Куни кеча G20 давлатлари раҳбарлари 2030 йилгача бўлган даврда биргаликда бир триллион дарахт экиш мақсадини эълон қилишди, бунда асосий эътибор сайёрамизнинг энг кўп зарарга учраган экотизимларига эътибор қаратилиши маълум бўлди.
Шу муносабат билан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) эксперти Муҳаммаджон Бобожонов дунёнинг 50 та ривожланган давлатининг ҳар бири учун Орол денгизининг Мўйноқ тумани ҳудудига тўғри келувчи қуриб қолган ҳудудида 5 гектардан инновацион ўрмон яратишни ва ушбу ўрмонларнинг ҳар бирини мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаган давлатлар шарафига номлашни таклиф қилмоқда. У бу ҳақда “Podrobno.uz”га берган интервьюсида айтиб ўтди.
Ер экотизимидаги дарахтларнинг роли
Маълумки, дарахтлар сайёрамиз экотизимида муҳим рол ўйнайди, улар карбонат ангидридни ўзлаштириб, ўзидан кислород чиқаради, бу билан атроф-муҳитни озода сақлашга ўз ҳиссасини қўшади. Дарахтлар ҳаво ва сувни тоза сақлашга ёрдам берса, ўрмонлар кўплаб ҳайвонлар ва ўсимликлар учун яшаш макони ҳисобланади.
Айтиш мумкинки, йигирманчи асрдан бошлаб инсоният табиатнинг мавжудлигида дарахтларнинг роли ва қадрини жиддий ҳис қила бошлади. Бу, айниқса, ер шарининг барча қитъаларида ўрмонларнинг йўқолиб кетиши оқибатлари натижасида янада яққол намоён бўла бошлади.
Афсуски, бутун дунё бўйлаб дарахтлар ва ўсимликлар юқори суръатларда камайиб бормоқда, деградацияга учрамоқда ва кесилмоқда. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, дунёдаги ўрмонларнинг 46% аллақачон йўқ қилинган. Ўрмонларнинг кесилиши нафақат дарахтлар кесилган жойларда, балки бутун дунёда одамлар ва ҳайвонларга таъсир қилади. Ер юзидаги ҳайвонлар ва ўсимликларнинг 80% ўрмонларда яшайди ва ўрмонларнинг йўқ қилиниши у ерда яшайдиган кўплаб ҳайвонлар турларининг табиатда сақланиб қолишига таҳдид солади.
Дарахтларнинг тўғридан-тўғри ва билвосита инсон таъсирида етарли даражада қайта тикланмасдан йўқ бўлиб кетиши атмосферадаги карбонат ангидриднинг био-секвестрацияланишига салбий таъсир кўрсатади, бу эса яшаш муҳитига зарар етказиб, биологик хилма-хилликни йўқотишга ва қурғоқчиликка олиб келади.
Жаҳон ҳамжамияти ўрмонларни қайта тиклаш йўлида
Бутун дунёда одамлар ўрмонларнинг йўқолиб кетиши ва унинг оқибатларидан жиддий хавотирда. Бу борада сайёрамиз экотизимини сақлаб қолиш ва тиклаш бўйича жаҳон миқёсида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2021 йил 4 июнда БМТ раҳбари Антонио Гутерриш 2021-2030 йилларга мўлжалланган экотизимларни тиклаш бўйича БМТ ўн йиллиги бошланишини эълон қилди. Ушбу ташаббуснинг мақсади миллий ҳукуматлар, хусусий сектор, нодавлат ташкилотлар ва оддий фуқаролар ўртасида бузилган ва йўқ қилинган экотизимларни тиклаш учун глобал ҳамкорликни кучайтиришни англатади.
Мазкур ташаббус доирасида Жаҳон банки молиявий масалалар учун масъул бўлган ишчи гуруҳни бошқаради ҳамда:
- экотизимларни тиклаш учун субсидияларни мос равишда қайта йўналтириш бўйича кўрсатмалар беради;
- экотизим деградациясига олиб келадиган иқтисодий кучлар ва шахсий манфаатларга қарши курашади;
- ҳукумат ва корпоратив сармоядорларни экотизимларни тиклашга, шу жумладан реставрациядан кўпроқ фойда кўрадиган ҳудудларга биргаликда сармоя киритишга ундайди.
Шунингдек, мазкур ташаббус доирасида ФАО бошчилигида бутун дунё бўйлаб экотизимлар ва маҳаллий аҳоли билимларини тиклаш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқиш ва илғор тажрибаларни таққослаш учун 43 дан ортиқ ташкилотлар билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ ташкил этилди. Мазкур ишчи гуруҳнинг фаолияти кейинги ўн йил ичида табиятни қайта тиклаш усуллари ҳақидаги билимларни оммалаштиришга қаратилган.
Шу билан бирга, 2020 йилда Жаҳон иқтисодий форумида “Бир триллион дарахт ташаббуси” (One Trillion Tree initiative) ҳукуматлар, бизнес ва фуқаролик жамияти учун платформа сифатида бошланган.
“Триллион дарахт” кампанияси (Trillion Tree Campaign) бутун дунё бўйлаб бир триллион дарахт экишни мақсад қилган Plant-for-the-Planet томонидан ишлаб чиқилган лойиҳадир. Кампания 1977 йилда Африкада "Яшил камар" ҳаракатига асос солган Вангари Маатаи томонидан илгари сурилган "Миллиард дарахт" кампаниясининг давоми ҳисобланади. 2021 йил 30 май ҳолатига кўра, кампания доирасида бутун дунё бўйлаб 13,96 миллиард дарахт экилган.
2021 йил 30-31 октябрь кунлари Римда бўлиб ўтган саммитнинг якуний декларациясида айтилишича, G20 етакчилари 2030 йилга қадар сайёрамизда 1 триллион дарахт экишни мақсад қилишган.
“Биз сайёрамизнинг энг кўп зарар кўрган экотизимларига эътибор қаратган ҳолда биргаликда 1000 миллиард дарахт экишни ўз олдимизга улкан мақсад қилиб қўйганмиз", дейилади ҳужжатда.
Орол денгизининг экологик фалокати
Бугунги кунда Орол денгизининг қуриши кенг кўламли экологик ҳалокатга олиб келгани, унинг ҳалокатли оқибатларини биринчи навбатда Оролбўйи минтақаси ҳис қилгани ҳеч кимга сир эмас. Орол денгизининг қуриб қолган қисми атмосферани чанг ва туз билан ифлослантирувчи манбага айланиб, ўнлаб йиллар давомида ҳаво орқали кўп минглаб километрларга учиб ўтиб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказмоқда.
Орол экологик ҳалокатининг салбий оқибатларини минималлаштириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати тузли чўл жойлашган қуриган денгиз тубида янги тупроқ қопламини шакллантириш, ер юзига экологик зарарни минималлаштириш, Орол денгизи бўйида яшовчи аҳоли саломатлиги ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини жонлантириш каби комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2021 йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияни бир овоздан қабул қилди.
Қабул қилинган резолюцияда БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйида экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбир ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини эълон қилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Халқаро табиатни муҳофаза қилиш Иттифоқига қўшилиши Марказий Осиё ҳудудида биохилма-хилликни сақлаш жараёнида муҳим воқеа бўлди.
Халқаро табиатни муҳофаза қилиш Иттифоқи табрикномасида қайд этилишича, биологик хилма-хилликни сақлаш ва барқарор фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон биохилма-хилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва тадбирлар режасини, 2030 йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепциясини ва 2028 йилгача биологик хилма-хилликни сақлаш Стратегиясини ўз ичига олган давлат экологик сиёсатининг мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий базасини шакллантирган.
