Германиялик ишбилармонлар ноқулай ташқи омилларга қарамай, ўз бизнесларини Ўзбекистонда давом эттирмоқчи

Германиялик ишбилармонлар ноқулай ташқи омилларга қарамай, ўз бизнесларини Ўзбекистонда давом эттирмоқчи

Германиянинг 30 та йирик компания ва банклари – «Тиссен Крупп», «Метро», «МАН», «Такраф», «Клаас», «Папенбург», «Фалк Порше Текник», «Клаас», «Кнауф», «Дойче банк», «Коммерцбанк», «Ландесбанк» ва бошка бир қатор корхона раҳбарлари иштирокида видеоконференция мулоқоти ўтказилди, деб хабар бермоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Видеоконференцияда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, германиялик ҳамкорларга “Мангольд Консалтинг” компанияси бошқарув раиси К.Мангольд раҳбарлик қилди.

Музокараларда С.Умурзоқов мамлакатимизда коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқирознинг салбий таъсирини юмшатишга қаратилган, инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари ва экспортёрларни мақсадли қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.

Ўз навбатида, германиялик ишбилармонлар вирус тарқалишидан келиб чиққан ноқулай ташқи омилларга қарамай, ўз бизнесларини Ўзбекистонда давом эттириш ва ривожлантиришга катта қизиқиш билдирди. Хусусан, бугунги кунда «Коммерцбанк» ва «Ландесбанк» каби Германия молия институтлари билан ҳамкорлик фаол олиб борилмоқда.

Мулоқот чоғида 2020 йил учун белгиланган 1,1 миллиард евро миқдоридаги тўғридан-тўғри Германия инвестицияларини тўлиқ ўзлаштириш, Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи германиялик ишбилармонлар билан яқин ҳамкорлик механизмини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар