Twitter тармоғида конституциявий ислоҳотларга бағишланган аудиочатлар бўлиб ўтди. 9 август куни ўтказилган суҳбат – хусусий мулк дахлсизлиги, “снос” муаммосига бағишланди.
Мулоқотга экспертлардан бири сифатида Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директор ўринбосари Муҳсинжон Холмухамедов таклиф этилди.
Суҳбатни Ҳикматилла Убайдуллаев, Назира Иноятова ва Шуҳрат Шокиржонов олиб борди.
Аудиочат бошловчиси Ҳикматилла Убайдуллаевнинг фикрича, ушбу мавзуни экспертлар иштирокида муҳокама қилиниши жуда муҳим. Чунки ўтказилган сўровномалар, билдирилган таклифлар, қолдирилган изоҳлар ҳам айнан “снос” мавзусининг долзарблигини кўрсатган.
Сўнгги йиллардаги “Снос” муаммоси уй-жой дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ қонунчиликдаги мавжуд камчиликларни кўрсатиб берди. 2020 йилда “снос”га тушган мулкларнинг атиги 45 фоизига компенсация тўлаб берилган, қолган қарздорлик 2021 йилда тўлиқ қоплаб берилган бўлса-да, орада компенсация пулини кутган аҳоли сарсонгарчилигига йўл қўйилди.
Конституцияга “Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди” мазмунидаги қоиданинг киритилиши бу муаммога ечим бўла оладими ёки йўқми деган савол кўпчиликни ўйлантираётгани табиий. Турар-жой дахлсизлиги бу эгасининг розилигисиз унинг турар-жойига киришга, унга ҳар қандай зарар етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини англатади, – деди Убайдуллаев.
Аудиочатда жамоатчиликни қизиқтирган муҳим саволларга жавоб қайтарилди. Жумладан, эксперт сифатида иштирок этган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директор ўринбосари Муҳсинжон Холмухамедов Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида гапирар экан, уларнинг инвесторлар хатти-ҳаракатига таъсирини қайд этди.
— “Снос”лар нима учун бу қадар актуал масалага айланди? Бунинг, албатта, ўзига хос иқтисодий асослари бор. Яқин ўтмишда тадбиркорлар шаҳарнинг энг даромадли, юқори баҳоланган жойларидан ўзларига объектларни танлаб олиб, шу йўналишда ҳаракат қилишган.
Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар – инвесторларнинг хатти-ҳаракатини ҳам ўзгартиради. “Узоқ муддатли ўйин қоидалари” бундан кейин инвесторларни янги жойларга инвестиция киритиш, янги жойларни ўзлаштиришга ундайди. Бу эса мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятини янада кенгайтиради.
Хулоса қилиб шуни айтишим мумкинки, тўғриси бу жуда оғриқли мавзу эди. Иқтисодчи сифатида Адлия вазирлиги, Олий суд ва бошқа вазирлик идораларидан келган ҳамкасбларимизнинг фикрларини эшитиб, ўзимам кўп саволларимга жавоб топдим. Бу аудиочатимиздан онлайн фойдаланиш рухсати бўлса, келажакда ҳам тадқиқотчилар ёки бошқа бир қизиқувчилар томонидан қанақадир саволлар туғилса, ушбу аудиочат жуда фойдали бўлади.
Мулоқотда Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев, Бош прокуратура Академияси коррупцияга қарши курашиш илмий-маърифий маркази раҳбари Баҳодир Исмоилов, Олий суд судьялари Наврўз Раҳмонов, Сарварбек Раҳмонов, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Нодир Тиллаев, Молия вазирлиги департамент директори Русланбек Маманов, Қурилиш вазирлиги масъул ходимлари Акбар Ражабов ва Ҳамза Очилов ва бошқалар спикер сифатида иштирок этди.
Изоҳ қолдириш