Орол чўлининг ўрмонлари
Юқоридагиларга асосланиб, шунингдек, Оролбўйи минтақасининг туризм ва экологик салоҳиятини янада ошириш учун дунёнинг 50 та ривожланган давлатининг ҳар бири учун Орол денгизининг Мўйноқ тумани ҳудудига тўғри келувчи қуриб қолган ҳудудида 5 гектардан инновацион ўрмон яратишни ва ушбу ўрмонларнинг ҳар бирини мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаган давлатлар шарафига номлашни таклиф қиламиз.
Бундан ташқари, сайёрамиздаги исталган инсон учун Орол денгизи мазкур қуриб қолган қисмига пуллик асосда дарахт экишни ташкил қилиш ва ўша инсоннинг номини бу дарахтга илиб қўйиш таклиф этилади. Шу билан бирга, бу инсон ушбу дарахтнинг ўсишини масофадан туриб кузатиши мумкин бўлади. Ушбу ташаббусни амалга ошириш учун дунёнинг таниқли шахслари, давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, йирик халқаро ва медиа корпорациялар томонидан ушбу таклиф (челленж)ни оммалаштириш ва тарғиб қилиш зарур.
Шунингдек, Кемалар қабристони яқинида ва барпо этилаётган инновацион ўрмонлар ҳудудида сайёҳлар учун қорақалпоқ миллий оқ уйларидан иборат инновацион меҳмонхона мажмуасини қуриш таклиф этилади.
Ушбу ташаббусни амалга ошириш, аслида, мултипликатив хусусиятга эга. Айтишимиз мумкинки, ўрмонлар кўпайгани сари турли туризм маҳсулотлари ҳам ривожланади. Хусусан, Тошкент шаҳридан Нукус шаҳрига саёҳат пакетини йўлга қўйиш мумкин ва бунда инновацион ўрмонларга, Миздакхон ва Тупроққалъа мажмуаларига, шунингдек, Савицкий номидаги санъат музейига ташрифларни қамраб олиш мумкин бўлади.
Шунингдек, шакллантирилган инновацион ўрмонлар ва Мўйноқдаги Кемалар қабристони устидан Gyrocopter Skyhub да шахсий учишларни ташкил этиш таклиф этилади.
Gyrocopter Skyhub - бу икки ўриндиқли самолёт бўлиб, у 450 метр баландликда ёқимли парвоз тажрибасини тақдим этади. Парвозни учувчи бошқаради. Стандарт пакетга 20 дақиқалик парвоз киради ва унинг нархи 275 доллар атрофида бўлиши мумкин. Ушбу пакет билан парвознинг фотосуратлари ва таҳрирланган видеоси тақдим қилинади. Ўзбекистоннинг барча фуқаролари парвоз нархидан 20% чегирмага эга бўлишади.
Инновацион ўрмонлардаги дарахтларни суғориш учун энергия ва сувни тежашнинг энг янги технологияларидан фойдаланиш таклиф қилинади, зарур электр энергияси эса қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқарилиши мумкин.
Дарахтларни суғориш учун зарур бўлган сув энг янги технология (атмосфера сув генератори) ёрдамида атмосферадан олинади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Орол денгизи тубида юқори технологияли ва инновацион ўрмонлар барпо этиш бўйича ташаббусимиз экотизимларни тиклаш жараёнларига оламшумул туртки беришга ва БМТга аъзо давлатларнинг биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш ва тиклаш йўлида бирлашиши учун ўзига хос амалий платформага айланишга қодир деб ҳисоблаймиз ва келажак авлодлар учун муносиб ўрнак бўлади деган умиддамиз.
Ушбу ташаббус билан биз барчани сайёрамиз табиатини муҳофаза қилиш ва асраб-авайлаш масаласни яна бир бор мулоҳаза қилиб кўришга чақирамиз ва бу ўз амалий татбиқини топиб, 2030 йилга қадар ушбу мақсадга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирувчи глобал ташаббусга айланишига умид қиламиз.
Муҳаммаджон Бобожонов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш