2023 йил 18 май куни Hilton Tashkent City меҳмонхонасида “Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни татбиқ этиш” II Халқаро форуми бўлиб ўтади.
Жорий йилда Форум Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан ташкил этилди. Форум БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилмоқда.
Юртимизда бўлиб ўтадиган Камбағалликни қисқартириш бўйича иккинчи халқаро форумда 200 дан ортиқ делегатлар, шу жумладан, камбағалликка қарши кураш бўйича J-PAL глобал ташаббуси, БМТ, БМТТД, ХМТ, Жаҳон банки, ЮНИCЕФ, ОТБ, ФТА, GIZ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар экспертлари иштирок этиши кутилмоқда.
Иқтисод бўйича Альфред Нобель номидаги мукофот совриндори, камбағалликни қисқартириш бўйича глобал ташаббуси J-PAL ҳаммуассиси — Абхиджит Банерджи, Жорж Вашингтон университетининг фаровонлик иқтисодиёти ва камбағалликни ўлчаш бўйича иқтисод профессори —Жеймс Фостер, Оксфорд камбағалликка қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш ташаббуси директори — Сабина Алькайрнинг иштироки катта аҳамиятга эга бўлади.
Шунингдек, Форумда Осиё тараққиёт банки вице-президенти Шичен Чен, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Бьерде, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Консуэло Видаль Брус, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзода, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, Хитой Халқ Республикасининг камбағалликка қарши кураш халқаро маркази директори Лю Цзюньвэнь, Пекин педагогика университети профессори, Қишлоқ ҳудудлари реабилитацияси миллий департаменти раҳбари Чжан Ци ўз маърузалари билан қатнашади.
Бундан ташқари, Форумда Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Тожикистон Республикаси, шунингдек, дипломатик корпус вакиллари иштирок этишади.
Халқаро форумнинг мақсади – камбағалликка қарши курашиш бўйича илғор жаҳон тажрибаси ва усулларини ўрганиш, яқин йилларда кўп ўлчовли камбағалликка барҳам беришда мувофиқлашган комплекс ёндашув, ижтимоий ҳимоя ва манзилли ёрдамга алоҳида эътибор қаратган ҳолда амалга ошириладиган қўшма тадқиқотлар учун устувор йўналишларини шакллантириш, инсон капиталини такомиллаштириш орқали меҳнат бозорида ўқитиш дастурлари сифатини ошириш, кичик корхоналарнинг ўсишини қўллаб-қувватлаш, юқори сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат бўлади.
Иштирокчилар ривожланаётган мамлакатларда тўпланган тажрибани янада оммалаштириш мақсадида камбағалликка қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон эришган ютуқларнинг усуллари ва натижаларини, жумладан, уларнинг самарадорлигини кўриб чиқадилар.
Форум доирасида ҳамкорликка оид бир қатор ҳужжатларни имзолаш ва қўшма коммюникени қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, жумладан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда J-PAL глобал ташаббуси ўртасида Ҳамкорлик дастури имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг камбағалликка қарши кураш тажрибаси
Аксарият мамлакатлар камбағалликни қисқартириш йўналишида фаолиятни халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва тўпланган тажрибаларга таянган ҳолда тайёр амалиёт ва стратегиялар асосида амалга ошираётган бўлса, Ўзбекистонда қисқа муддатда камбағалликни қисқартириш соҳасида ўзига хос ташкилий модели шакллантирилиб, ўтган йили жорий этилди ва ўз ижобий натижаларини кўрсатишни бошлади.
Ўзбекистонда камбағаллик муаммосини ҳал этиш ижтимоий сиёсатда алоҳида ўрин эгаллайди, унга қарши фаол кураш 2020 йилда, мамлакатимиз ушбу ҳолатни расман тан олган пайтда бошланган эди. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида маълумотлар базалари шакллантирилди. 2021 йилдан бошлаб кам таъминланганларни “Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри” ахборот тизимига киритиш орқали ҳисобга олиш механизми жорий этилган. 2017 йилда 500 минг нафар кам таъминланган оилага ижтимоий ёрдам кўрсатилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 2,2 миллиондан зиёдни ташкил қилмоқда. Ажратилаётган маблағлар ҳажми етти баравар оширилиб, йилига 13 триллион сўм (1,1 миллиард доллар)га етди.
Мамлакатимиз Президентининг ўтган йил 20 декабрдаги Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуриш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш ва камбағалликни қисқартириш мақсад қилинган.
Шундан келиб чиқиб, ижтимоий соҳага давлат харажатларини ошириш вазифаси қўйилди. Хусусан, 2018 йилда улар 35 трлн, 2019 йилда 61,3 трлн, 2020 йилда 74,2 трлн, 2021 йилда 85,3 трлн сўмни ташкил этган. 2022 йилда эса 105,5 триллион сўм йўналтирилган.
Жорий йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида келтириб ўтилган маълумотлар Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш жараёнлари натижадор бўлиб, юқори самарадорликни намойиш этаётганини кўрсатди.
Хусусан, 2022 йил якунларига кўра камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга камайгани қайд этилди. Янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Йил давомида 200 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 10 мингта корхонанинг фаолияти кенгайтирилди ва 11 мингта корхона қуввати тикланди. Давлат дастурлари, жумладан, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, маҳаллаларда тадбиркорликка кўмаклашиш соҳасида амалга оширилаётгани натижасида 1 миллион киши камбағалликдан олиб чиқилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Камбағалликни қисқартириш бўйича масъул беш идора Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ягона тизимига айлантирилиб, унга барча ташкилий имкониятлар ва молиявий ресурслар тақдим этилди. Ўзаро кесишувчи масалаларнинг бир вазирлик доирасида жамланиши уларнинг янада самарали ва комплекс ҳал этилишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Камбағалликка қарши кураш сўнгги ўн йилликда глобал кун тартибининг асосий масалаларидан бири сифатида Ўзбекистон давлат сиёсатида ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз иқтисодий ислоҳотларнинг иккинчи босқичига қадам қўяётган бир пайтда, олиб борилаётган сиёсат камбағаллик ва тенгсизликка қарши курашишга бағишланган кун тартибини бажаришда давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида 2023 йилда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган сиёсатнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган.
Хусусан, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, камбағалликни бартараф этиш чора-тадбирлари маҳалла миқёсида давом эттирилади. Аҳоли ташаббус кўрсатган лойиҳаларни амалга ошириш учун қарийб уч баравар кўп, салкам 8 триллион сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган.
Ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартиришни таъминловчи механизм ишга туширилиб, улар шароити ва салоҳиятидан келиб чиқиб, беш тоифага ажратилди. Тадбиркорлар учун субсидия, кредит ва компенсацияларни тоифалардан келиб чиқиб ажратиш кўзда тутилган. Улар учун солиқ ставкалари ҳам ҳар хил бўлади.
Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” ижтимоий уй-жой ипотека дастури ишга туширилмоқда (уй-жойларни биринчи навбатда эҳтиёжманд оилалар учун қуриш кўзда тутилган). Уй-жой қурилиши ҳажми 1,5 баравар оширилиб, 90 мингта хонадон ва якка тартибдаги уй-жойларга етказилади.
Туманлар кесимида 2023 йилга мўлжалланган бандлик дастурларини пухта ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси қўйилди.
Ҳар бир кам таъминланган оила учун ягона рақамли паспорт ишлаб чиқиш, камбағалликдан чиқиш бўйича индивидуал дастурлар тайёрлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шу мақсадда маҳаллаларда 300 та микромарказ яратиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳар бир туманда тадбиркорликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берилди.
Жорий йилда оилавий бизнес дастури учун 12 трлн сўм ажратилади. Бундай кредитларнинг максимал миқдори ортади. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 январдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун «Агробанк» АТБ, «Микрокредитбанк» АТБ ва АТ Халқ банкига 300 миллион доллар миқдорида маблағлар уч йиллик имтиёзли давр билан етти йил муддатга 10 фоиз ставкада ажратилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг
Жамоатчилик билан алоқалар хизмати
тел.: (+998) 78 150-32-20 (417)
Изоҳ қолдириш