Тадбирда Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида етакчи таҳлил марказлари, тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ ташкилотлари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказидан сектор мудири Руслан Абатуров маъруза билан чиқиш қилди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистонни нафақат умумий чегара, тарихий ва маданий яқинлик бирлаштириб туради. Мамлакатлар ўртасида ўзаро савдо, саноат кооперацияси, қўшма инвестициялар ҳамда тадбиркорлар ва ҳудудларнинг бевосита алоқаларига асосланган умумий иқтисодий макон босқичма-босқич шаклланмоқда.
Савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши ҳақида гапирганда, эксперт ўзаро савдонинг барқарор ўсишига эътибор қаратди. 2016 йилга нисбатан унинг ҳажми 7 баравардан зиёдга ошди. Бунда Ўзбекистон экспорти 6 баравардан ортиқ, Қирғизистондан импорт эса 9 баравардан зиёдга ўсди. Шу тариқа, товар оқимлари ҳар икки йўналишда ҳам кенгаймоқда.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан ташқи савдо айланмаси қарийб 1,2 млрд долларга етди ва бир йилда 37 фоизга ошди. Ўзбекистоннинг Қирғизистонга экспорти 46,5 фоизга ўсиб, 771 млн долларни, импорт эса қарийб 23 фоизлик ўсишни намойиш этиб, 428 млн долларни ташкил этди.
Ижобий динамика 2026 йилда ҳам давом этди. Январь–май ойларида товар айланмаси 45,5 фоизга ўсиб, 469 млн долларга яқинлашди. Бунда Ўзбекистон экспорти 63 фоизга ўсиб, 771 млн долларни, Қирғизистондан импорт эса салкам 13 фоизга ўсиб, 428 млн долларни ташкил этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти таъкидлаганидек, охирги ўн йилда мамлакатлар тўпланиб қолган масалаларни ҳал қилишдан аниқ лойиҳаларни амалга оширишга ўтди. Чегара ғов эмас, балки боғловчи бўғинга, иқтисодиётларнинг бир-бирини тўлдириши эса янги имкониятлар манбаига айланмоқда.
Маърузада икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигининг иккинчи муҳим дрейвери бўлган инвестициявий ва саноат кооперациясига алоҳида эътибор қаратилди. Агар 2016 йилда Ўзбекистонда қирғиз капитали иштирокида атиги 49 та корхона фаолият юритган бўлса, 2025 йил якунига келиб уларнинг сони 7 бараварга кўпайиб, 344 тага етди. 2026 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра мамлакатда шу каби корхоналар сони 374 тани ташкил этди.
Хулоса ўрнида эксперт Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодий шерикликнинг мустаҳкам пойдеворини яратиб бўлганини таъкидлади. Набатдаги вазифа — миқдорий ўсишни сифатли ишлаб чиқариш интеграциясига айлантиришдан иборат.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар сектори
Изоҳ қолдириш