Илмий-тадқиқот ташкилотлари, таҳлил марказлари билан истиқболдаги режалар тасдиқланди

Илмий-тадқиқот ташкилотлари, таҳлил марказлари билан истиқболдаги режалар тасдиқланди

Мамлакатимиз Президентининг 2024 йил ноябрь ойидаги Олий Мажлис палаталари мажлисларида сўзлаган нутқларидан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси қўмиталари ва уларнинг фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда илмий-тадқиқот муассасалари, таҳлил марказлари билан ҳамкорликни олиб бориш ташаббуси илгари сурилган эди.

Хусусан, жорий йилнинг 18 март куни Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг Божхона институти, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ илмий тадқиқотлар институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, истиқболдаги режалар тасдиқланди.

Ҳамкорлик меморондумига бағишланган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Божхона институти, Бюджет-солиқ илмий тадқиқотлар институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Юқоридаги илмий-тадқиқот ташкилотлари, таҳлил марказлари билан меморандум имзолашнинг асосий мақсади ушбу соҳаларда қонунчиликни такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, мамлакат тараққиётига қаратилган стратегияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қўмита фаолиятига илмий-тадқиқот ташкилотларини фаол жалб этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Ҳамкорлик доирасида бир нечта йўналишлар белгилаб олинди. Жумладан, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш, қонун лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш жараёнида таклифлар алмашиш, қўмита тегишли илмий-тадқиқот ташкилотлари, таҳлил марказлари юборган таклифларни мунтазам ўрганиб, таҳлил қилиб бориши, қонун ижодкорлиги соҳасида хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва илғор хорижий тажрибани миллий қонунчиликга имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда қўмитага тақдим этиш каби муҳим масалаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди. Шу билан бирга ўзаро манфаатли долзарб йўналишлар бўйича ҳамкорликда конференция, семинар-тренинг, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Йиғилиш давомида Қонунчилик палатаси депутатлари ва йиғилиш иштирокчилари фикр мулоҳазаларини ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича ўз таклифларини билдиришди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар