Экспортни молиялаштириш: экспорт олди кредитлари ва экспорт жараёнларини суғурталаш

Экспортни молиялаштириш: экспорт олди кредитлари ва экспорт жараёнларини суғурталаш

Жаҳон савдо ташкилотининг (ЖСТ) сўровига кўра, экспорт молиялаштиришнинг етишмаслиги савдони ривожлантиришдаги энг катта тўсиқлардан бири сифатида қайд этилди. Айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакиллари молиявий маблағларни олишда кўплаб қийинчиликларга дуч келишлари ўз исботини топди. Савдони молиялаштириш бўйича рад этилган аризаларнинг 75 фоизи мазкур корхоналарга тегишлидир.

Шу боис, ҳар бир мамлакат ўзининг ташқи савдо сиёсати бўйича стратегиясини ишлаб чиқишда экспортни молиялаштириш, шу жумладан, экспорт олди кредитлари бериш, экспорт жараёнларини суғурталаш ҳамда ушбу мақсадларда давлат томонидан экспорт кредит агентликларини ташкил этиш ва экспортни суғурталаш механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратади.

Дарҳақиқат, экспорт қилувчи фирмалар экспорт фаолиятларини молиялаштириш имкониятларига эга бўлишлари, шунингдек, экспорт қилиш жараёнларида суғурталаш хизматларига мурожаат қилиш имкониятларининг пайдо бўлиши уларнинг экспорт бозорига кириш бўйича қарорларига ҳамда экспорт қилинадиган товарлар ва хизматлар миқдорига таъсир кўрсатади (Berman ва Héricort 2010).

Савдони молиялаштириш механизмлари яхши ишлайдиган давлатларда ишлаб чиқарувчи корхоналар тобора кенгайиб бораётган глобал қиймат занжирига (Global Value Chain (GVC)) қўшилиш имконига эга бўлади ҳамда бандлик ва меҳнат унумдорлигини оширишга ҳисса қўшади (Auboin ва DiCaprio 2017).

Аксинча, экспортни олдиндан молиялаштириш, айланма маблағларни тўлдириш имкониятларининг мавжуд эмаслиги сабабли экспортёрлар ишлаб чиқариш учун энг юқори мавсумда ёки кутилмаганда буюртма келиб тушганда ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун етарли пул оқими йўқлигидан хавотирланади.

Савдо кредитлари олишдаги қийинчиликлар туфайли нарх ва сифат жиҳатидан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариб экспорт қила оладиган кичик фирмалар фақат ички бозорда савдо қилишга мажбур бўлади ва рақобатдош импортга нисбатан “ҳимоясиз” бўлиб қолади (Hans-Peter Brunner 2015).

Одатда экспорт қилувчиларнинг экспорт фаолиятларини молиялаштиришда қийинчиликларга учраши молия ва капитал бозорининг етарлича ривожланмаганлиги, ушбу бозорларда рақобатнинг номукаммаллиги ва маълумотларнинг тенг тақсимланмаганлиги боис бозор муваффақиятсизлиги (market failure) билан изоҳланади. Бундай бозор муваффақиятсизликлари давлат томонидан молия ва капитал бозорига оқилоналик билан аралашувга асос бўлади.

Шунинг учун экспортга асосланган иқтисодий ривожланиш йўлидан борган мамлакатлар экспорт қилувчи корхона ва ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида экспорт кредит ва суғурта агентликларини ташкил этишган. Ушбу мамлакатларда давлат аралашуви ишлаб чиқариш омиллари нархларини ўзгартириб, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтирган ҳамда иқтисодиётнинг оптимал ишлаб чиқариш даражасигача кўтарилишига хизмат қилган.

Ушбу мақолада экспортни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда савдони молиялаштириш, хусусан, экспорт олди кредитлари ва суғурта хизматларининг роли борасида сўз юритилади. Шу билан бирга, бозор муваффақиятсизлиги сабабли экспорт фаолиятини кредитлашдаги қийинчиликларни давлат томонидан экспорт кредит агентликларининг ташкил этилиши орқали бартараф этиш бўйича Россия тажрибаси ҳақида маълумот берилади. Шунингдек, ҳозирги кунда Ўзбекистонда экспортни молиялаштириш амалиёти ҳамда янги ташкил этилаётган Экспорт-кредит агентлиги ва Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ишлаш механизмлари тушунтирилади.

Экспортни молиялаштириш ва экспорт ўсиши ўртасидаги боғликликни ўрганиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар

Экспортни қўллаб-қувватлаш дастурларининг экспорт фаолиятига таъсирини ўрганиш, хусусан, экспорт қилувчиларнинг экспортни молиялаштириш имкониятлари ва уларнинг жаҳон бозорига чиқиши ўртасидаги алоқадорликни баҳолаш бўйича кўплаб тадқиқотлар ўтказилган.

Ўтказилган баъзи тадқиқотлар натижаларига кўра, кўплаб фирма ва корхоналар, айниқса, кичик фирмалар катта экспорт салоҳиятига эга бўлсада, аммо уларнинг баъзиларигина амалда экспорт қилишни ўз зиммаларига олганлар (Yeoh ва Jeong 1995). Бу эса бир қатор омиллар билан бирга фирмаларнинг экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур маблағларни топишда қийинчиликларга дуч келиши билан изоҳланади.

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, 2008 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб жаҳон савдоси камайишининг 85-90 фоизи молиявий-иқтисодий инқироз туфайли халқаро бозорларда талабни пасайиши билан боғлиқ бўлган бўлса, 10-15 фоизи савдони молиялаштириш ҳажмининг камайиши ҳисобига рўй берган (Auboin 2009).

Greenaway ва бошқалар 1993-2003 йиллар давомида Буюк Британиянинг 9352 та ишлаб чиқариш фирмаси тўғрисида тўпланган маълумотлардан фойдаланиб, молиялаштириш бўйича қийинчиликлар фирмаларнинг экспорт бозорида иштирок этиш қарорларига таъсир кўрсатадими деган саволга жавоб излашди. Тадқиқотчилар ишлаб чиқариш ва инвестицияларни молиялаштиришда “қўли калта” фирмаларнинг экспорт қилиш эҳтимоллиги кам деган хулосага келдилар.

Россия тажрибаси

Ўзбекистоннинг иккинчи энг йирик савдо ҳамкори Россия Федерациясида “Россия Экспорт Маркази” ОАЖ хом-ашё бўлмаган маҳсулотларни экспорт қилувчиларга кенг кўламли молиявий ва номолиявий қўллаб-қувватлаш хизматларини кўрсатувчи давлат институти ҳисобланади. Экспортга йўналтирилган компанияларга комплекс хизматларни тақдим этиш учун ресурсларни оптималлаштириш ва самарали бизнес жараёнларини яратиш мақсадида Россиянинг экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталаш агентлиги ("EXIAR" ОАЖ) ҳамда "РОСЭКСИМБАНК" OAЖ “Россия Экспорт Маркази” гуруҳига бирлаштирилган.

2019 йилдан “Россия Экспорт Маркази” ўз гуруҳига кирувчи "РОСЭКСИМБАНК" OAЖ орқали давлат томонидан экспортни қўллаб-қувватлашнинг янги механизми – экспорт кредитларини субсидиялашни бошлади. "РОСЭКСИМБАНК" OAЖ томонидан молиялаштирилган биринчи мижоз Россиянинг дунёдаги 30 дан ортиқ мамлакатларга ўз маҳсулотларини етказиб берадиган энг йирик автомобиль компанияси “АвтоВАЗ” ОАЖ бўлди. “Россия Экспорт Маркази” томонидан экспорт кредитлари бўйича фоиз ставкаларини субсиядияланиши “АвтоВАЗ” ОАЖга экспортни молиялаштириш харажатларини камайтириб, халқаро бозорларда рақобатбардошлигини оширишга имкон бермоқда.

Бунинг натижасида “АвтоВАЗ” ОАЖнинг 2019 йилдаги экспорт савдоси қарийб 50 мингта автомобилга етди, бу эса 2018 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 23 фоизга кўпроқдир. Энг йирик экспорт бозорлари Беларусия (16 минг), Қозоғистон (15 минг) ва Ўзбекистон (6,6 минг) бўлди. Ўзбекистонда Lada русумидаги автомобиллар савдоси 2018 йилга (2,6 мингта) нисбатан 2,5 баробар ошди.

Ўзбекистонда экспорт фаолиятини молиялаштириш

Ўзбекистонда ҳам 2020 йил ва ундан кейинги 5 йилликда юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, янги халқаро бозорларга чиқиш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди. Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш 2025 йилга бориб Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмини 100 млрд. АҚШ долларига етказишга катта ҳисса қўшади.

Шунинг учун, юқорида санаб ўтилган мамлакатлар сингари Ўзбекистонда ҳам экспорт ҳажмини оширишда экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда экспорт қилувчи компанияларнинг экспорт фаолиятларини молиялаштиришнинг ягона манбаи банк кредитлари бўлиб қолмоқда. Тижорат банклари томонидан савдо кредитлари билан бир қаторда айланма маблағларини тўлдириш (хом-ашё ва материаллар, бутловчи қисмлар ва экспорт фаолияти билан боғлиқ шу каби харидларни молиялаштириш) учун қисқа ва узоқ муддатли кредитлар ва кредит линиялари таклиф этилмоқда.

Шундай бўлсада, тижорат банкларида савдо кредитлари бўйича фоиз ставкалари ва гаров таъминоти миқдорининг юқорилиги ҳамда кредит шартларининг мураккабликлиги сабабли кўплаб экспорт қилувчи корхона ва ташкилотлар учун экспорт фаолиятларини молиялаштиришда қийинчиликлар сақланиб қолмоқда.

Жаҳон банки томонидан 2019 йил февраль-сентябрь ойларида Ўзбекистондаги 1239 та корхона ва фирмалар орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, фирмаларнинг фақатгина 22,2 фоизида банк кредити/кредит линиялари мавжуд. Мазкур фирмаларнинг 23,7 фоизи айланма маблағларини молиялаштиришда банк кредитларидан фойдаланади. Кредит олиш учун зарур бўлган гаров қиймати кредит суммасининг 166,1 фоизини ташкил этади.

Мазкур омилларни ҳисобга олиб жорий йилда мамлакатимизда экспортёрларга кафиллик берадиган ва экспорт фаолияти билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплайдиган – Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда экспортни олдиндан молиялаштириш вазифаларини бажарувчи – Экспорт-кредит агентлиги ташкил этилади. Яъни, мамлакатимизда экспортёрлар учун банк кредитларидан ташқари экспортни молиялаштиришнинг янги имкониятлари пайдо бўлади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, 2020 йил бошида экспортни суғурта билан қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс хизматлар кўрсатиш мақсадида “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компаниясининг фаолияти янада такомиллаштирилди. 2019 йилда тижорат банкларининг кредитлари, шу жумладан экспорт олди кредитлари бўйича давлат томонидан кафиллик бериш амалиёти йўлга қўйилди.

Янги ташкил этиладиган Экспорт-кредит агентлиги томонидан амалга ошириладиган молиялаштириш турларидан бири – экспорт қилинадиган товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни тўғридан-тўғри молиялаштириш (экспортёрларга экспорт олди кредитлар бериш) бўлади. Мазкур агентлик томонидан экспортни олдиндан молиялаштириш жараёни қуйидагича амалга оширилади (1-расм):

  1. экспортёр халқаро бозорда бизнес режаларини амалга ошириш, шу жумладан ишлаб чиқариш техника-технологиялари ва асбоб-ускуналарини сотиб олиш, айланма маблағларини тўлдириш, чет элларда филиаллар очиш ёки уларни кенгайтириш учун экспорт олди кредитлари олиш бўйича шартнома тузади; экспортёрга “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси ва (ёки) Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кафиллик берилади;
  2. Экспорт-кредит агентлиги тўғридан-тўғри кредитлаш экспорт қилувчи ташкилот учун тўғри танлов эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг экспорт олди кредитлари ажратади;
  3. олинган кредитлар экспортёрга кўпроқ экспорт шартномаларини қабул қилиш ва ишлаб чиқариш харажатларини қоплаш имконини беради ва ушбу босқичда, товар ва хизматлар харидорларга етказиб берилади;
  4. харидорлар белгиланган муддатларда шартномада кўрсатилган маблағни инкасса ҳисобварағига ўтказади;
  5. Экспорт-кредит агентлиги тақдим этилган қарз ва улар бўйича фоиз тўловларини йиғиб олгандан сўнг, қолган маблағларни экспортёр компанияга ўтказади.

1-расм. Экспорт олди молиялаштиришни амалга ошириш жараёни

Шунингдек, Экспорт-кредит агентлиги Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олишни хоҳловчи халқаро компанияларга кредитлар бериш орқали экспортёрларни билвосита қўллаб-қувватлайди.

Бундай вазиятда,

  1. Экспорт-кредит агентлиги хорижий банклар ва бошқа молия ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб боради. Дастлабки босқичда экспортёр экспорт шартномасини ва хорижий мижоз тўғрисида кредит маълумотларини тақдим этади ва Экспорт-кредит агентлиги маълумотларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
  2. Текширув маъқуллангандан сўнг, Экспорт-кредит агентлиги харидорга кредит шартномасини беради ва экспорт қилувчини огоҳлантиради;
  3. Экспортёрга тўлов одатда Экспорт-кредит агентлиги харидор томонидан тасдиқланган ҳисоб-фактурани олгандан сўнг амалга оширилади ва агентлик харидордан тўловларни йиғиш ва қарзни бошқариш учун жавобгар бўлади.

Бундан ташқари, экспорт қилувчи компаниялар тижорат банкларидан экспорт олди кредитлар олишлари мумкин. Бунда, мазкур кредитлар ва экспорт жараёнлари “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси ёки Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан суғурталанади. Шунингдек, Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси экспортни молиялаштириш, шу жумладан ташиш харажатларининг маълум бир қисми қоплаши мумкин.

Хулоса

Ҳар бир давлатнинг экспорт салоҳиятини оширишда экспорт товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни молиялаштириш муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, Ўзбекистонда экспортбоп товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни молиялаштириш, хусусан, экспорт олди кредитлари бериш ҳамда экспорт фаолиятини суғурталаш мақсадида молия ва капитал бозорларини янада ривожлантириш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан ҳисобланади. Шунингдек, экспорт фаолиятини молиялаштиришда баъзида бозор механизмининг муваффақиятсизликка учраши мумкинлигини ҳисобга олиб давлат томонидан Экспорт кредит агентлиги ва Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тузилиши экспортни рағбатлантиришга ҳамда экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.

Тўлиқ мақола "Экономическое обозрение" журналининг навбатдаги сонида чоп этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси

ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

етакчи илмий ходими Халилуллоҳ Ҳамидов

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Auboin M. and A. DiCaprio (2017). “Why Do Trade Finance Gaps Persist: And Does It Matter for Trade and Development”, ADBI Working Paper 702, Tokyo: Asian Development Bank Institute.
  2. Auboin M. (2009). “The Challenges of Trade Financing”, VOX Research-based Policy, http://www.voxeu.org/index.php?q=node/2905.
  3. Berman N. and Héricort J. (2010). "Financial factors and the margins of trade: Evidence from cross country firm-level data", Journal of Development Economics, Volume 93, pp. 206–217.
  4. Greenaway D. and Guariglia A. and Kneller R. (2005), “Do Financial Factors Affect Exporting Decisions?” GEP Research Paper 2005/28, University of Nottingham (2005).
  5. Hans-Peter Brunner (2015). “Testing the Link between Accessible Export Finance and Insurance, and Regional Trade Growth in Africa and Asia: A Role for Regional Export Credit and Investment Guarantee Agency (ECIGA)”, ADB Economics Working Paper Series, No. 433, June 2015.
  6. Kumarasamy D. and Singh P. (2018). “Access to Finance, Financial Development and Firm Ability to Export: Experience from Asia–Pacific Countries”, Asian Economic Journal, Volume 32, Issue 1, pp. 15-38.
  7. Manova K. (2012). “Credit Constraints, Heterogeneous Firms, and International Trade”, Stanford University, Mimeo.
  8. Manova K. and Zhihong Y. (2012). “Firms and Credit Constraints Along the Value-Added Chain: Processing Trade in China”, NBER Working Paper No. 18561.
  9. Yeoh P. and Jeong I. (1995). "Contingency relationships between entrepreneurship, export channel structure and environment: a proposed conceptual model of export performance", European Journal of Marketing, Volume 29 No. 8, pp. 95-115.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар