Ўзбекистонда икки йил ичида кўчмас мулк бозорида энг юқори ўсиш кузатилди

Ўзбекистонда икки йил ичида кўчмас мулк бозорида энг юқори ўсиш кузатилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорида юз берган ўзгаришлар таҳлилини тақдим этди.

Жорий йилнинг июль ойида, уй-жой олди-сотди шартномалари сони 26 мингтадан ошиб, июнь ойига нисбатан 25 фоизга кўпдир. Бу сўнгги даврларда кузатилган энг йирик ойлик ўсиш кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.

Ҳудудий динамика

Июль ойида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида уй-жой бозорида фаоллик ошгани кузатилди.

Фаолликнинг энг сезиларли ўсиши Сурхондарё (41%), Сирдарё (35,3%) ва Қашқадарё (33,7%) вилоятларида қайд этилди.

Тошкент шаҳрида уй-жой бозори фаоллиги 24,6%га ўсди.

Иккилламчи уй-жой бозори

Июль ойида Ўзбекистонда иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача бозор қиймати ўсиш суръати тезлашди. Июнь ойида ўртача 0,3% ўсишдан сўнг, июль ойида ўсиш 1,7%ни ташкил этди. Йиллик ҳисобда эса нархлар 3,3%га ошди.

Ҳудудлар кесимида ўтган йилнинг июль ойидан буён уй-жой нархларида сезиларли ўсиши Жиззах (15,2%), Сурхондарё (14,1%) ва Хоразм (9,6%) вилоятларида кузатилди.

Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк бозоридаги вазият

Июль ойида Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида йиллик пасайиш тенденцияси сақланган ҳолда, нархларда ўртача ўсиш қайд этилди.

Ой давомида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 0,8%га ошди. Йиллик ҳисобда ўтган йилнинг июль ойига нисбатан иккиламчи уй-жой нархлари 3,2%га, бирламчи уй-жойлар нархи эса 0,9%га пасайган.

Иккиламчи уй-жойларнинг энг катта пасайиши Мирзо Улуғбек (-8,2%), Яшнобод (-4,5%) ва Юнусобод (-4,2%) туманларида кузатилди.

Бирламчи уй-жой нархларида энг сезиларли пасайиши Учтепа (-8,8%), Юнусобод (-6,7%) ва Шайхонтоҳур (-4,7%) туманларида қайд этилди.

Тошкент шаҳрида уй-жой ижара бозори

Июль ойида Тошкент шаҳрида ижара нархларида барқарорлик кузатилди. Ижара нархи барқарор сақланиб, бир квадрат метр учун 8 долларни ташкил этди.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10,3 доллар.

Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи 2,8%га пасайди. Энг сезиларли пасайиш Учтепа, Яшнобод ва Мирзо-Улуғбек туманларида қайд этилди.

Жалолиддин Усмонов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар