Ҳоким ва раҳбарларга бириктирилган қиммат нархдаги хизмат автомобиллари аукцион орқали сотилади

Ҳоким ва раҳбарларга бириктирилган қиммат нархдаги хизмат автомобиллари аукцион орқали сотилади

Мансабдор шахслар давлат маблағларидан турли қимматбаҳо автотранспортларни харид қилишининг олдини олиш мақсадида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов маълум қилди.

“Айрим мансабдор шахслар бугунги мураккаб (пандемия) шароитида давлат маблағларининг самарали сарфланиши нақадар муҳим эканлигини тўла англаб етмаяптилар. Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама бўлаётган — қиммат нархлардаги хизмат автотранспортларини харид қилиш — бунга яққол мисол бўла олади. Бундай ҳолларда давлат хизматчиларига «Ҳалоллик вакцинаси»ни норматив ҳужжатлар қабул қилиб, тегишли чекловларни қўллаш орқали сингдиришдан бошқа чора қолмаяпти”, деди Акмал Бурханов.

Президент қарори лойиҳасида айнан мана шу каби ҳолатларни бартараф этишга мўлжалланган. Лойиҳага кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларига хизмат авторанспортларни классига қараб бириктириш нормативлари (энг юқори нархлари) белгиланади.

Жумладан, туман, шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспорти нархи БҲМнинг 1200 баравари (267 млн 600 минг сўм)дан ошмаслиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари хизмат автомашинаси нархи эса БҲМнинг 700 баравари (156 млн 100 минг сўм)дан ошмаслиги керак бўлади.

Давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд бўлган хизмат авторанспортлари хатловдан ўтказилади ва белгиланган нормативлардан ортиқча бўлган хизмат автотранспортлари «E-IJRO AUKSION» орқали аукцион савдоларда сотилиши таъминланади.

Хизмат авторанспортларини сотишдан тушган маблағлар эса тегишлича республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтирилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларини янгисига алмаштириш ундан камида 5 йил фойдаланилгандан сўнг амалга оширилади. Бунда автотранспортнинг теxник ҳолати, ундан фойдаланиш xавфсизлиги, шунингдек, янгисига алмаштиришнинг иқтисодий мақсади инобатга олиниши лозим бўлади.

Бундан ташқари, хизмат автотранспортларидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши жамоатчилик томонидан назорат қилинади ҳамда хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг махсус веб-порталига, шунингдек, махсус мобил дастурий таъминотига фото ва видео материалларни жойлаштириш орқали хабардор қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил бошида Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак” деган эди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар