Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистон хусусий секторининг диагностик тадқиқотини тақдим этди. Унда инвестицияларни жалб қилиш, экспортни кенгайтириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва янги иш ўринларини яратишнинг истиқболли йўналишлари белгилаб берилган.
2017 йилдан кейин бошланган иқтисодий ўзгаришлар тадбиркорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратди. Валюта ва савдо режимларини либераллаштириш, солиқ тизимини модернизация қилиш, хусусийлаштиришнинг дастлабки босқичлари ва виза режимини соддалаштириш ЯИМнинг ўртача йиллик ўсишини тахминан 5,6–6,0% даражасида сақлаб туришга хизмат қилди. 2017–2025 йилларда аҳоли жон бошига ЯИМ жорий долларларда 77%га ошди. «Ўзбекистон – 2030» стратегияси мамлакатнинг даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киришини, хусусий сектор улушини сезиларли даражада оширишни ва давлатнинг иқтисодиётдаги ролини янада трансформация қилишни назарда тутади.
2010–2025 йилларда қишлоқ хўжалигининг ЯИМдаги улуши 26,9%дан 17,3%га камайган бўлса, қайта ишлаш саноатининг улуши 21,2%дан 34%га, хизматлар соҳасининг улуши эса 39,9%дан 48,6%га ошди. Кейинги ўсиш захиралари меҳнат унумдорлигини ошириш, бизнеснинг молиялаштиришга кириш имкониятларини кенгайтириш, малакали кадрларни ривожлантириш ҳамда кичик ва ўрта корхоналар фаолиятини кенгайтириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ.
Хусусий сектор ҳаракатлантирувчи куч бўлган рақобатбардош моделга ўтиш мамлакат аҳолисининг ёш таркибини ҳисобга олганда алоҳида аҳамият касб этади – меҳнат ресурсларининг қарийб 60%ини 30 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этади. Бу янги ишлаб чиқаришлар, хизматлар ва тадбиркорлик ташаббусларини ривожлантириш учун катта инсон капитали салоҳиятини шакллантиради. Қўшимча имкониятлар капитал бозорларини, узоқ муддатли молиялаштиришни, ер ресурсларидан шаффоф фойдаланиш имкониятини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини рақамлаштиришни кенгайтириш билан боғлиқ.
Ислоҳотларнинг кейинги босқичида савдони янада очиқлаштириш ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши муҳим йўналишга айланади. Миллий қоидаларни халқаро меъёрлар билан уйғунлаштириш, тарифларни мақбуллаштириш, нотариф тўсиқларни қисқартириш ва ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимларни тузиш савдо харажатларини камайтириш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон компанияларининг минтақавий ва глобал қўшилган қиймат занжирларига интеграциясини тезлаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Учта устувор йўналиш
Жаҳон банки тадқиқотида мақсадли ислоҳотлар хусусий инвестицияларни жалб қилиш, экспортни ошириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва иш ўринларини яратиш бўйича энг катта самара бериши мумкин бўлган учта сектор ажратиб кўрсатилган:
- логистика — автомобиль юк ташувлари ва омбор хўжалиги;
- маданий ва табиатга йўналтирилган туризм;
- фармацевтика — дженерик дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш.
Логистика ва туризмда инвестицияларни жалб қилиш салоҳияти юқори, фармацевтикада эса ўрта даражада деб баҳоланган. Шу билан бирга, асосий чекловларни бартараф этиш имконияти ва иш ўринларини яратиш салоҳияти ҳар учала йўналишда ҳам юқори деб баҳоланган.
Логистика
Ўзбекистоннинг шаклланаётган Евроосиё транспорт йўлаклари бўйлаб жойлашгани замонавий логистика хизматларига барқарор талабни шакллантиради. 2030 йилга бориб Евроосиё савдосининг қайта йўналиши, саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши ва агроозиқ-овқат секторининг кенгайиши ҳисобига халқаро автомобиль юк оқимлари сезиларли даражада кўпайиши кутилмоқда.

Замонавий омбор инфратузилмасини ривожлантириш айниқса катта инвестиция салоҳиятига эга. А тоифали омборлар таклифи билан бозор талаби ўртасидаги тафовут 88% деб баҳоланмоқда. Бу логистика парклари, божхона омборлари, тақсимлаш марказлари ва совуқлик занжири объектларини қуриш учун кенг имкониятлар очади. 2020–2024 йилларда транспорт ва омбор хўжалигига капитал лойиҳалар бўйича эълон қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 5,3%и тўғри келган, бу хусусий капитални янада жалб қилиш учун сезиларли захира мавжудлигини кўрсатади.
Таклиф этилаётган ислоҳотларни амалга ошириш $950 млндан $1,05 млрдгача хусусий инвестицияларни жалб қилиш, 37–41 мингта тўғридан-тўғри ва қўшимча 60–67 мингта билвосита иш ўрни яратиш имконини бериши мумкин. Сертификатланган ташувчилар платформалари, мультимодал консолидация марказлари, замонавий омбор мажмуалари ва экспорт йўналишлари билан боғланган совуқлик занжирининг минтақавий марказлари истиқболли лойиҳалар сифатида қайд этилган.
Ушбу салоҳиятни рўёбга чиқариш учун касбий фаолият, хавфсизлик, суғурта ва лицензиялаш бўйича ягона талабларга эга сертификатланган ташувчилар тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
«Автомобиль транспорти тўғрисида»ги Қонунга кичик ташувчилар ва йирик, барқарор компаниялар ўртасида ихтиёрий транспорт кооперативлари ва қўшма корхоналар ташкил этишга тўғридан-тўғри рухсат берувчи нормаларни киритиш тавсия этилмоқда. Бу кичик операторларга ресурсларни бирлаштириш, хизматлар сифатини ошириш ва йирикроқ логистика лойиҳаларида иштирок этиш имконини беради.
«Дазвол» халқаро рухсатномаларини бериш жараёнини тўлиқ E-avto тизимига ўтказиб, уни ягона рақамли канал сифатида белгилаш тавсия этилмоқда. Шунингдек, рухсатномаларни тақсимлаш мезонлари, уларни бериш жадваллари, мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар ва аризаларни кўриб чиқиш муддатларининг очиқлигини таъминлаш таклиф қилинмоқда.
Тижорат ер участкаларини ажратиш ва қурилишга рухсат бериш жараёнларини рақамлаштириш, шунингдек, алоҳида келишувларни ягона интеграциялашган жараёнга бирлаштириш логистика лойиҳаларини тезроқ амалга ошириш, тартиб-таомиллар шаффофлигини ошириш ва транспорт-омбор хизматларининг янада замонавий ва ишончли бозорини шакллантириш имконини беради.
Инвестицияларни тезлаштириш учун қўшимча салоҳият тижорат ер участкаларини ажратиш ва қурилишга рухсат бериш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, шунингдек, ҳокимликлар орқали ўтиладиган тўртта алоҳида келишув босқичини ягона интеграциялашган жараёнга бирлаштириш билан боғлиқ.
Жаҳон банки баҳосига кўра, бундай чоралар логистика лойиҳаларини амалга оширишнинг амалдаги муддатларини дастлаб кўзда тутилган 6–9 ойга яқинлаштириш имконини беради, ҳозир эса улар кўп ҳолларда 12–24 ойгача чўзилмоқда. Бу тартиб-таомилларнинг олдиндан маълум ва аниқ бўлишини таъминлайди ҳамда янги логистика объектларини ишга туширишни тезлаштиради.
Туризм
Ўзбекистон жаҳон даражасидаги Ипак йўли маданий мероси, ЮНЕСКО объектлари ҳамда табиат ва саргузашт туризмини ривожлантириш учун катта имкониятларга эга.

2024 йилда туризмнинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси $5,1 млрдни ёки ЯИМнинг 4,7%ини ташкил этди. Сектор 842 мингдан ортиқ иш ўрнини таъминлади, бу умумий бандликнинг 6%ига тенг. Ташриф буюрувчилар сони 2016 йилдаги қарийб 1 млн нафардан 2025 йилда 11,7 млн нафаргача ошди. 2030 йилга бориб туристлар оқимини 20 млн нафарга етказиш мақсад қилинган.
Тармоқни ривожлантиришнинг кейинги босқичи кўпроқ харажат қиладиган туристларни жалб этиш, уларнинг мамлакатда қолиш муддатини узайтириш ҳамда сифатли маданий, табиий ва саргузашт туризми маҳсулотлари таклифини кенгайтириш билан боғлиқ.
Ер ижараси қоидаларини такомиллаштириш, инвесторлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва профессионал бошқарув моделларини жорий этиш хусусий бизнесга замонавий меҳмонхоналар, тарихий объектлар яқинидаги бинолардан мослаштирилган ҳолда қайта фойдаланиш лойиҳалари, табиий ва саргузашт йўналишлари, гидлар хизмати ҳамда хавфсизлик инфратузилмасини ривожлантириш имконини беради.
Меҳмонхона инфратузилмаси ва унга боғлиқ хизматларга хусусий инвестициялар салоҳияти $3,1–4,2 млрд, яратилиши мумкин бўлган иш ўринлари эса 120–180 мингта деб баҳоланмоқда. Маданий туризм 4 мингдан ортиқ тарихий ёдгорликка, табиий туризм эса мамлакатнинг хилма-хил ландшафтларига таяниши мумкин.
Тармоқни янада ривожлантириш учун туристик лойиҳаларга ер ижараси қоидаларини стандартлаштириш ва ер участкаларини эълон қилинган мезонлар ҳамда аниқ шартлар асосида рақобат йўли билан тақдим этиш таклиф қилинмоқда. Маданий мерос объектларини бошқаришда концессия ва профессионал моделларни жорий этиш уларни асраб-авайлашни сифатли туристик инфратузилмани ривожлантириш билан уйғунлаштириш имконини беради.
Хизматлар сифатини оширишга гидларни тайёрлаш дастурларини янгилаш, уларни сертификатлаш жараёни шаффофлигини ошириш ва мутахассисларнинг очиқ реестрини яратиш хизмат қилади. Табиий ҳудудларда навигация, асосий қулайликлар ва хавфсизлик воситаларини қамраб олган туристик маршрутлар инфратузилмасини ривожлантириш таклиф этилмоқда. Фаол туризмнинг айрим турлари учун халқаро амалиётга мувофиқ хавфсизлик ва малака стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда эълон қилиш тавсия этилмоқда.
Фармацевтика
Ўзбекистон фармацевтика бозори барқарор кенгайиб бормоқда. Унинг ҳажми 2021 йилда қарийб $2,15 млрд, 2022 йилда $2,13 млрд, 2023 йилда $2,20 млрд ва 2024 йилда $2,26 млрдни ташкил этди. Ушбу даврда сотувлар тахминан 5%га ошди.

Ўсишнинг салмоқли захираси миллий лаборатория базасини ривожлантириш, халқаро сифат стандартларини жорий этиш ва тартибга солиш жараёнларини рақамлаштириш билан боғлиқ. Ҳозирги вақтда 7–12 ой давом этадиган рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш янги дори воситаларини бозорга чиқаришни тезлаштириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.
Мақсадли ислоҳотлар ўрта муддатли истиқболда $44 млндан $188 млнгача хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва 4,7 мингдан 20,4 минггача малакали иш ўрни яратиш имконини бериши мумкин.
Марказий Осиёда фармацевтика маҳсулотларига, айниқса дженерик дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларга талабнинг ўсиши Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари учун қўшимча имкониятлар яратмоқда. Тартибга солиш тизимини халқаро меъёрлар билан уйғунлаштириш экспорт бозорларига киришни кенгайтириш, глобал ишлаб чиқарувчилар ва дистрибьюторлар билан ҳамкорликни рағбатлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг сифатли дженериклар етказиб берувчи минтақавий марказ сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.
Ҳисоботда миллий биоэквивалентлик лабораторияларини ташкил этиш ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талаблари билан уйғунлаштирилган техник қўлланмаларни тасдиқлаш тавсия этилган. Биоэквивалентлик тадқиқотларини янги ҳамда давлат томонидан харид қилинадиган дженериклар учун босқичма-босқич жорий этиш таклиф қилинмоқда.
GMP стандартларини PIC/S талабларига мувофиқлаштириш, айни пайтда фаол фармацевтик ингредиентлар бўйича ҳужжатлар назорати ва етказиб берувчиларни текширишни такомиллаштириш тавсия этилмоқда. Дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва «Асл белгиси» тизими орқали сериялаш жараёнларини бирлаштириш, аризаларни кўриб чиқишнинг мажбурий муддатларини белгилаш ва тартибга солиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш маҳсулотни тижоратлаштиришни тезлаштириш ҳамда инвесторлар учун жараёнларнинг олдиндан аниқлигини ошириш имконини беради.
Нутрицевтик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари учун озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи халқаро HACCP тизими тамойиллари бўйича сертификатлашни мажбурий қилиш таклиф этилмоқда.
Маълумот учун: HACCP (Hazard Analysis and Critical Control Points — хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва муҳим назорат нуқталари) — тайёр маҳсулотни шунчаки текшириш билан чекланмасдан, ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичида хавфларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этишга ёрдам берадиган халқаро тизимдир. У АҚШда астронавтлар учун хавфсиз озиқ-овқат тайёрлаш мақсадида ишлаб чиқилган, бугунги кунда эса ушбу ёндашув бутун дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигининг асосий стандартларидан бири сифатида қўлланилади.
Асосий хулоса
Жаҳон банки диагностикаси Ўзбекистонда тадбиркорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратилганини кўрсатади. Ислоҳотларнинг кейинги босқичи меҳнат унумдорлигини ошириш, рақобатни мустаҳкамлаш ва хусусий капитал учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилиши мумкин.
Логистика, туризм ва фармацевтикани ривожлантириш салмоқли инвестицияларни жалб қилиш, ўн минглаб иш ўринларини яратиш, экспортни кенгайтириш ва мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишида хусусий бизнес ролини кучайтириш имконини беради.
Изоҳ қолдириш