Орол фожиасини юмшатиш ва экологик вазиятни яхшилаш халқаро ҳамкорликни тақозо этади

Орол фожиасини юмшатиш ва экологик вазиятни яхшилаш халқаро ҳамкорликни тақозо этади

19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозаралари ўтказилди. Унда амалий ташриф билан АҚШга борган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари нутқининг асосий мазмуни жаҳонда ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлиги масалаларига бағишланди. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев, “Биз ўтган йили умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни илгари сурдик. Асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат”, деб алоҳида қайд этди.

Президент Шавкат Мирзиёев, шунингдек, 2024 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, Ташкилотнинг таъсири ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Нутқда кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларига алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечими бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилди.

БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида қилган нутқида Шавкат Мирзиёев Орол денгизи фожиаси ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш ҳолати ва бу борада яқин келгуси даврда амалга ошириш зарур бўлган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратди.

Айни пайтда дунёнинг жуда катта минтақаларида экологик вазият кескинлашган. Бунга бир-бирига боғлиқ бўлган учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайиб бораётганлиги асосий сабаб бўлмоқда.

Миллион-миллион аҳоли яшайдиган улкан ҳудудлар, жумладан, Марказий Осиё ҳам, иқлим ўзгаришлари оқибатлари туфайли ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан катта зарар кўрмоқда, экологик вазият бузилмоқда, аҳоли саломатлигига жиддий путур етмоқда.

Аллақачон глобал муаммога айланган Орол денгизи сатҳи кескин камайиши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш борасида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида улкан чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Орол денгизи фожиаси ва экологик вазиятни юмшатиш бўйича чора-тадбирлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанг тарзда амалга оширилмоқда.

Бу даврда иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш ва иқлимга чидамлилик даражасини ошириш бўйича давлат миқёсида қатор комплекс дастур ва стратегиялар қабул қилинди. Жумладан, 2019 йил 30 октябрда ”2030 йилгача бўлган Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш Конценциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5863-сон Фармони, 2022 йил 2 декабрда “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самардорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 436-сон Қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатлар билан 2030 йилгача бўлган даврда “яшил” иқтисодиётга ўтиш концепцияси ва дастури, саноатда энергия самарадорлигини ошириш дастури, “яшил” иқтисодиётга ўтиш режаси каби улкан чора-тадбирлар тасдиқланди. Шунингдек, уларда 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда ЯИМнинг ҳар бир бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 2010 йилга нисбатан 40%га камайтириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

Чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари ва ҳарорат ошишига қарши 600 минг гектар майдонда “яшил тўсиқлар” ўрмонлари ташкил этиш белгиланди. Хавфли гидрометеорологик ҳолатлар ва тоғ дарёлари оқимлари ҳолати ҳақида олдиндан ҳаққоний хабар бериш даражасини мос равишда 100% ва 98%га етказиш чоралари ишлаб чиқилди.

Қуруқлик экотизимларини ҳимоя қилиш ва тиклаш, улардан оқилона фойдаланиш, чўлланиш, ер деградацияси жараёнларини тўхтатиш ва қайтариш, биологик хилма-хиллик қисқаришини бартараф этиш борасида ҳам жуда катта тадбирлар амалга оширилди, бу борада ҳам қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларга биноан, мамлакатимизда сўнгги йилларда ўрмонлар ташкил этиш жараёнлари тезлаштирилди ва унинг қуруқликдаги умумий майдонга нисбати 8,5 дан 8,7%га етказилди. 2018-2022 йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди.

Мазкур ҳужжатларда 2030 йилгача Оролбўйи ҳудудидаги ўрмонлар майдонини 2,3 миллион гектарга етказиш белгиланди. Бундан ташқари, Оролнинг қуриб қолган тубида қўшимча равишда 800 минг гектар яшил майдон ҳосил қилиш ва уларнинг умумий майдонини 3,5 миллион гектар ёки 85%га етказишдай ўта улкан чоралар тасдиқланди.

Республикада ўрмон майдонларини 6,1 миллион гектарга ва ўрмончилик даражасини 30%га етказиш, юқори самарали чанг ва газ тозалаш ускуналари ва маҳаллий тозалаш иншоотларини ўрнатиш ва модернизация қилиш, 14 та минтақада экологик тоза ҳудуд режимини жорий этиш, йилига 200 миллион дарахт экиб, кўкаламзорлаштириш даражасини 30 % га ошириш, 1984 та яшил боғлар, шу жумладан, 3 йил ичида 112 та йирик саноат корхоналари ҳудуди ва атрофида 30 миллион дарахтдан иборат “яшил камарлар” ташкил этиш, республиканинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ташаббусларига мувофиқ 10 та ҳудудда аэробиологик мониторинг тизимларини яратиш режалари кўзда тутилган.

Булар жуда катта чора-тадбирлар ва уларнинг амалга оширилиши Орол денгизи фожиаси ва оғир экологик вазиятни юмшатиш учун жуда катта хизмат қилади. Лекин муаммонинг кўлами аллақачон Марказий Осиё минтақаси даражасидан кенгайиб, умумжаҳоний тус олган ва уни ҳал этиш учун халқаро даражада жуда катта ташкилий хатти-ҳаракатлар қилиш ҳамда молиявий ресурслар ажратиш талаб этилади. Буни эса фақатгина Ўзбекистон ёки Марказий Осиё давлатлари даражасида ҳал этишнинг имкони йўқ. Бу саъй-ҳаракатларни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим аҳамият касб этади.

Шу боис Орол фожиаси ва иқлим ўзгаришлари оқибатларига қарши курашишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилиши, Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш, унда “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш муаммонинг ечимига катта хизмат қилади. Минтақамизда қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилиши ўз вақтида қабул қилинган қарор бўлди ва у мамлакатимиз томонидан қўллаб-қувватланади.

Бу тарздаги халқаро ҳамкорлик иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган ва шу боис у жаҳон давлатларининг аксарияти манфаатларига мос келади.

“Бу борада “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз. Унинг асосий мазмунини келгуси йил Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форумида муҳокама қилишни таклиф этамиз”, деди Ўзбекистон Президенти.

Нутқда ҳаво ҳарорати кўтарилаётганлиги ва унга мослашиш учун қатъий чоралар кўриш зарурлигига ҳам эътибор қаратилди. Турли объектив ва субъектив сабаблар таъсири остида Марказий Осиёда ҳарорат нисбатан кўпроқ ошиб бормоқда. Жумладан, кейинги 30 йилда минтақада ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. Бу дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир. Оқибатда Марказий Осиё давлатлари ҳудудларида жойлашган ва минтақа учун “ҳаёт-мамот” даражасида аҳамияти катта бўлган музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди.

Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши, жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши мумкин.

Бу рақамларнинг ҳар бири Марказий Осиё давлатлари келажаги учун жуда катта салбий таъсир кўрсата олади. Шунинг учун ҳозирнинг ўзида тегишли чора-тадбирлар кўрилмаса, эртага кеч бўлиши, улкан ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатга ўта жиддий зарар етиши мумкин.

Нутқда яна алоҳида таъкидландики, Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, углерод нейтраллигига эришиш ва “яшил” энергетика улушини кескин ошириш биз учун стратегик вазифа бўлиб қолаверади.

Бу бир-бири билан боғлиқ 3 та йўналиш бўйича ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Жумладан, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига Миллий мослашиш режасини ишлаб чиқиш жараёни фаол давом этмоқда.

Иқлим ўзгариши энергетика, саноат ва шаҳар инфратузилмаларининг самарали ишлашига, сув ва озиқ-овқат хавфсизлигига ва натижада ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган экстремал об-ҳаво ҳодисалари сонининг кўпайишига олиб келади.

Иқлим ўзгаришишига мослашиш табиий, ижтимоий ёки иқтисодий тизимларни ҳақиқий ёки келгусида кутилаётган иқлим ўзгаришлари ва унинг оқибатларига мослаштиришни билдиради. Соддароқ айтганда, бу иқлим ўзгариши билан боғлиқ потенциал хавфларни камайтириш ёки имкониятлардан фойдаланиш учун амалга оширилган жараёнлар, ҳаракатлар ёки тузилмаларни мослаштиришни англатади.

Мамлакат иқтисодиётининг асосий тармоқларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш лойиҳаларидан бири БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ва унинг кўмагида амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа иқлим ўзгариши таъсирига энг заиф бўлган иқтисодиёт тармоқларининг чидамлилигини оширишга ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг мавжуд механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.

Лойиҳа фаолияти қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қурилиш сектори, фавқулодда иқлим ҳодисалари оқибатида юзага келган вазиятларни назоратга олиш ҳамда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш каби муҳим тармоқларда қабул қилинадиган қарорларнинг самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Мамлакатимизда углерод нейтраллигига эришиш ва “яшил” энергетикани жадал ривожлантириш энергетика соҳасидаги давлат сиёсатининг энг устувор масалаларидан бирига айланган. Шу йилнинг қиш ойларида юз берган ва узоқ давом этган аномал совуқ бу муамонинг долзарблигини янада оширди ва бу борада тезкор чоралар кўриш заруриятини кун тартибига қўйди.

Углерод нейтраллиги деганда компания ўз ишлаб чиқариш фаолиятида атмосферага карбонат ангидрид ва бошқа газларни чиқариш миқдорини нолга туширганини ёки бу чиқиндиларни манфий углеродли лойиҳалар орқали компенсация қилганини англатади.

Углерод нейтраллигига 3 та асосий усул орқали эришилади: атмосферага чиқиндилар миқдорини камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига (сув, қуёш ёки шамол энергиясига) ўтиш; карбонат ангидридни ҳаводан сўриб олиш; карбонат ангидрид миқдорини камайтирувчи лойиҳаларга сармоя киритиш орқали компенсация қилиш.

“Яшил” энергия “муқобил” ёки қайта тикланувчи энергия деб ҳам аталади. У табиий ҳолда тикланувчи қуёш, шамол энергияси, ер ҳарорати (геотермал), сув оқимларининг табиий ҳаракати, биомасса энергияси каби шакллардан иборат бўлади. Улар атроф муҳитга иссиқхона гази каби чиқиндилар чиқаришмайди.

Айни пайтда энергетика соҳасини чуқур ислоҳ қилиш, хусусан, уни хусусийлаштириш, углерод нейтраллигига эришиш, “яшил” энергия ишлаб чиқариш миқдорларини кескин кўпайтириш борасида катта чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, соҳага хусусий секторни кенг жалб мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) орқали босқичма-босқич хусусийлаштириш кўзда тутилмоқда.

“Яшил” энергетикани ривожлантириш ва углерод нейтраллигига эришиш режалари ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, 2030 йилга бориб, мамлакат электр энергиясининг камида 25 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларидан, жумладан, 7 ГВт қуёш ва 5 ГВт шамол энергиясидан ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Гидроэнергетикани ривожлантириш учун 142 та потенциал объектлар ўрганилиб, 54 та лойиҳа белгиланди. Шунингдек, қуввати 500 кВт гача бўлган микро ГЭСлар қуриш бўйича 200 та лойиҳа амалга оширилади.

Бу борада халқаро илғор тажрибалардан кенг фойдаланилмоқда. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг АҚШ га амалий ташрифи чоғида шу йилнинг 19 сентябрида АҚШнинг “Air Products” компанияси билан умумий ҳажми 10 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш келишилди. Инвестицияларнинг катта қисми кўмирни газлаштириш, техник газлар, водород ва аммоний ишлаб чиқариш ҳамда аччиқ газларни утилизация қилиш, карбонсизлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларга сарфланади.

Бундан ташқари, “GE”, “Schlumberger”, “Honeywell UOP” каби компаниялар билан ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. Йирик энергетика лойиҳалари учун маслаҳат хизматлари “DeGolyer & MacNaughton” каби «СА» консалтинг компаниялари томонидан тақдим этилмоқда.

Саудия Арабистони ва БАА компаниялари билан қайта тикланувчи энергия манбалари соҳаларида технология, тажриба, ахборот ва инсон ресурсларини алмашиш, экологик тоза энергияга ўтиш, водород ва қайта тикланувчи энергия манбалари соҳаларида қўшма илмий ва инновацион лойиҳалар доирасида ҳамкорлик алоқалари фаол давом этмоқда.

Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистони Подшоҳлигига давлат ташрифи доирасида 2022 йил 18 август куни Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Энергетика вазирликлари ҳамда Саудия компаниялари ўртасида умумий қиймати 12 млрд доллар бўлган учта йирик келишув имзоланди. Унга мувофиқ, Саудия Арабистони томони инвестициялари асосида мамлакатимизда яшил водород соҳаси ривожлантирилади. Саудиянинг ACWA Power and Air Products компанияси юртимизда йирик шамол электр станциялари барпо этмоқда.

БАА компаниялари ҳамюртимизда қайта тикланувчи энергетика объектларини қуришда фаол иштирок этмоқда. 2021 йили Навоий вилоятида мамлакатдаги биринчи қуёш электр станцияси айнан Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилган. Бугунги кунда у бир кеча-кундузда 1 миллион 180 минг киловатт соат электр энергияси етказиб бермоқда.

БАА билан энергетика энергетика соҳасида яна 5 та йирик лойиҳани амалга ошириш келишилган. Уларнинг умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларни ташкил этади. Хусусан, “Mubadala” ва “Taqa” компаниялари билан ҳамкорликда Талимаржон иссиқлик электр станциясини хусусийлаштириш ва қувватини ошириш, “Masdar” компанияси билан Навоий вилоятида шамол, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қуёш электр станцияларини қуриш режалаштирилган ва бу борадаги ишлар қизғин давом этмоқда.

БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида Давлатимиз раҳбари қилган қилган нутқида илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти жуда катта. Уларда биз барчамиз ҳозирги тарихий туб бурилиш палласида келгуси авлодларга сайёрамизни қандай ҳолда қолдириш ҳақида ўйлашимиз лозимлиги, мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка фақат умумий интилишлар ва биргаликдаги ҳаракатлар билан эришиш мумкинлиги, бизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарурлиги, Ўзбекистон шу йўлда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтлари ва барча давлатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли шерикликни чуқурлаштиришга тайёр эканлиги ўз ифодасини топган.

Одил Олимжонов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
бош илмий ходими, и.ф.д., профессор

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар