7 март куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Ўзбекистон ўртасида илк бор 20 млн долларлик валюта айирбошлаш битими тузилди. Бу Ўзбекистонга хорижий валютада қарз олиш билан боғлиқ валюта рискларини ҳимоя қилишга ёрдам берадиган биринчи шундай битимдир, дея маълум қилди ЕТТБ.
Своп битимлари — молиявий рискларни бошқариш учун ишлатиладиган молиявий инструмент ҳисобланади. Валютавий своп битими своп турларидан бири бўлиб, турли валютадаги қарзларни валюта рискидан ҳимоя қилиш учун фойдаланилади.
Ушбу тажриба битими яқинда ЕТТБ томонидан бошланган деривативлар ҳуқуқини ислоҳ қилиш бўйича техник ёрдам билан биргаликда Ўзбекистон Молия вазирлигининг деривативлар бозорини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва валюта рискини бошқаришнинг муҳимлигини таъкидлайди.
ЕТТБнинг Ўзбекистондаги раҳбари Алкис Дракиноснинг таъкидлашича: «Ушбу битим Ўзбекистонда маҳаллий валюта бозорини ривожлантиришдаги муҳим босқичдир. Бу валюта рискларини бошқаришни ҳам, мамлакат реал секторини миллий валютада кредитлашни ҳам осонлаштиради. Айниқса, Марказий Осиё ва ундан ташқарида беқарорлик даврида жуда муҳим», — деди у.
Битимни амалга ошириш учун Молия вазирлиги Халқаро своплар ва деривативлар ассоциациясининг (ISDA) бош келишуви бўйича халқаро юридик компаниянинг ижобий ҳуқуқий хулосасини олди.
«Своп битими бўйича энг яхши нарх таклиф қилган ЕТТБ билан ISDA бош келишуви имзоланди ва Осиё тараққиёт банкидан хорижий валютада жалб қилинган қарз маблағларининг 20 млн АҚШ доллари қисми бўйича своп операциясини амалга оширилди. Қисқа қилиб айтганда, ушбу илк синов своп оперсияси орқали 20 миллион АҚШ долларидаги давлат қарзи миллий валютадаги қарзга ўгирилди», — дея қайд этди Молия вазирлиги.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, илк синов своп операцияси Ўзбекистон молия бозорида, хусусан, давлат ва хусусий сектор томонидан жалб қилинаётган ташқи қарз маблағларининг хорижий валюта рискларини самарали бошқаришда халқаро контрагентлар билан деривативлардан фойдаланишга йўл очиб беради.
Хориждан миллий валютада инвестиция жалб қилиш имконияти мураккаблиги ва чекланганлигини ҳисобга олганда, чет эл валютасидаги инвестицияларни дериватив инструментлар орқали сўмга ўгириш муқобил восита вазифасини бажаради.
Деривативлар бозорини ривожланиши Ўзбекистон капитал бозорида молиявий рискларни самарали бошқаришга, хорижда эса сўмдаги актив ва мажбуриятларни тўғри баҳоланишига ҳамда миллий валюта бозорини шакланишига хизмат қилади.
Ҳозирда халқаро контрагентлар билан дериватив инстументлардан кенг фойдаланиш мақсадида Молия вазирлиги ЕТТБ билан биргаликда «Дериватив ва РЕПО транзакциялари қонунчилигини яратиш» лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, TCX фонди ўзбек сўмига хорижда бозор яратиш ҳамда Ўзбекистонда молиявий инструментлар бўйича тажриба ва молиявий саводхонликни ривожлантиришга ўз хиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ қолдириш