнер (3,8 млн тонна), мева-сабзавот экинлариники 219 центнер (2,6 млн тонна), пахтаники 62 центнер (56,3 млн тонна), кунгабоқарники эса 28,3 центнер (0,3 млн тонна) бўлди.
Хизматлар соҳаси
2024 йилда Ўзбекистонда хизматлар соҳаси иқтисодиёт ўсишининг асосий драйверларидан бирига айланди. Қўшилган қиймат 7,7%га ошди, секторнинг ЯИМдаги улуши эса 45,2%ни ташкил этди. Хизматлар соҳаси бандлик, инновациялар ва инвестицияларнинг муҳим манбаига айланиб, айниқса савдо, транспорт, туризм ва рақамли технологиялар йўналишларида жадал ривожланди. Кичик ва ўрта бизнеснинг фаол ўсиши ички бозорни кенгайтиришга ва аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилди.
Қозоғистонда хизматлар соҳасида қўшилган қиймат 4,7%га ўсди, секторнинг ЯИМдаги улуши эса 58,3%ни ташкил этди. Асосий эътибор молиявий, логистик ва телекоммуникация хизматларига қаратилган.
Умуман олганда, келтирилган маълумотлар ҳар икки мамлакатда ҳам иқтисодиётнинг барқарор ва изчил ривожланаётганини кўрсатади. Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодиётни модернизация қилиш, саноат, инфратузилма ва инсон капиталига инвестицияларни оширишни давом эттирмоқда. Шу билан бирга, ҳудудларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасига эътибор кучаймоқда. Бу аҳоли фаровонлигини оширишга ва мамлакатларнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказ
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш