Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида самарали сиёсатни амалга ошириш истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимининг таркибий қисми бўлган давлат бошқарув органлари, тадбиркорлик субъектлари ва жамоат ташкилотларининг ривожланишига ҳамда улар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг мавжудлигига чамбарчас боғлиқ. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини яратиш давлатнинг ички сиёсати ҳисобланиб, кўплаб омиллар, шу жумладан, ҳуқуқий ривожланиш, ижтимоий-иқтисодий ҳолат, урф-одатлар ва ҳуқуқий маданият даражаси муҳим аҳамият касб этади[1].
Қайси давлатда бўлишидан қатъий назар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваколатли бўлган органларнинг асосий мақсадлари ва вазифалари:
- мамлакатда хавфсиз истеъмол муҳитини яратиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бунинг учун соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;
- истеъмолчилик маданиятини ошириш, сифатли товарлар ва хизматлар бозори яратилишини рағбатлантириш, истеъмолчиларга ишлаб чиқарилаётган ва таклиф этилаётган товарлар ва хизматлар сифати тўғрисида объектив маълумотларни тарқатишдан иборат.
Дунёда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашни таъминлайдиган турли хил тизимлар мавжуд, улар бир-биридан ҳукумат таркибидалиги ва автоном субъект эканлиги билан фарқланади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органларининг жамоат тузилмаси сифатида фаолият юритиши аҳолининг эътиборини жалб қилиш имконини беради, истеъмолчилар билан алоқаларни ўрнатишни таъминлайди. Бундай амалиёт истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсатига бевосита таъсир қиладиган шароитларни яратишга имкон яратади. Бироқ, бошқа томондан, кенг ваколатларга эга давлат органининг расмий мақоми, унга юқори нуфуз беради ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона сиёсатни амалга оширади. Таъкидлаш жоизки, аксарият ривожланган ва ривожланиб бораётган давлатларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона сиёсат олиб борилишида давлат органларининг ўрни юқоридир.
Хориж давлатлари амалиётига назар ташлар эканмиз, турли давлат муассасалари кўринишидаги ваколатли давлат органларининг фаолият юритишига гувоҳ бўлишимиз мумкин, жумладан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат ваколатли органлари Савдо вазирлиги ҳузурида, Бош вазир девони таркибидаги бўлимлар кўринишида ёки алоҳида идора ва баъзи ҳолларда Истеъмолчилар ишлари вазирлиги каби давлат органлари сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Аксарият ҳолларда, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифаси бир неча соҳаларни тартибга солувчи вазирликларга тегишли, масалан, Aвстрияда хотин-қизлар фаолияти вазирига, Aвстралияда илм-фан ва туризм вазири ваколатлари доирасига, Норвегияда эса болалар ва оила фаолияти вазирига қарашли. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Европа комиссарлари ҳам ушбу фаолиятни кўплаб қўшимча соҳалар билан биргаликда олиб боришади.
Давлат органи ва вазирлик ўртасидаги фарқ қарорларни мустақил ва тезкор қабул қилиш ҳамда жамоатчилик билан ишлаш объективлиги ва тезкорлигини ошириш нуқтаи назаридан муҳим бўлиши мумкин. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муассасалари вазирликлар таркибида бўлган тақдирда ҳам, уларнинг фаолияти аста-секин мустақил орган сифатида истеъмолчилар эътиборини тортиши мумкин.
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимининг яна бир модели мавжудки, унда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг барча соҳаларини қамраб олади, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳукумат органлари энергетика, телекоммуникация ва қишлоқ хўжалиги масалалари билан шуғулланувчи тармоқ вазирликларида муайян ваколатларга эга бўлади.
Кўплаб давлатларнинг конституциясида истеъмолчи ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилинишини кафолатланган. Яъни, давлат, ўз фуқароларини сифатли ва хавфсиз товарлар, хизматлар ва иш жойлари билан таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солиши белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ва халқаро тажрибага асосланиб, шуни айтиш мумкинки, айнан истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданияти юқори бўлган ривожланган давлатларда жамоат ташкилотларининг роли сезиларли даражада юқори ва истеъмолчилар ўзларини мустақил ҳимоя қила олади. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ташкилотларининг тўлақонли тизимини яратиш учун ҳар қандай давлат истеъмол бозорининг барча соҳаларини қамраб оладиган ҳуқуқий базага эга бўлиши, тўғридан-тўғри таъсирли қонунларни қабул қилиниши ва мамлакат аҳолисининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун шароит яратилиши керак.
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданияти нисбатан паст бўлган давлатларда истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида суд амалиёти мавжуд етарли даражада эмас, бу эса ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига мурожаат қилган фуқаролар сонининг ошишига олиб келади. Шу сабабли, дастлабки босқичда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги жамоат ташкилотлари тизимини ривожланиши учун давлатнинг иштирок этиши муҳим. Кейинги босқичларда истеъмолчилар ҳуқуқий саводхонлиги ошиб боргани сари, жамоат ташкилотлари сонининг кўпайиши ҳам кузатилади.
Қуйида давлат органларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги иштироки юқори бўлган хорижий мамлакатлар тажрибасини кўриб чиқамиз.
АҚШ. АҚШда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги энг таниқли ва фаол орган бўлиб, Федерал савдо комиссияси (Federal Trade Commission) ҳисобланади. ФСК ҳузурида Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бюро (Bureau of Consumer Protection) иш юритади. Бюронинг асосий мақсади бизнесни адолатсиз, ноҳақ ва фирибгарлик йўли билан юритишни олдини олишдан иборат. Бюро шунингдек, маълумотларни ҳимоя қилиш, сохта реклама ва шахсий маълумотларни ўғирлаш билан боғлиқ муаммолар бўйича истеъмолчилар мурожаатларини қабул қилади. 2009 йилда ФСК таркибида Истеъмолчиларни молиявий ҳимоя қилиш бюроси (Consumer Financial Protection Bureau) ҳам ташкил этилди. Ушбу Бюронинг асосий вазифаларидан бири қоидалар ёзиш, компанияларни назорат қилиш ва қонун ҳужжатларига амал қилинишини таъминлаш орқали адолатсиз, чалғитувчи ёки ҳақоратли хатти-ҳаракатлар ва амалиётни бартараф этишдан иборат.[2]
Германия. Германияда 2013 йилдан Германия Республикаси Федерал адлия ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазирлиги (Bundesministerium der Justiz und für Verbraucherschutz) истеъмолчилик муносабатларига масъул ҳисобланади. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсати истеъмолчилар учун ишончли ва ўз-ўзини тартибга солувчи механизмлар яратишга қаратилган. Федерал вазирлик умуммиллий истеъмол ташкилотларига кўмак беришга жавоб беради ва Consumer Research Network (Истеъмолчиларни ўрганиш тармоғи) орқали ўз мустақил ўрганишларини олиб боради. Таъкидлаш жоизки, Германия иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш вазирликларида истеъмолчилар билан боғлиқ муаммолар бўйича истеъмолчилар соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларни ишлаб чиқишда ёрдам берадиган махсус бўлимлар мавжуд.[3]
Буюк Британия. 2013 йилда ташкил этилган Рақобат ва бозорларни тартибга солиш бошқармаси (The Competition and Markets Authority) Буюк Британиянинг рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир асосий органи ҳисобланади. Бошқарма Англияда ва қиролликнинг бошқа ҳудудларида истеъмолчилар манфаати йўлида рақобат муҳитини шакллантиришга ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш устида ишлар олиб боради. Асосий мақсад барча диққат эътиборни бозорларни истеъмолчилар, корхоналар ва иқтисодиёт манфаатлари йўлида хизмат қилишига қаратишни таъминлашдан иборат. Рақобат ва бозорларни тартибга солиш бошқармаси қонунларга риоя этилишини ва тўғри тушунилишини таъминлаш ва ҳамда истеъмолчиларга тўғри танловни амалга ошириш имкониятини тақдим этиш мақсадида бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Бошқарма кам таъминланган истеъмолчиларни ҳимоя қилиш, бозорларга ишончни ошириш, иқтисодий ўсиш ва ишлаб чиқариш маҳсулдорлигини қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан Буюк Британия иқтисодий ҳаётининг маркази бўлиб ҳисобланади.[4]
Саудия Арабистони. Ушбу мамлакатда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини Саудия Арабистони Савдо вазирлиги ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги амалга оширади (Consumer Protection Agency at Ministry of Commerce). Агентлик истеъмолчиларни фирибгарликдан, алдовдан ҳамда реклама қилишнинг таъқиқланган усулларидан, ноҳалол рақобатдан ҳимоя қилади, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш учун товарлар ва хизматлар устидан назоратни амалга оширади, истеъмолчилик саводхонлигини ошириш ва товарлар сифатини яхшилаш ҳисобига миллий иқтисодиётни мустаҳкамлаш ҳам ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Савдо вазирининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича ўринбосари Агентлик раҳбари сифатида фаолият юритади ва истеъмолчиларга тааллуқли норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалда қўллаш, шунингдек, истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш учун ва зарурий қарорларни қабул қилиш учун тегишли вазирлик ва муассасалар билан ҳамкорликни амалга оширади.[5]
Сингапур. Сингапур рақобат ва истеъмолчилар масалалари бўйича комиссияси (Competition and Consumer Commission of Singapore) давлат бошқарув агентлиги ҳисобланиб, унинг асосий вазифалари сифатида бозорлар адолатли фаолият юритишини рағбатлантириш ҳамда истеъмолчи ва тадбиркорлик субъектлари учун тенг имкониятлар яратилишини таъминлаш ҳисобланади. Комиссия истеъмолчилардан тўғридан-тўғри мурожаатларни қабул қилмайди, бу вазифани бошқа нодавлат ташкилотлар амалга оширади. Бироқ Комиссия истеъмолчиларга адолатсиз муносабатда бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан қонуний чора қўллаш ваколатига эга ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу давлат органи истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини олиб боради, шунингдек истеъмолчилар билимини ошириш мақсадида кўплаб ахборот материалларини тайёрлайди.[6]
Россия Федерация. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) нафақат истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, балки эпидемиологик ва санитария назорати учун ҳам масъул орган ҳисобланади. Роспотребнадзор истеъмолчилар барча гуруҳлари хавфсизлигини ва фаровонлигини таъминлашга комплекс ёндошувчи орган ҳисобланади. Бундан ташқари, Роспотребнадзор истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини мувофиқлаштиради ва ушбу соҳада устувор йўналишларни белгилаб беради. Таъкидлаш лозимки, Роспотребнадзор мувофиқлаштириш сиёсати истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат органлари ва бошқа ташкилотларга жорий муаммоларга ўз эътиборини қаратишга ва уларни ҳал қилишда янада самарали ҳаракат қилишга имкон яратади.[7]
Қозоғистон. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Қозоғистонда ҳам фаол ривожланмоқда. Охирги йилларда, мамлакатда ушбу соҳа билан боғлиқ бўлган бир қатор ўзгаришлар юз берди. Демак, 2019 йилда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича функциялар ва ваколатлар Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирлигидан Савдо ва интеграция вазирлигига топширилиб, унинг ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ташкил этилди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги яхлит ва самарали давлат сиёсатини таъминлаш мақсадида давлат органлари фаолиятини тармоқлар бўйича мувофиқлаштириш Қўмитанинг асосий вазифаси сифатида белгиланди. Қўмита истеъмолчилар ҳуқуқий ҳимоясини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва соҳага таъсирини баҳолаш бўйича ишлар олиб боради.[8]
Нилуфар Бобожонова
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги етакчи мутахассиси
[1] eurasiancommission.org/ru/act/texnreg/depsanmer/consumer_rights/Documents/Обзор_итог.pdf
[2] www.ftc.gov
[3] www.bmjv.de
[4] www.gov.uk/government/organisations/competition-an...
[5] mci.gov.sa
[6] www.cccs.gov.sg
[7] www.rospotrebnadzor.ru
[8] www.gov.kz/memleket/entities/mti/about
Изоҳ қолдириш