2021 йил 4 январида ўтказилган рақобатли аукцион савдолар натижасига кўра, “777” рақамлар комбинациясига эга авторақам Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz вебсайтида 596 525 000 сўмга сотилди. Ушбу кўрсаткич биржанинг мазкур электрон савдо тизими ишга туширилган пайтдан буён авторақамнинг энг максимал баҳоси ҳисобланади. Аукционда талабгорлар томонидан 145 та нарх таклифлари келиб тушган.
Мазкур авторақам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 687-сон қарорига мувофиқ Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХББ томонидан қўйилган бўлиб, унга кўра вилоятларда истиқомат қиладиган фуқаролар учун 1-тоифадаги рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси (РЎДРБ) га буюртма бериш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварини ташкил этади. Шу муносабат билан мазкур авторақамнинг бошланғич нархи 111 500 000 сўмни ташкил этган.
Биржа Бошқарув раисининг IT ва инновациялар бўйича биринчи ўринбосари Зулфиддин Камоловнинг таъкидлашича, онлайн аукцион давомида мазкур лотни 400 мингдан ошиқ фойдаланувчи кузатиб борганлиги, савдоларнинг шаффофлик ва рақобат асосида ўтганлигидан далолат беради. Шунингдек Ахборот хавфсизлиги қоидалари бўйича савдо натижалари юзасидан қўшимча текшириш ишлари амалга оширилган ва уларга кўра avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида техник носозликлар қайд этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 2020 йил давомида қайд этилган энг қиммат авторақамнинг баҳоси – 206,7 млн сўмни ташкил этган эди. Авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилади.
Изоҳ қолдириш