Ўзбекистондаги корхоналар ўз бизнесини ривожлантириш истиқболлари яхшиланишига ишонади – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўровномаси натижалари

Ўзбекистондаги корхоналар ўз бизнесини ривожлантириш истиқболлари яхшиланишига ишонади – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўровномаси натижалари

Пандемия билан боғлиқ чекловлар босқичма-босқич бекор қилиниб, иқтисодиёт тикланар экан, ҳукуматнинг роли асосий омил бўлиб қолмоқда. Ҳукумат томонидан қабул қилинган ислоҳотлар иқтисодиёт учун ижобий импульслар бермоқда.

Ўзбекистон Президентининг Парламентга мурожаатида янги чора-тадбирлар, жумладан, бизнесни қўллаб-қувватлаш, хўжалик юритувчи субъектларни текшириш мораторийсини яна бир йилга узайтириш, солиқ имтиёзлари, озиқ-овқат, нефть ва электр саноатидаги 73 товар маҳсулотига акциз солиғини бекор қилиш ва соғлиқни сақлаш харажатларини ошириш ҳақида эълон қилинди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан 2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитини баҳолаш учун корхоналар ўртасида сўровнома ўтказилди. Сўровномада республика бўйича 1000 дан ортиқ корхоналар иштирок этди. Мутахассислар тадбиркорлардан уларнинг бизнесини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида саволлар билан мурожаат қилишди.

Сўровнома икки йўналишда ўтказилди:

  • бизнеснинг ҳозирги ҳолатини сифатли баҳолаш;
  • тадбиркорларнинг ўз бизнеси бўйича кейинги 2-3 ойлик кутилмалари.

Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитининг таҳлили шуни кўрсатдики, бизнеснинг ҳозирги ҳолати кўрсаткичи ўтган ойга нисбатан 6 пунктга ошиб 33 баллни ташкил этди, бу эса тадбиркорларнинг ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатига нисбатан ўртача мўътадил ижобий кайфиятда эканлигини билдиради.

Хусусан, саноат саоҳасида индекс 10 балга кўтарилди, қурилиш ва хизматлар соҳаларида мос равишда 14 ва 24 пунктга ўсиш кузатилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида эса аксинча 24 баллга пасайиш кузатилди.

Сўровнома ўтказилган 1003 та корхонанинг 41 фоизи бизнеснинг ҳозирги ҳолатини “яхши”, 41 фоизи “қониқарли” ва 18 фоизи “ёмон” деб баҳолади.

Корхоналарнинг 36 фоизи товарлар/хизматлар учун талаб “ошди”, 45 фоизи – “ўзгармади”, 19 фоизи – “ёмонлашди” деб баҳолаган. Корхоналарнинг 18 фоизида ходимлар сони “ўзгармаган", 73 фоизида “камайган” ва 9 фоизида “ошган”.

Кейинги 3 ой давомида бизнесни ривожлантириш кутилмалари индекси ўтган ойга нисбатан 22 пунктга ошиб 73 баллни ташкил этди, яъни тадбиркорларнинг келгуси 3 ой ичида ўз бизнесини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида умидлари ижобийдир.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболларни кутиш кўрсаткичи мос равишда 29 баллга, саноат – 21 баллга, қурилиш – 39 балл, хизмат кўрсатиш соҳасида - 14 баллга ошган.

Сўровда қатнашган 1003 корхонадан 73 %и ўз бизнесининг истиқболларини "яхшиланмоқда", 23% - "ўзгармайди" деб баҳолашди ва атиги 4% "ёмонлашади" деб тахмин қилишган.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, товар/хизматларга талаб кўрсаткичини корхоналарнинг 60 фоизи «яхшиланади», 32 фоизида «ўзгармайди», 8 фоизи «ёмонлашади» деб баҳолаган. Корхоналарнинг 59 фоизи ишчилар сонини «ошади», 39 фоизи «ўзгармайди» ва 1 фоизи «пасаяди» деган тахмин қилишган.

Шунингдек, мазкур корхоналарнинг 27 % маҳсулотларнинг нархи "ўзгармайди", 54% "билмайман" деб жавоб беришди, 16% корхоналар товарлари/хизматлари нархларининг "ошади" кутмоқдалар ва атиги 3% - "пасаяди" деб тахмин қилган.

Ишбилармонлик муҳити индикатори ўтган ойга нисбатан 13 пунктга ошиб 52 пунктни ташкил этди. Яъни, мамлакатда ишбилармонлик муҳити “яхши” деб баҳоланади.

Мавжуд вазият ва тахминлар қийматлари ўртасидаги боғлиқлик иқтисодий ривожланишнинг ижобий тенденцияси яқин 3 ой ичида давом этишини англатади. Хусусан, 2020 йил ноябрь ойига нисбатан қишлоқ хўжалигида ишбилармонлик муҳитининг кўрсаткичи 1 пунтга ошди, саноатда ва қурилишда мос равишда 15 ва 29 пунктга, хизмат кўрсатишда 19 пунктга ошганлиги қайд этилди.

Ҳамкор давлатларда жорий йилнинг декабрь ойидаги ишбилармонлик муҳити бўйича шу каби кўрсаткичларини учун қуйидагича бўлди: Туркия (7) ва Россия (-7.3), Хитой (1.9), Жанубий Корея (-18).

Ферузбек Давлетов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар