Иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича устувор вазифалар

Иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича устувор вазифалар

Йил бошидан мамлакат иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. Саноатда ўсиш 8 фоизни, хизматлар соҳасида 16,9 фоизни, қурилишда 13,8 фоизни, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоизни ташкил этди. Инвестициялар ҳажми $28 млрдга, экспорт эса $14,4 млрдга етди. «Fitch» ва «Moody’s» халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини оширди.

Аҳолиси 40 млнга етган мамлакатда турмуш сифатини янада яхшилаш учун иқтисодий ўсишни 9–10 фоиз даражасида таъминлаш зарурлиги қайд этилди. Тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларига мавжуд захираларни тўлиқ ишга солиш, ҳар бир лойиҳани амалга ошириш ва корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш топширилди.

Маҳаллаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Энг мураккаб 2 мингта маҳаллада «зарбдор қирқ кунлик» эълон қилинди. Ҳокимлар электр, газ ва сув таъминоти, йўлларни таъмирлаш, бандликни таъминлаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилиши учун шахсан жавобгар бўлади. Бандлик органлари фуқароларни талаб юқори бўлган касбларга манзилли ўқитиш, уларни ишга жойлаштириш ва даромадларини ошириш бўйича ишларни ташкил этади.

Йиғилишда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, 51 та вазирлик ва идора 322 та йўналиш бўйича молиявий санкциялар қўллаш ваколатига эга бўлиб, 2024–2026 йилларда жарималарнинг умумий ҳажми қарийб 3 трлн сўмни ташкил этди. Ортиқча бюрократик тартиб-таомиллар, жарималар, тўловлар ва йиғимларни қисқартириш, шунингдек, тадбиркорларга кўмаклашиш ва тушунтиришга қаратилган ёндашувни жорий этиш вазифаси қўйилди.

Стратегик корхоналар самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва энергетикадаги йўқотишларни камайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Электр энергияси ва табиий газ тақсимотини яхшилаш, йирик компанияларнинг бозор қийматини ошириш, уларни IPOга тайёрлашни жадаллаштириш ҳамда инвестициявий жозибадорлигини кучайтириш топширилди.

Фаолияти тўхтаб қолган корхоналар ишини тиклаш бўйича чоралар белгиланди. Тўқимачилик тармоғида ишга солинмаган қувватлар туфайли 5 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва $400 млнлик экспорт имконияти бой берилмоқда. Масъулларга ҳар бир фаолият юритмаётган корхонадаги вазиятни таҳлил қилиб, ишлаб чиқаришни қайта тиклаш чораларини кўриш топширилди.

Янги хусусийлаштириш дастури доирасида умумий қиймати 100 трлн сўм бўлган кўчмас мулк объектлари, ер участкалари ва давлат улушлари савдога чиқарилади. Давлат активларини сотиб олувчи тадбиркорлар учун тўлов шартларини енгиллаштириш назарда тутилмоқда.

Экспортни кенгайтиришга ҳам урғу берилди. Сўнгги уч йилда қиймати $11 млрд бўлган 509 та экспортбоп ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди, аммо уларнинг 208 таси ҳали ташқи бозорларга чиқмаган. Ушбу корхоналар маҳсулотининг атиги 30–40 фоизи экспортга йўналтирилса, қўшимча $1,5–2 млрд валюта тушумини таъминлаш мумкин. Корхоналар ва махсус иқтисодий зоналарга сертификатлаш, айланма маблағлар, бозор топиш ва логистика масалаларида кўмак кўрсатувчи тезкор гуруҳлар тузилади.

Миллий брендларни хорижда илгари суриш, уларни демпинг ва контрафакт маҳсулотлардан ҳимоя қилиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди. Шунингдек, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, қўшимча ҳаракатланувчи таркиб жалб қилиш ва Жаҳон банкининг $200 млн маблағини жалб этиш бўйича чоралар кўрилади.

Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида чорвачиликни қўллаб-қувватлаш, мева-сабзавот ва картошка захираларини шакллантириш вазифалари белгиланди. Йил охиригача 100 минг бош қорамол, 150 минг бош қўй ва эчки импорт қилиш, шунингдек, умумий сиғими 87 минг тонна бўлган 340 та совуткичли омборни ишга тушириш режалаштирилган.

Жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқлик сақланиб қолаётганини ҳисобга олган ҳолда, 15 августга қадар тармоқ ва ҳудудларга бириктирилган «ақл марказлари» билан биргаликда илмий асосланган таклифлар тайёрланади. Улар «ресурс — инфратузилма — лойиҳа — ишлаб чиқариш — бюджетга тушум — экспорт» занжирини тўлиқ қамраб олади. Шу асосда 2027 йил учун макроиқтисодий параметрлар, бюджет, инвестиция ва экспорт дастурлари мобилизацион сценарий асосида шакллантирилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар