Халқаро валюта фондининг расмий статистик маълумотларига кўра, 2018 йилда инфляцион таргетлаш режмини қўллаётган мамлакатлар сони 41 та бўлиб, унинг 30 таси ривожланаётган мамлакатлардир.
ХВФ экспертларининг фикрига кўра, инфляцион таргетлашдан пул-кредит сиёсатининг индикатори сифатида фойдаланиш учун иккита шароит мавжуд бўлиши лозим. Биринчидан, Марказий банк мустақил пул-кредит сиёсатини амалга ошириш имкониятига эга бўлиши лозим. Марказий банк ҳукумат мақбул деб ҳисоблаган инфляция даражасига эришиш учун монетар инструментларни эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Мамлакатда бюджет-солиқ сиёсатининг талаблари пул-кредит сиёсатини ишлаб чиқишда устувор йўналишлар сифатида инобатга олинмаслиги лозим. Бошқача қилиб айтганда, мамлакатда «бюджет гегемонлиги» тушунчаси мавжуд бўлмаслиги лозим.
Иккинчидан, инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи индикатор сифатида танлаб олиниши учун иш ҳақининг ўсиши, аҳоли бандлиги даражаси ва алмашув курси бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланмаслиги лозим. Бунинг сабаби шундаки, миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан курсининг белгиланиши Марказий банкни, ўзининг пул-кредит сиёсатини, ана шу кўрсаткични бажариш учун мослаштиришга мажбур қилади. Бу эса, ўз навбатида, Марказий банкка инфляциянинг мақсадли кўрсаткичини таъминлаш учун монетар инструментлардан эркин ва тўлиқ фойдаланиш имконини бермайди. Натижада, пул-кредит сиёсатининг тактик мақсадларининг мазмунида икки ёқламалик, қарама-қаршилик юзага келади.
Инфляцион таргетлаш муваффақиятли қўлланилган давлатлар сифатида Янги Зеландия, Канада, Буюк Британия, Финландия, Швеция, Австралия ва Испания тилга олинади.
Австралия, Финландия ва Швецияда Марказий банк инфляциянинг мақсадли кўрсаткичини ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаш хусусидаги розилигини олмасдан туриб эълон қилган.
Канада ва Янги Зеландияда мақсадли кўрсаткичга эришиш учун 18 ойлик муддатни белгиланган. Мазкур муддат тугагандан сўнг, инфляциянинг даражасини босқичма-босқич пасайтириш мақсадида, Янги Зеландияда яна 12 ойлик, Канадада – 18 ойлик муддат белгиланган.
Белгиланган янги муддатлар тугагандан сўнг ҳар иккала мамлакатда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичини таъминлашга муваффақ бўлинди ва ҳар иккала мамлакатда яна беш йиллик даврга инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи белгиланган.
Австралия, Финландияда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи аниқ даража сифатида олинган.
Канада, Янги Зеландия, Швеция, Буюк Британияда инфляция бўйича мақсадли кўрсаткич йўлакча сифатида белгиланган.
Россия Марказий банки томонидан қўлланилаётган инфляцион таргетлаш режимида 2017 йилнинг охирига бориб, инфляциянинг йиллик даражасини 4 фоизга етказиш мақсади қўйилган эди. 2016 йилда амалга оширилган чора-тадбирлар ушбу мақсадга эришиш имкониятини юзага келтирди. Яъни, 2016 йилнинг якунига келиб, Россияда инфляциянинг йиллик даражаси 5,4 фоизни ташкил қилди. Ҳолбуки, 2015 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, Россияда инфляциянинг йиллик даражаси 12,9% бўлган эди.
2016 йилнинг июнь ойига келиб, инфляциянинг даражасини сезиларли даражада пасайтиришга эришилганлиги Россия Марказий банкига қайта молиялаш ставкасини пасайтириш имконини берди.
Россияда 2016 йилда инфляцион таргетлаш самарасини таъминлаган омиллар қуйидагилардан иборат:
- Табиий монополиялар маҳсулотлари ва хизматлари баҳоларининг паст ўсиш суръатларини таъминланганлиги. 2016 йилда мазкур баҳоларнинг ўсиш суръати 1,3 фоизни ташкил этди.
- Миллий валютанинг номинал алмашув курсининг барқарор бўлганлиги (2016 йил давомида 1 АҚШ долларини 64-67 рубль даражасида бўлиши таъминланди.).
- Пул массасининг паст даражадаги ўсиш суръатининг таъминланганлиги. 2016 йилда пул массасининг ўсиш суръати (М2 пул агрегати бўйича) 9,2 фоизни ташкил этди. 2015 йилда ўсиш суръати 11,5 фоизни ташкил этган эди.
- Захира фонди маблағлари ҳисобидан давлат бюджети дефицитини молиялаштириш орқали пул базасининг кўпайишига йўл қўйилмаганлиги (2015 йилда йўл қўйилган эди).
Қозоғистонда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи ўрта муддатли даврга мўлжалланганлиги сабабли, эконометрик таҳлил чораклик даврдаги маълумотлар таҳлили асосида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, прогнознинг аниқлик даражасини ошириш учун аҳоли ўртасида, инфляцион ва девальвацион кутишларни баҳолаш мақсадида, сўровлар ўтказилмоқда.
Ҳозирги даврда, Қозоғистонда инфляцион таргетлаш режими қўлланилаётганлиги сабабли миллий валютанинг алмашув курси бўйича мақсади кўрсаткичлар белгиланмаган. Миллий валюта-тенге эркин сузиш режимига эга.
Инфляцион таргетлаш режимига ўтиш Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришнинг замонавий, инновацион ривожланиш йўлига ўтиш босқичида инфляцияга қарши курашнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3272-сонли “Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, мазкур Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ички нархларнинг барқарорлигини таъминлашда ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсати мақсадларига эришиш принцип ва механизмларини хорижий марказий банклари томонидан қўлланиладиган инфляциявий таргетлаш режимига ўтиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 ноябрдаги ПФ-5877-сонли “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, илғор хориж тажрибасига таянган ҳолда, инфляцион таргетлаш режимини жорий этиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги йўналишларга қаратилган мувофиқлаштирилган тайёргарлик ишларини амалга ошириш вазифаси қўйилди:
– инфляциянинг номонетар омиллари ролини босқичма-босқич пасайтириш, шу жумладан, тарифларни тартибга солишни ислоҳ қилиш, иқтисодиётнинг реал секторида таркибий иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш ва ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш;
– Марказий банкнинг макроиқтисодий таҳлил ва коммуникация сиёсати сифатини ошириш;
– регуляторнинг кредит бозорига самарали таъсир этишини таъминлаб берувчи, пул бозорини тартибга солишнинг янги инструментларини жорий этиш.
Мазкур Фармонга асосан, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун иқтисодиётни тартибга солишнинг бозор механизмлари ва инструментларини қўллашни кенгайтириш, шунингдек, пул-кредит сиёсати самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш йўли билан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмларини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказишни таъминлаш талаби қўйилди.
Шунингдек, Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банкининг инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлари концепцияси тасдиқланди ва ушбу Концепцияга мувофиқ, 2020 йилда инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» маъқулланди.
Шуниси аҳамиятлики, Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб тижорат банклари томонидан (миллий валютада) янгидан бериладиган барча турдаги кредитлар, шу жумладан давлат дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган даражада белгиланади (ипотекани кредитлаш бўйича давлат дастурлари ҳамда пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ажратиладиган кредитлар бундан мустасно) ва 2021 йил 1 январдан, зарур ҳолларда, фоиз харажатларининг маълум бир қисмини компенсация қилиш механизмларини жорий этиш орқали тижорат банкларига фоиз ставкаларини мустақил белгилаш ҳуқуқини берган ҳолда кредитларни имтиёзли фоиз ставкаларида бериш амалиёти бекор қилинди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тарихида биринчи марта давлат бюджети тақчиллиги бўйича меъёрий талаб жорий этилди. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига фискал баланс тақчиллигини 2022 йилда 1,5 фоиздан ошмайдиган даражагача босқичма-босқич камайтиришни таъминлаш вазифаси юкланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда пул-кредит сиёсатини инфляцион таргетлаш режимига мослаштиришнинг қуйидаги йўналишлари ўз аксини топган:
– 2020 йилнинг 1 январига қадар пул бозори фоиз ставкаларига таъсир кўрсатувчи бозор инструментлари, шу жумладан Марказий банк облигациялари, овернайт депозитлар, доимий тусдаги депозит аукционлари, давлат қимматли қоғозлари ва хорижий валюта гарови остида кредит аукционлари ва овернайт кредитлари;
– 2020 йил давомида фоиз ва валюта хатарларини бошқаришда ҳосилавий инструментлар (своп, опцион ва фьючерслар) ва тижорат банкларининг валюта курси шаклланишидаги ролининг босқичма-босқич ошириб борилиши;
– бир ой муддатда Марказий банкнинг банклараро пул бозорига мунтазам интервенцияси орқали мослашувчан фоиз сиёсатини амалга оширишда асосий фоиз ставкасининг фоиз коридори механизми;
– 2020 йилнинг 1 апрелига қадар халқаро молия институтларининг техник кўмаги ҳамда илғор халқаро тажриба асосида эконометрик моделлаштириш инструментларини ривожлантиришни назарда тутувчи макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш тизими;
– икки ой муддатда Марказий банк томонидан иқтисодиётдаги жорий ҳолат, инфляцион жараёнларнинг асосий омиллари ва пул-кредит сиёсати чораларининг ўз вақтида ёритилишини кўзда тутувчи коммуникацион сиёсатнинг замонавий тамойиллари;
– инфляция ва инфляцион кутилмалар омилларини доимий ўрганиб бориш, халқаро молия институтлари ва бошқа давлатлар марказий банклари техник кўмагини жалб этиш орқали илғор хорижий тажрибани ўрганиш.
Тўлқин Бобакулов
Тошкент молия институти “Банк иши”
кафедраси профессори, и.ф.д.
Изоҳ қолдириш