Марказий Банк, Cолиқ ва Божхона қўмиталари ҳамда Республика товар-хомашё биржаси томонидан тақдим этилган тезкор маълумотларга асосланиб, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилчилари ҳар ойда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама таҳлил қилиб боради.
Комплекс ёндошув турли иқтисодий тармоқларда тадбиркорлик фаолиятини ҳудудий даражада таҳлил қилиш, тадбиркорлик ривожланишидаги тенденция ва қонуниятларни баҳолаш, шунингдек, республика ҳар бир ҳудудининг иқтисодий динамикасига таъсир этувчи асосий омилларни аниқлаш имконини беради.
Мониторинг натижаларига кўра, 2025 йил июль ойида солиқ тушумлари 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 18,8 фоизга ўсиш билан ижобий динамикани намоён этди.
Ҳудудлар кесимида солиқ тушумлари динамикаси таҳлили қуйидаги тенденцияларни кўрсатди. Тошкент вилоятида энг юқори ўсиш қайд этилди — 49 фоиз. Навоий, Андижон ва Сирдарё вилоятларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди — мос равишда 37,9 фоиз, 36,3 фоиз ва 35,7 фоиз. Тошкент шаҳрида эса солиқ тушумлари 42,8 фоизга ошди.
Божхона тўловлари тушумлари 17,9 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш Сирдарё вилоятида қайд этилди ва 110,6 фоизни ташкил этди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида – 48 фоиз, Навоий вилоятида – 29,5 фоиз ҳамда Тошкент шаҳрида – 21,9 фоиз миқдорида ўсиш кузатилди.
Жорий йил июль ойида товарлар экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,6 фоизга ошди. Энг катта экспорт ўсиши Сурхондарё вилоятида (50,1 фоизга), Самарқанд вилоятида (36,4 фоизга), Сирдарё вилоятида (17,4 фоизга) ва Хоразм вилоятида (16,4 фоизга) кузатилди.
Айни даврда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 41,6 фоизга ўсди. Энг катта кредитлаш ўсиши Сирдарё вилоятида (77,1 фоиз), Навоий вилоятида (51,7 фоиз), Наманган вилоятида (49,4 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (51,1 фоиз) қайд этилди.
Июль ойида 47 660 та янги корхона ташкил этилди. Энг кўп янги ташкил этилган корхоналар Тошкент вилоятида (4 857), Хоразм вилоятида (4 274), Фарғона вилоятида (3 906) ва Тошкент шаҳар (10 790)да рўйхатдан ўтди.
Мазкур даврда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасидаги битимлар ҳажми 31,5 фоизга ошди. Биржада энг юқори фаолият Қашқадарё вилоятида (70 фоиз), Сурхондарё вилоятида (52 фоиз), Сирдарё вилоятида (51,6 фоиз) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (59,8 фоиз) қайд этилди.
Султонмурод Озодов
Иқтисодий тадқиқотлар ваислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш